Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
30.10.2014

ҲАР БИР РАҚАМ ОРТИДА

одамлар манфаати бор

Ўтган ҳафта Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 2015 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳамда солиқ сиёсатининг асосий йўналишларини маъқуллаб, Сенатга юборди. Хўш, 2015 йил учун мўлжалланган Давлат бюджетининг ўзига хос хусусиятлари нималарда кўринади? Бу масалада Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг муносабати қандай?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари Улуғбек ­Вафоев мухбиримизнинг шу ва бошқа саволларига ­жавоб берди.

— Давлат бюджети мамлакатда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий сиёсатнинг асосий кўзгуси ҳисобланади. Ҳар бир давлатнинг бюджетига қараб, у ердаги ҳаёт даражаси, ислоҳотларга баҳо бериш мумкин.

Унутмаслигимиз керак, бугун жаҳонда глобал молиявий-иқтисодий инқироз ҳамон давом этмоқда, ҳатто ривожланган давлатларнинг ҳам иқтисодиёти жиддий муаммоларга дуч келмоқда. Жаҳондаги шундай таҳликали вазиятга қарамасдан, мамлакатимизда макроиқтисодий барқарорлик ҳамда иқтисодиётнинг юқори суръатларда бар­қарор ўсиши таъминлан­япти. Халқимизнинг турмуш даражасини янада кўтариш, одамларнинг ҳаётини енгиллаштириш мақсадида муҳим ишлар қилин­япти. Бу, парламентга тақдим этилган Давлат бюджети ва солиқ сиёсатининг асосий йўналишларида ҳам яққол кўринди.

Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилга мўлжалланган Давлат бюджетининг ўзига хос хусусиятлари ҳақида гапирганда, у, аввало, аҳолининг фаровонлиги ва турмуш даражасини оширишга қаратилганини алоҳида эътироф этиш жоиз.

— Сўнгги йилларда дунё мамлакатлари давлат бюджетини режалаштиришда, солиқ сиёсатини белгилашда иқтисодиётнинг барқарорлиги ва рақобатбардошлигини оширишга эътибор беряпти. Айрим мамлакатларда давлат бюджетини тўлдириш учун солиқ юкини кў­пайтириш масаласи кўта­рил­япти ва бу турли баҳс-му­но­зараларга сабаб бўл­моқда. Шу маънода Ўзбе­кис­тоннинг 2015 йилги солиқ сиёсатида қандай ўзгаришлар бўлади?

— Мамлакатимизда ҳар йили солиқ сиёсатини белгилашда фуқаролар, айниқса, кам даромадли фуқароларга солиқ юкини камайтиришга, иқтисодиётнинг турли тармоқларини солиқ имтиёзлари орқали қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор бериб келинмоқда.

Келгуси йилда ҳам солиқ сиёсатида фуқароларнинг даромадлари ва фаровонлигини оширишга қаратилган муҳим ўзгаришлар кутилмоқда. Мисол учун, микрофирмалар, кичик корхоналар ҳамда фермер хўжаликлари учун ягона ижтимоий тўлов ставкаси ҳозирги 25 фоиздан 15 фоизгача пасайтирилмоқда. Бу, корхоналарнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга, шу орқали қўшимча иш ўринлари яратиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади. Айни пайтда иш ҳақи фондига солиқ юкининг пасайтирилиши ишчи-ходимларга тўланаётган даромадларнинг легаллаштирилишини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Натижада меҳнат қилувчиларнинг ижтимоий муҳофазаси кафолатлари мустаҳкамланади. Бу партиямиз учун принципиал бўлган масалалардандир.

Фракциямиз аъзолари сайловчилар билан ўтказган учрашувларда энг кўп кўтарилган масалалардан бири ўз ишини энди бошлаган ёшларга вақтинчалик солиқ имтиёзлари бериш эди. Келгуси йил учун солиқ сиёсатининг асосий йўналишларини белгилашда шу масалага эътибор берилди. Яъни, касб-ҳунар коллежини тугатиб, ўз ишини йўлга қўйган ёшларимиз тегишли тартибда олти ойга солиқ тўлашдан озод этилиши назарда тутиляпти. Бу давлат рўйхатидан ўтиб, қонуний равишда иш юритадиган ёшлар кўпайиши, улар тезроқ оёққа туриб, бизнесини ривожлантиришига қулай шароит яратади.

Яна шуни ҳам таъкидлаш жоизки, хўжалик юритувчи субъектлар фойда солиғининг базавий ставкаси 8 фоиздан 7,5 фоизгача пасаймоқда. Бу уларнинг моддий-техника базани мустаҳкамлайди, қўшимча иш ўринлари яратиш имконини беради.

Шу билан бирга, ўртача иш ҳақидан паст ёки унга тенг миқдорда даромад олувчи жисмоний шахсларнинг даромади бўйича "0" даражали ставкани назарда тутувчи солиқ солишнинг тўрт поғонали шкаласи жорий этилмоқда. Бунинг маъноси шундаки, эндиликда кам даромад олган фуқаро олдингига қараганда камроқ солиқ тўлайди. Натижада партиямиз электорати ҳисобланмиш кам даромадли фуқароларга солиқ юки камаяди.

Умуман, келаси йил солиқ тўловлари бўйича яратилаётган турли имтиёзлар орқали, фуқаролар ва ўз ишини юритаётган ёшлар, микрофирма, кичик корхона ҳамда фермер хўжаликлари қўлида 1 триллион сўм­дан ортиқ маблағ қолиши режалаштирилмоқда. Бу одамларнинг ижтимоий ҳимоя­сини кучайтириш, турмуш фаровонлигини ошириш, тадбиркорлик фао­лия­тини ривожлантиришга ўзига хос улуш бўлиб қўшилади.

— Маълумки, Ўзбекистон Давлат бюджети харажатларининг катта қисмини ижтимоий соҳага йўналтиради. Келгуси йил аҳолига, иқтисодиётнинг турли тармоқларига қатор солиқ имтиёзлари ва енгилликлар бериляпти. Бу Давлат бюджетининг даромадлари камайишига, ўз навбатида, ижтимоий соҳа харажатларини молиялаштириш қисқаришига олиб келмайдими?

— Солиқ тўловларида катта имтиёзлар берилишига қарамасдан, 2015 йилги Давлат бюджети харажатларининг ижтимоий йўналтирилганлиги сақлаб қолинади. Бу борада хавотирга ўрин йўқ.

Бюджетнинг даромад қисмини солиқ юкини ошириш ҳисобидан эмас, балки иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши ҳамда солиқ тўловчилар кўпайиши орқали тўлдириш кўзда тутилмоқда. Таҳлилий ҳисоб-китоб натижалари буни асослайди.

Мазкур ҳолат мамлакатимиз иқтисодиёти ишончли ривожланаётганидан далолат беради. Шунинг учун Давлат бюджетида йилдан-йилга ижтимоий соҳага ажратилаётган маблағларнинг улуши ошиб бормоқда.

Мисол учун, 2015 йилда Давлат бюджети харажатларида ижтимоий соҳани ривожлантиришга 2014 йилга нисбатан 1,2 баробар кўп маблағ ажратиш кўзда тутилган. Бюджет харажатларининг асосий  қисми таълимни ривожлантириш, соғ­лиқни сақлашни яхшилаш, аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш каби мақсадларга йўналтирилади. Келгуси йил иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар миқдорини инфляция даражасидан юқори суръатларда ошириш режалаштирилган.

Ушбу чора-тадбирларнинг барчаси фуқароларимизнинг фаровонлигини оширишга, турмуш даражасини яхшилашга хизмат қилади.

— Давлат бюджети ҳамда солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари муҳокамалари бўйича Халқ демократик партияси фракцияси қандай таклифлар берди?

— 2015 йилги Давлат бюджети қабул қилингандан сўнг, унинг ижросини таъминлаш янги ҳуқуқий шароитда амалга оширилади. Чунки, жорий йилда Президентимизнинг ташаббуслари билан Конституциямизнинг айрим моддаларига шу борада ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, Конс­титуциямизнинг 78-моддасида Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг парламент назоратини амалга ошириш бўйича ваколатлари мустаҳкамланди. Шунингдек, Асосий Қонунимизнинг 103-моддасида вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларининг тегишли халқ депутатлари Кенгашларига ҳисобдорлиги кучайтирилди.

Ушбу ваколатлардан келиб чиқиб, фракциямиз Қонунчилик палатасининг қарори лойиҳасига Давлат бюджети ижросини таъминлаш бўйича депутатлик корпуси олдига аниқ вазифалар белгилаш таклифини берди.

Маълумки, Бюджет тизимида маблағларнинг шаклланиши, уларнинг манзилли ишлатилиши ўртасида мутаносибликни таъминлаш жуда мураккаб жараён. Ундаги кичик ноаниқлик ҳам катта ижтимоий-иқтисодий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Шунинг учун бу жараёнда мутасадди идоралар, депутатлар ҳамда фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлашга эришиш муҳим вазифа ҳисобланади.

Фаолиятимизда гувоҳи бўлмоқдамиз, айрим ҳолларда қабул қилинган қонунлар моҳияти ҳақида фуқаролар, ҳатто ижрочиларга ҳам тўлиқ тушунчага эга бўлмаяпти. Фикримизча, ҳар қандай қонун ёки меъёрнинг ижроси таъминланишида энг муҳим омил хабардорликдир. Давлат бюджетидаги ҳар бир рақам ортида пухта ўйланган сиёсат ва узоқни кўзлаган мақсад турибди. Уларнинг мазмун-моҳиятини одамларга етказиш керак. Демак, аҳолига Давлат бюджети ва солиқ сиёсати орқали яратиб берилаётган имкониятлар тўғрисида кенг тушунча беришимиз зарур. Пар­тия­миз бу борада керакли вазифаларни белгилаб олмоқда.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Тўлқин ТЎРАХОНОВ

суҳбатлашди.

 

 



DB query error.
Please try later.