30.10.2014

ТАЪЛИМ КРЕДИТИ

кимларга, қандай тартибда берилади

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Тижорат банк­лари инвестиция портфелини мониторинг қилиш департаменти директори Азамат ҚОСИМОВ билан суҳбат.

— Мамлакатимизда ёш­ларни таълим олиши учун кенг имкониятлар яратиш, уларни ижтимоий муҳофаза қилишни янада кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 26 июлда Олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари бериш тўғрисидаги қарори эълон қилинган, — дейди Азамат Қосимов. — Ушбу ҳужжатга асосан «Олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари бериш тўғрисидаги Низом» тасдиқланди. Унга кўра, республикамизда фаолият юритаётган барча тижорат банклари томонидан мамлакатимиз олий ўқув юрт­ларида тўлов-контракт асосида ўқиётганларга таълим кредитлари ажратиш белгилаб қўйилди.

— Таълим кредитини олиш учун қандай ҳужжатлар тақдим этиш керак?

— Таълим кредити олиш учун қарз олувчи банкка қуйи­даги ҳужжатларни тақдим этиши лозим:

а) таълим кредити олиш тўғрисида ариза;

б) талаба ва олий таълим муассасаси ўртасида тўлов-контракт асосида ўқиш ҳақида белгиланган тартибда расмийлаштирилган шарт­нома;

в) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан қарз олувчининг яшаш жойи тўғрисида маълумотнома;

г) кредит қайтарилиши таъминланиши тўғрисида ҳужжат;

д) имтиёзли таълим кредитлари олиш ҳуқуқига эга бўлган чин етимлар, Меҳрибонлик уйларида тарбияланганлар, болаликдан I ва II гуруҳ ногиронлари, кам таъминланган оилалар фар­занд­лари, тегишли тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этади.

Қарз олувчилар юқоридаги ҳужжатларни банкка тақдим этиш билан бир қаторда фуқаролик паспортини шахсан кўрсатади.

Қарз олувчига янада енгиллик бўлиши учун қуйидагилар ҳам кўзда тутилган.

—      мол-мулк ёки қимматли қоғозларни гаровга қўйиш;

—      банкнинг кафолати;

—      учинчи шахснинг кафиллиги;

—      суғурта компаниясининг қарз олувчи кредитни қайтара олмаслиги хавфи суғурта қилинганлиги тўғрисидаги суғурта полиси.

Юқоридагиларнинг бири тақдим этилгандан сўнг банк, қарз олувчи ва олий таълим муассасаси ўртасида кредит шартномаси тузилади. Ушбу белгиланган тартиб таълим кредити олишнинг энг ихчам, содда ва қулай йўли бўлиб, уни олишда ҳеч қандай қи­йинчилик туғилмайди.

— Таълим кредити кимларга берилади? Уни олганларга қандай имтиёзлар бор?

— Таълим кредити олий таълим муассасаларига тўлов-контракт асосида қабул қилинган, Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган талабаларнинг ўқиши учун ўзларига, уларнинг ота-оналарига ёки васийларига берилади.

Уларга бериладиган кредитлар имтиёзлидир. Унинг имтиёзга эгалиги, биринчидан, ушбу қарорнинг 3-бандида кўрсатилганидек, чин етимлар, Меҳрибонлик уйларида тарбияланганлар ҳамда болаликдан I ва II гуруҳ ногиронларига (ноль фоиз ставкаси) фоизсиз таълим кредитлари берилади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари эса кредит учун Марказий банкнинг амалдаги қайта молиялаш ставкасидан юқори бўлмаган фоизда ҳисобланган сумманинг фақат 50 фои­зини тўлайди. Қолган 50 фоизи эса Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари томонидан Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларидан тўланади.

Иккинчидан, шартнома суммасининг иккига бўлиб тўланиши натижасида тўланадиган фоизлар суммаси анча пасаяди.

Учинчидан, ушбу кредитларни қайтаришда имтиёзли давр мавжуд. Таълим кредитларини қайтариш талаба ўқишни тугаллаганидан уч ой ўтганидан сўнг бошланади. Ушбу имтиёзнинг аҳамияти шундан иборатки, тўлов-контракт асосида олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилинган талаба ёки унинг ота-онаси тўрт йилдан ортиқроқ муддатга олинган кредит бўйича асосий қарзни қайтаришдан озод бўлади.

Тўртинчидан, ушбу кредитларнинг узоқ муддатли эканлиги Олий таълим муассасасига, бакалавриатга қабул қилинган талабаларга таълим кредитлари 10 йил муддатга, магистратурага қабул қилинган талабаларга 5 йил муддатга берилади. Маълумки, ушбу муддатларда олинган кредитларнинг қайтарилиши оила бюджетига катта таъсир кўрсатмайди ва талабанинг ўзи ўз даромади асосида кредитни қайтариш имконига эга бўлади. Шу билан бирга талаба муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган даврда олинган таълим кредитларидан фойдалангани учун фоизлар ҳисобланмайди ва тўланмайди. Бу ҳам таълим кредитлари бўйича ёшларимиз учун яратилган имтиёз бўлиб, олинган кредитлар учун тўланадиган фоизлар суммасини камайтиришга қаратилган. Қолаверса, ёшларга ва уларнинг ота-оналарига янада енгилликлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 179-моддаси 31-банди иккинчи хатбошисига мувофиқ фуқароларнинг солиқ солинадиган иш ҳақи ва бош­қа даромадларининг мамлакатимиздаги олий ўқув юртларида таълим олишга йўналтириладиган суммаларига даромад солиғи солинмайди.

— Таълим кредити сўраган фуқаролар қанча муддат ичида уни олиши мумкин?

— Тижорат банклари қарз олувчи томонидан таълим кредити беришни сўраб банк­ка тақдим этилган ариза ва унга илова қилинган тўла ҳужжатлар тўпламини 10 кун мобайнида кўриб чиқиб, кредит шартномаси имзолангандан кейин, таълим кредити қарз олувчининг ссуда ҳисоб-рақамидан унинг шахсий ёзма топшириғи асосида олий таълим муассасасининг талаб қилиб олинадиган депозит ҳисоб-рақамига маблағ ўтказиш йўли билан берилади.

Маблағлар кредит шартномасида қайд этилган шарт­ларда, йиллик тўловнинг тўлиқ миқдорини тенг икки қисмга бўлиш йўли билан ўтказилади. Бунда янгидан қабул қилинган талабалар учун бошланғич тўлов ушбу йилнинг 1 октябригача, иккинчи ярим йиллик учун ке­йинги йилнинг 15 мартигача тўланади. Қолаверса, ўқишнинг иккинчи йилидан бошлаб, кредит тўловлар сентябрь ва мартнинг 5-кунидан кечиктирилмай тўланади.

— Кредит олган талаба  бирор сабаб билан талабалар сафидан чиқарилган тақдирда уни қандай қайтаради?

— Талаба ўқиш даври тугамасдан талабалар сафидан чиқарилса, таълим муассасаси раҳбарияти, ректорнинг буйруғи чиққан кундан бошлаб 10 иш куни мобайнида банкка хабар бериши керак. Қарз олувчи эса, уч ой муддатда таълим кредити ва унга қўшилган фоизларни тўлиқ қайтариши талаб этилади.

—      Хорижда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларга таълим кредити бериладими? Шунингдек, Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган хорижий давлатларнинг таълим муассасалари филиалларида таҳсил олаётган талабаларга ҳам таълим кредити ажратиладими?

— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 26 июлдаги 318-cонли қарорига асосан Олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари бериш тўғрисидаги Низомга мувофиқ тaълим кредитлари тижорат банклари томонидан Олий таълим муассасаларининг кундузги бўлимларига тўлов-контракт асосида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган талабаларнинг ўқиши учун талабаларнинг ўзларига, уларнинг ота-оналарига ёки васийларига берилади. Агарда фуқаро хорижда таҳсил олаётган бўлса, хорижий валютада берилган кредитни қайтаришни хорижий валютада амалга оширади. Шу билан бирга, амалдаги қонун ҳужжатларида кўзда тутилган ҳолларда қарз сўмдаги маблағларни ички валюта бозорида эркин алмаштириладиган валютага алмаштириш орқали тўланишига ҳам рухсат берилади.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг юқорида қайд этилган қарори ва Низомга мувофиқ хорижий давлатларнинг Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган таълим муассасаларида таҳсил олаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган талабаларга ҳам таълим кредитлари берилади.

— Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси тингловчилари ҳам таълим кредити олиши мумкинми?

— Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бош­қаруви академияси тингловчиларига амалдаги қонунчилик ҳужжатлари доирасида таълим кредитлар ажратилади. Олий ўқув юрти — олий таълимнинг ўқитиш дастурларини (бакалавриат ва магистратура) амалга оширувчи, Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ташкил этилган ҳамда ўз устави ва Олий таълим тўғрисидаги низом асосида фаолият юритувчи юридик шахсдир. Ўзбекистонда олий ўқув юртларининг қуйидаги турлари белгиланган: университет, академия, институт ҳамда уларга тенглаштирилган олий таълим муассасалари...

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, таълим кредити ўқиш истагида бўлган, лекин иқтисодий имконияти чекланган ёшларни давлат йўли билан қўллаб-қувватлаш, уларни ижтимоий муҳофаза қилиш, ҳаётда ўз ўринларини топишига кўмаклашиш мақсадида жорий қилинган. Ёшларимиз таълим кредити борасида тўлиқ маълумотга эга бўлишлари, бу борада ўз ҳуқуқ ва бурчларини англаб етишлари муҳим аҳамиятга эга.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

 



DB query error.
Please try later.