04.11.2014

ЎЗХДП ИЖТИМОИЙ БАРҚАРОРЛИК ТАРАФДОРИ

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Шарбат Абдуллаева билан суҳбат.

— Мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар ва сиёсий модернизация жараёнларининг самараси кўп жиҳатдан фуқароларнинг ҳуқуқий билими, ижтимоий-сиё­сий фаоллигига боғлиқ. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан ўтган беш йилда қандай ишлар амалга оширилди?

Ҳақиқатдан ҳам ислоҳотлар моҳиятини фуқаролар қанчалик чуқур тушуниб етса, уларни амалга ошириш жараёнида шунчалик фаол иштирок этади. Шунингдек, партиямиз илгари сураётган ғоялардан одамларнинг хабардорлик даражаси қанчалик юқори бўлса, бизни қўллаб-қувватловчилар, хайрихоҳларимиз ҳам шунчалик кўп бўлади. Ана шу мақсадларни кўзлаб партиямиз Марказий Кенгашидан тортиб йирик бошланғич партия ташкилотларигача сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимида ўқувлар йўлга қўйилган.

Бундай ўқувлар дастлаб партия Марказий Кенгаши томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари, партия Марказий Кенгаши масъуллари ва экспертлари, Тошкент шаҳар ва вилоятлардаги партия фаоллари учун ташкил этилди. Жумладан, 76 та сиёсий машғулотда, жами 8726 нафар тинг­ловчи қатнашди.

Шундан сўнг партиянинг Қорақалпоғистон республика, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари сайланма органлари аъзолари, экспертлари, тар­ғиботчилари, туман, шаҳар партия кенгашлари раислари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига ЎзХДПдан сайланган депутатлар учун 945 марта сиёсий ўқув-машғулотлари ўтказилди. Бундай тадбирлар туманларда ва бошлан­ғич партия ташкилотларида тизимли равишда ташкил этилди.

Аҳамиятли жиҳати, мазкур тўрт босқичли машғулотларда партиямиз дастурий мақсадларини тарғиб қилишга, мамлакатимизда амалга оширилаётган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга, шунинг­дек, мамлакатни модернизациялаш ва янгилаш жараёнларида электорат манфаатларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди.

Маълумки, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти барпо этишга қаратилган. Кейинги пайтда қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳиятига эътибор қаратадиган бўлсак, уларда ижтимоий масалалар устувор аҳамият касб этаётганини кузатиш мумкин. Бизнинг партия айнан ана шу мақсадларга эришиш учун курашаяпти. Шунинг учун сиёсий ўқувларда нафақат партия дастурий мақсадлари тарғиботига ўрин берилаяпти, балки ижтимоий масалаларни қамраб олган қонунчилик асослари ҳам кенг тушунтирилмоқда.

Бундан ташқари, мамлакатимизда жорий йилда бўлиб ўтадиган сайловлар муносабати билан сайловга тайёргарлик кўриш, аҳолининг сайлов қонунчилиги бўйича билимларини ошириш масаласига қаратилган тадбирлар уюштирилди. Айниқса, сайлов маданиятини шакллантиришга қаратилган масалалар кенг муҳокама этилди. Пар­тиялараро кураш жараёнида қўлланиладиган сиёсий технологиялар юзасидан мутахассислар билан савол-жавоблар ўтказилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, сиёсий ўқувларимиз самарасини ошириш, уларни қизиқарли тарзда ташкил этишда партиямиз тизимида тарғиботчилар гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилди. Мамлакатимизда ўтган вақт ичида қўлга киритилган ютуқларни партиямиз электорати орасида кенг тарғиб қилиш, демократик янгиланишлар мазмун-моҳиятини, ЎзХДП илгари сураётган ғояларнинг афзалликларини тушунтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу пайтга қадар партиянинг 2500 дан ортиқ фаол аъзоси тар­ғиботчилар гуруҳлари таркибига киритилди. Улар томонидан ўтказилаётган давра суҳбати ва семинарларда, шунинг­дек, ёш­ларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимини ошириш, уларни глобаллашув жараёнидаги ғоявий ва ахборот ҳуружларидан ҳи­моя­лаш, «оммавий маданият»нинг салбий оқибатларидан огоҳ этиш билан боғлиқ мавзулар муҳокама этилмоқда.

— Ҳар бир сиёсий партия жамиятда мустаҳкам ўрин эгаллаш, одамлар ишончини кўпроқ қозониш учун ҳаракат қилади. Албатта, таъкидлаганингиздек, бу жараёнда партия аъзоларининг сиёсий-ҳуқуқий онги, тафаккурини юксалтириш, ижтимоий-сиёсий жараёнларда иштирокини кучайтириш, фаол фуқаролик позициясини шакллантириш муҳим аҳамиятга эга. ЎзХДП тизимида ташкил этилган ахборот-маърифат хоналари фаолияти ушбу мақсадларга эришишда қандай ўрин тутмоқда?

Тажриба кўрсатмоқдаки, сиёсий партиянинг салоҳияти, аввало, унинг ходимлари ва аъзоларининг сиёсий-ҳуқуқий маданиятига боғлиқ. Ушбу жараёнда ахборот-маърифат хоналари ёки бурчакларининг аҳамияти катта бўлмоқда. Чунки ахборот-маърифат хоналарида партия Сайловолди дастуридан бошлаб, партиянинг олий ва юқори органлари қабул қилган ҳужжатлар, ижтимоий-сиёсий адабиётлар, услубий қўлланмалар ва матбуот нашрлари, жумладан, барча сиёсий партиялар газеталари бўлади. Партия ходимлари ёки янги аъзолар ахборот-маърифат хоналаридан мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига оид янгиликлар, сиёсий партиялар фаолияти ҳақида кенг ахборот олиши мумкин.

Бугунги кунга келиб минтақавий, туман ва шаҳар партия кенгашлари ҳузурида ахборот-маърифат хоналари ёки бурчаклари фаолиятини йўлга қўйиш, уларни компьютер техникаси билан жиҳозлаш, компьютерларни интернетга улаш, адабиётлар базасини кенгайтириш масалаларига катта эътибор берилмоқда.

Энг муҳими эса ахборот-маърифат хоналари сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимидаги ўқувларни, тарғиботчилар фаолиятини методик ва услубий жиҳатдан таъминлаш базаси бўлиб хизмат қилмоқда.

— Ўзбекистон Халқ демократик партияси ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисо­диёти тарафдори эканини қатъий ва изчил маълум қилиб келмоқда. Бунда меҳнатга қобилиятли кишилар иш билан банд­лигини таъминлаш ҳамда жисмоний имконияти чекланган инсонларни мақсадли ижтимоий ҳи­моялашнинг самарадорлигини ошириш лозим, деб ҳисоблайди. Мамлакатимизда сайлов кампанияси қизғин тус олиб бораётган бугунги кунда табиийки, сайловчини партиянинг бу борадаги ташаббуслари қизиқтиради...

Бозор муносабатларига ўтиш жараёнида жамиятда ижтимоий барқарорликни таъминлаш долзарб масала ҳисобланади. ЎзХДП бунда алоҳида қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд кишилар манфаатини ҳимоя қилиш, уларнинг жамиятда ўз ўрнини топиб, оиласи фаровонлиги ошишига кўмаклашиш, бир сўз билан айтганда, аҳолининг манзилли ижтимоий ҳимоя қилинишига эришиш жуда муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисоблайди.

Шундан келиб чиқиб, ўтган даврда партиямиз жамият ва давлатнинг алоҳида қўллаб-қувватлашига эҳтиёжманд аҳоли қатлами манфаатларини ҳимоя қилишга асосий эътиборни қаратди. Хусусан, партия ташаббуси билан республикамизнинг барча ҳудудларида ижтимоий-иқтисодий анжуманлар ташкил этилди. Аҳамиятли жиҳати, мазкур тадбирлар аниқ мақсадга йўналтирилди ва бунинг натижасида ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, янги иш ўринлари очилишида ЎзХДП иштироки амалий жиҳатдан янада кучайди.

Масалан, 2011-2012 йиллар давомида ЎзХДП Марказий Кенгаши томонидан Марказий банк, «Микрокредитбанк» АТБ ҳамда қатор етакчи тижорат банклари, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилган «Микромолиявий хизматлардан фойдаланиш орқали янги иш ўринларини очиш ва электорат бандлигини таъминлаш» ло­йиҳаси асосида бошланғич капитални шакл­лантириш ҳамда касаначилик ва оилавий тадбиркорликни бошлаш мақсадида 1216 нафар электоратимиз вакили тижорат банкларининг имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатларини қўлга киритди. Кредитларнинг умумий қиймати 37,6 миллиард сўмни ташкил этди. Бунинг натижасида 2310 та янги иш ўрни яратилди.

Шу билан бирга, анжуманларда имконияти чекланган электорат вакиллари бизнес режа тузиш, кредит олиш ва ўз мустақил ишини бошлашига ёрдам бериш мақсадида уларга партия гуруҳлари бириктирилди.

Шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришда маҳалланинг ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётганидан келиб чиқиб, ЎзХДП Марказий Кенгаши «Маҳалла — аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази» лойиҳасини ишлаб чиқди ва мана беш йилдирки, ушбу ташаббусни муваффақиятли амалга ош­ир­моқда. Бу йўналишда фуқаролик жамияти инс­титутлари билан партиянинг ижтимоий шерикчилигини янада ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди.

Бу лойиҳадан кўзланган мақсад айнан электорат орасида ишлаш, унинг муаммоларини жойларнинг ўзида чуқур ўрганиш ҳамда уларга амалий жиҳатдан ечим топишдан иборат. Ўтказилган туркум давра суҳбатларида ўрганилган муаммолар ҳамда ижтимоий масалаларни ҳал этишга қаратилган таклифлар кейинги босқичлар — туман, вилоят, республика даражасида муҳокама этилди.

2010-2014 йиллар давомида лойиҳа бўйича 4110 та тадбир ўтказилиб, 227457 нафар электорат вакили қамраб олинди. Ушбу тадбирлар доирасида ташкил этилган кўчма Жамоатчилик қабулхоналарига 14470 та мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг 11786 таси ижобий ҳал этилди.

Бундан ташқари фуқаролардан тушган мурожаатлар жойида ўрганилиб, уларда кўтарилган муаммолар ечими халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари иштирокида 186 маротаба муҳокама қилинди. Вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сессиялари кун тартибига эса электорат манфаати билан боғлиқ 80 дан ортиқ масала олиб чиқилди.

Шунингдек, партия фаоллари минтақаларда жойлашган бозорлардаги озиқ-овқат маҳсулотлари, коммунал соҳага оид, табиий газ, ичимлик суви, иссиқ сув таъминоти ҳамда транспорт хизматлари кўрсатишнинг ҳолати, нарх-наво ҳамда тўловларнинг ойма-ой мониторинги юритилганда аниқланган сунъий ўсишлар бўйича тегишли идораларга таҳлилий маълумотлар киритиб борилди.

Бироқ, партиямиз дастурий мақсадларини янада кенг тар­ғиб қилиш, ғоя ва мафкурасидан келиб чиқиб, амалий ишларни кучайтириш масалаларида айрим минтақавий партия ташкилотлари ва гуруҳлари сусткашликка йўл қўйди. Баъзи жойларда электорат таклифи асосида маҳаллий Кенгашлардаги гуруҳларимиз йиғилишларида муҳокама этилган масалалар сессиялар кун тартибига киритилмасдан қолди, депутатларимизда қатъият етишмади. Албатта, буларнинг барчасидан ўзимизга хулосалар чиқариб олишимиз зарур.

Партиямизнинг эртага бўладиган қурултойида қабул қилинадиган Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларнинг аҳамиятини жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилишимиз керак бўлади. Одамлар ЎзХДП Дастурининг ҳаётийлиги, инсонпарварлик ғояларига йўғ­рилганидан қанча чуқур хабардор бўлса, тарафдорларимиз шунча кўпайди.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Лазиза ШЕРОВА

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.