Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
30.10.2014

Саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш йўлида

Президентимиз Ислом Каримовнинг ташаббуси билан Урганч шаҳрида 28-29 октябрь кунлари «Орол денгизи минтақасидаги экологик офат оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. 

Анжуманни ўтказишдан кўзланган мақсад жаҳон ҳамжамияти саъй-ҳаракатларини Оролбўйи минтақасида экологик ва ижтимоий-иқтисодий аҳволни яхшилашга қаратилган дастур ва лойиҳаларни амалга оширишга жалб этиш, ушбу экологик офатнинг салбий оқибатларини камайтириш учун халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришдан иборат. 

Унда БМТ, ШҲТ, Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий марказ, Ерости сув ресурсларини баҳолаш халқаро маркази, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Жаҳон банки, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, ОПЕК каби 24 нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар, молия институтлари вакиллари, Австрия, Венгрия, Германия, Испания, Хитой, Латвия, Малайзия, АҚШ, Франция, Швейцария, Жанубий Корея, Япония сингари 26 давлатдан экология, иқлим ўзгариши ва сув ресурсларини бошқариш соҳаси олим ва экспертлари иштирок этди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси раиси Ислом Каримовнинг халқаро конференция иштирокчиларига табригини Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.Азимов ўқиб эшиттирди.

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун ўз видеомурожаатида дунёдаги кенг кўламли антропоген ҳалокатлардан бири деб эътироф этилган ва миллионлаб аҳоли ҳамда атроф-муҳитга катта зарар етказаётган Оролбўйи минтақасидаги экологик бўҳрон муаммолари муҳокамасига бағишланган ушбу халқаро конференцияни ўтказиш муҳимлигини таъкидлади. 

Иштирокчиларга Орол денгизи ҳавзасида юзага келган мураккаб вазият билан боғлиқ муаммолар ва минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига бағишланган видеофильм намойиш этилди. 

ЮНЕСКО Бош директори Ирина Бокованинг анжуман қатнашчиларига йўллаган табригини ЮНЕСКО Бош директорининг ўринбосари, Осиё ва Тинч океани мамлакатларидаги илм-фан бўйича минтақавий ваколатхонаси директори Хуберт Гизен ўқиб эшиттирди. 

БМТ Бош котибининг ўринбосари Кристиан Фриис Бах, БМТ Тараққиёт дастури администраторининг ўринбосари Ойша Жаҳон Султоноглу, ЭСКАТО ижрочи котиби ўринбосари Шун-ичи Мурата, Осиё тараққиёт банкининг атроф-муҳит, табиий ресурслар ва қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича департаменти бошлиғи Акмал Сиддиқ, Ислом тараққиёт банкининг минтақавий ваколатхонаси раҳбари Ҳишам Маъруф ва бошқалар Орол инқирози ўзининг экологик-иқлим, ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар оқибатлари бўйича Марказий Осиё минтақасининг барқарор ривожланишига, ушбу ҳудуд аҳолисининг саломатлиги, генофонди ва келажагига бевосита хавф солаётганини таъкидлади. Экологик бўҳрон чегараси кенгайиб бораётган бир шароитда Орол муаммосини ҳал этишга жаҳон ҳамжамияти эътибори жалб этилмаса, янада кенг ҳалокатли тус олиши мумкин. 

Конференцияда Орол денгизи қуришининг асосий сабабларидан бири собиқ иттифоқ даврида табиий ресурслардан хўжасизларча, ўйламасдан фойдаланиш оқибати экани қайд этилди. 

Орол денгизининг Ғарбдан Шарққа эсадиган кучли ҳаво оқими йўлида жойлашгани ва бу аэрозолларнинг юқори атмосфера қатламларига кўтарилишига сабаб бўлаётгани атроф-муҳит ифлосланиши оқибатларини янада кучайтирмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов юксак минбарларда минтақа доирасидан аллақачон чиқиб улгурган Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш бўйича самарали чоралар кўриш муҳимлигини бир неча бор таъкидлаган эди. Хусусан, Ўзбекистон мустақилликка эришгач, Оролни қутқариш халқаро жамғармасини ташкил этиш ташаббускорларидан бири бўлди. Давлатимиз раҳбари ушбу масалани илк бор 1993 йил 28 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 48-сессиясида кўтариб чиққан ва жаҳон ҳамжамияти эътиборини Орол денгизи муаммосига қаратган эди. Бундан ташқари, Президентимиз 2000 йил 8 сентябрь куни БМТнинг Мингйиллик саммитида БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастури шафелигида Орол денгизи ва Оролбўйи муаммолари бўйича кенгашни ташкил қилиш ташаббусини илгари сурди. 

Оролбўйи минтақасидаги экологик аҳволни яхшилаш, экологик бўҳрон оқибатларини юмшатишда мамлакатимизда бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирлар муҳим ўрин тутаётир. Табиий ресурслардан фойдаланишни тартибга соладиган ва табиатни муҳофаза қилиш самарадорлигини оширишга қаратилган қонунлар қабул қилинди. Ўзбекистон ушбу соҳадаги асосий халқаро ҳужжатлар, чунончи, Трансчегаравий сув оқимлари ва халқаро кўлларни ҳимоя қилиш ва улардан фойдаланишга оид конвенцияга қўшилди. Сув ресурслари тақчиллиги ва чўлланиш муаммоларини ҳал этиш, сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш, ерларнинг шўрланиши ва емирилишига қарши курашиш, аҳолининг ичимлик сувидан фойдаланишини яхшилаш, минтақада тобора кучайиб бораётган экологик ва иқлим ўзгаришининг салбий таъсири билан боғлиқ касалликларни даволаш учун зарур инфратузилмани шакллантиришга йўналтирилган кенг кўламли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. 

Мисол учун, «Амударё дельтасида кичик кўллар барпо этиш» лойиҳаси дастлабки босқичининг амалга оширилиши бешта сув чиқариш иншооти, қирғоқни ҳимоя қиладиган 45 километрлик дамбалар қуриш, умумий майдони 70 минг гектар ва 810 миллион куб метр сиғимга эга бошқариладиган муҳандислик сув ҳавзалари бунёд этиш имконини берди. Сўнгги 15 йилда Амударё дельтасидаги 180 минг гектар майдонга сув чиқарилди ва кичик кўллар барпо этилди. Истиқболда ушбу кўллар умумий сув юзаси майдонини 230 минг гектаргача кенгайтириш мўлжалланган. 

Орол инқирози таъсир кўрсатган ҳудудларда 740 минг гектар, денгизнинг қуриган тубида 310 минг гектар майдонда ўрмонзорлар барпо этилди. 1997-2012 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларида замонавий амбулатория-поликлиника муассасалари фойдаланишга топширилди, 5,8 минг ўринга мўлжалланган тиббиёт муассасалари қурилди ва реконструкция қилинди, 840 қишлоқ врачлик пункти фаолият юритмоқда. Кўрилган чоралар самарасида Қорақалпоғистон Республикасида нуқсон билан туғилганлар сони 1997 йилга нисбатан 3,1 баробар, оналар ўлими 2, чақалоқлар ўлими эса 2,4 марта қисқарди. 

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 2008 йили Тошкентда БМТ кўмагида ўтказилган “Орол муаммолари, уларнинг аҳоли генофонди, ўсимлик ва ҳайвонот оламига таъсири ҳамда оқибатларини енгиллаштириш учун халқаро ҳамкорлик чора-тадбирлари" мавзусидаги халқаро конференция Оролбўйидаги экологик аҳволни яхшилашда муҳим роль ўйнади. Мазкур конференцияда ишлаб чиқилган Ҳаракат режаси 2011-2015 йилларда Орол денгизи ҳавзасидаги мамлакатларга ёрдам кўрсатиш бўйича учинчи дастурнинг асосини ташкил қилди. 

– Жаҳон банки ушбу дастурни амалга оширишда иштирок этмоқда, – деди Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Сарож Кумар Жа. – Дастур Орол денгизи ҳавзасида экология ва сув хўжалиги билан боғлиқ аҳволни яхшилаш, барқарор ривожланишга эришишга қаратилган. Жаҳон банки томонидан миллий ва минтақавий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган инвестициялар умумий миқдори бугун 1 миллиард АҚШ долларидан ошди. Мазкур халқаро конференция ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаш ва минтақадаги мавжуд экологик муаммоларни ҳал этишда барча манфаатдор томонлар саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш имконини беради. 

Анжуманнинг секция мажлисларида экологик оғир ҳудудларда яшаётган аҳолининг генофондини сақлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича қўшимча чоралар кўриш, Оролбўйи аҳолисининг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш учун зарур иқтисодий рағбат ва механизмларни жалб этиш, минтақада экотизим ва биохилма-хилликни қайта тиклаш масалалари муҳокама этилди. 

Иштирокчилар Урганч шаҳрида ушбу конференция юксак савияда ташкил этилганини юқори баҳолади ва тадбир Орол денгизи қуришининг оқибатларига қарши курашишда халқаро ҳамкорликни фаоллаштиришга хизмат қилишга ишонч билдирди. 

Халқаро конференциянинг якуний ҳужжати қабул қилинди. 

Меҳрибон Маметова, Сарвар Ўрмонов (сурат), ЎзА 


DB query error.
Please try later.