30.10.2014

САЙЛОВДА ЭРКИН ИШТИРОК ЭТИШ УЧУН

барча ташкилий шароитлар, ҳуқуқий асослар яратилган

Мамлакатимизда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш ишлари қизғин олиб борилаётган шу кунларда фуқароларимизни сайлов қонунчилигига оид турли саволлар қизиқтирмоқда. Таҳририятимизга келаётган хатларда ҳам сайлов билан боғлиқ саволлар оз эмас.

Мен бу йил 18 га тўлдим ва конституциявий ҳуқуқимдан фойдаланиб, сайловда биринчи марта овоз бераман. Очиғи, жуда ҳаяжондаман. Чунки энди менинг зиммамда эл-юрт манфаатига дахлдор масала юзасидан холис ва тўғри қарор қабул қилиш масъулияти бор. Шунинг учун мамлакатимиздаги сиёсий партиялар фаолиятини кузатиб бораяпман ва сайлов қонунчилигидаги янгиликлардан хабардор бўлишга интилаяп­ман.

Менга сайлов бюллетени ҳақида тўлиқроқ маълумот берсангиз...

Нодиржон Шукуров, Бухоро вилояти, Жондор тумани, Охших қишлоғи.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Аҳад Аҳмедов:

— «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги Қонуннинг 35-моддаси, «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги Қонуннинг 32-моддасида айнан сайлов бюллетенида нималар кўрсатилиши белгиланган. Унга асосан, сайлов бюллетенига депутатликка номзоднинг фамилияси, исми, отасининг исми алифбо тартибида киритилиб, унинг туғилган йили, эгаллаб турган лавозими (машғулотининг тури) ва уни депутатликка номзод этиб кўрсатган сиёсий партия ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи кўрсатилади. Сайлов бюллетенида уни тўлдириш тартиби тўғрисида тушунтириш берилади. Бюллетенлар давлат тилида, шунингдек, тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиясининг қарорига биноан сайлов округи аҳолисининг кўпчилиги муомала қиладиган тилларда нашр этилади.

Сайлов бюллетенининг ўнг томони юқори бурчагига участ­ка сайлов комиссиясининг икки аъзоси имзо қўяди, имзолар участка сайлов комиссиясининг муҳри билан тасдиқланади. Комиссия томонидан тасдиқланмаган сайлов бюллетенлари овозларни санаб чиқишда ҳисобга олинмайди.

Қонунчилигимизга киритилган ўзгартиш ва янгиланишларга асосан, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишдаги ошкоралик нималардан иборат бўлади?

Аҳмад Қурбонов, Сурхондарё вилояти, Қумқўрғон тумани, «Каттакўл» маҳалласи.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Ҳафиза Каримова:

— Айтиш жоизки, мамлакатимизда сайлов жараёнларини демократлаштириш ва уларни очиқ-ошкора ўтказиш учун барча зарур ташкилий-ҳуқуқий шароитлар яратилган. Масалан, сайлов қонунчилигига асосан сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни сайлов комиссиялари очиқ ва ошкора амалга оширади.

Сайлов комиссиялари фуқароларни ўз ишларидан, яъни сайлов округлари, участкалари тузилганлиги, сайлов комиссияларининг таркиби, уларнинг жойлашган ери ва иш вақтидан воқиф этади, сайловчиларнинг рўйхатлари, сайловда иштирок этаётган сиёсий партияларнинг рўйхати билан таништиради, Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар хусусида маълумотлар беради, овоз бериш ва сайлов якунларидан хабардор қилади.

Оммавий ахборот воситалари сайловга тайёргарликнинг бориши ва сайлов қандай ўтаётганлигини ёритиб боради.

Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек, сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан биттадан кузатувчи, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлардан кузатувчилар қатнашиш ҳуқуқига эгадир.

Сайлов жараёнларининг очиқлиги, ошкоралигини таъминлашда кузатувчиларнинг ўрни, ҳуқуқлари нималардан иборат?

Нигора Исакова, Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, «Янги шаҳар» маҳалласи. 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракция­си аъзоси Комила Каромова:

— Сайловга тайёргарлик кўриш, сайлов ўтгандан сўнг овозларни санаб чиқишда кузатувчининг алоҳида ўрни бор. Кузатувчилар округ ва участка сайлов комиссияларининг мажлисларида ва сайлов участкасида ҳозир бўлиши, тайёргарлик ишларининг боришини, овоз бериш учун сайлов қутиларининг жойлаштирилиши ва муҳрланишини, фуқароларга сайлов бюллетенларининг берилишини кузатиши керак. Кузатувчи овозларни санаб чиқишда ва участка сайлов комиссиясининг баённомаларини тузишда ҳозир бўлади. Бундан ташқари, кузатувчи сайлов натижалари тўғрисидаги ҳужжатларнинг тегишли сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган нусхаларини сўраш ва уларни олиш, агар сайлов участкасида қонун бузилишига йўл қўйилган, деб ҳисоблаш учун асос бўлса, ўз кузатувлари тўғрисида юқори сайлов комиссиясига маълум қилиш ҳуқуқига ҳам эга.

Шунингдек, қонунга мувофиқ, кузатувчиларга сайловчи сайлов бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтда яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида бўлиши, сайловчиларга таъсир ўтказиш, бирон-бир ташвиқот материали ёки адабиёти тар­қатиш, сайловчилардан улар кимни ёқлаб овоз берганликларини суриштириш ёки сайловчиларга сайлов бюллетенига белги қўйишда бирон-бир тарз­да ёрдам кўрсатиш, участка сайлов комиссиясининг фаолиятига аралашиш ман этилади. 

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Лазиза ШЕРОВА ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.