30.10.2014

“Орол денгизи минтақасидаги экологик офат оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш” мавзусидаги Халқаро конференция иштирокчиларига

Ҳурматли меҳмонлар! 

Муҳтарам конференция иштирокчилари! 

“Орол денгизи минтақасидаги экологик офат оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш” халқаро конференциясида иштирок этаётган Оролни қутқариш халқаро жамғармасига аъзо давлатлар делегацияларини, халқаро ташкилотлар ва молия институтлари, донор мамлакатлар ҳукуматлари, экология ташкилотлари, дипломатик корпус вакилларини, таниқли олим ва экспертларни қутлаш менга катта мамнуният бағишлайди. 

Мазкур форум Марказий Осиё минтақаси учун энг мураккаб муаммолардан бири – Орол денгизининг экологик ҳалокати ва ушбу офат оқибатида юзага келган аҳоли генофонди ва саломатлиги, турмуш шароити ва даражаси, Оролбўйининг ўсимлик ва ҳайвонот олами билан боғлиқ ўткир муаммоларни кўриб чиқишга бағишланган. 

Яқин-яқин вақтларгача Орол денгизи Марказий Осиё иқтисодиётини ривожлантириш, озиқ-овқат ишлаб чиқариш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва барқарор ижтимоий инфратузилмани шакллантиришда муҳим ўрин тутар эди. Оролбўйи сув ҳавзаларида йилига 35 минг тоннагача балиқ овланар, Амударё ва Сирдарё дельталаридаги унумдор ерлар, юқори самарали яйлов ва сув ҳавзалари миллионлаб одамларнинг чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида иш билан бандлигини таъминлар эди. 

Бироқ минтақадаги йирик дарёларда ўйламасдан улкан гидротехник иншоотлар қурилгани, трансчегаравий дарёлар ҳисобланган Амударё ва Сирдарёнинг табиий оқими нотўғри бошқарилиши энг янги тарихда Ер юзидаги ғоят оғир экологик ҳалокатлардан бирини юзага келтирди. Бир пайтлар дунёдаги энг ноёб, гўзал ва йирик ёпиқ сув ҳавзаларидан бири бўлган Орол денгизи бир авлод кўз ўнгида батамом йўқ бўлиб кетиш хавфи остида турибди. Бу эса минтақада мисли кўрилмаган офатга айланиб, Оролбўйида яшаётган аҳоли ҳаётига, бу ердаги экотизим ва биохилма-хилликка ўнглаб бўлмайдиган даражада зарар етказмоқда. 

Амударё ва Сирдарёнинг Оролга умумий қуйилиш ҳажми кейинги эллик йил ичида қарийб 5 баробар, Орол денгизининг суви 14 баробардан кўпроқ камайди, унинг шўрланиш даражаси эса деярли 25 марта ортди. Бу Орол денгизида илгари бўлган балиқ ва бошқа денгиз мавжудотларининг деярли буткул йўқолишига олиб келди. 

Яқин-яқинларгача ўзининг улкан биохилма-хиллиги билан машҳур бўлган Оролбўйи минтақасида ўсимликлар ва ёввойи ҳайвонлар тури кескин камайиб бормоқда, жумладан, сут эмизувчиларнинг 12, қушларнинг 26 ва ўсимликларнинг 11 тури буткул йўқ бўлиш хавфи остида турибди. Оролнинг қуриган қисми ўрнида ҳосил бўлган 5,5 миллион гектардан ортиқ майдондаги янги Оролқум саҳроси тобора бутун Оролбўйи минтақасига ёйилмоқда. Бу ердан ҳар йили атмосферага қарийб 100 миллион тонна чанг ва заҳарли тузлар кўтарилиб, қум бўронлари ва кучли шамоллар билан мазкур ҳудуддан анча олис бўлган минтақаларга ҳам тарқалмоқда. 

Аммо Оролбўйида рўй бераётган фожиа кўламини, бу ерда яшаётган миллионлаб одамларнинг дарди ва орзу-армонларини қуруқ рақамлар билан ифода этиб бўлмайди. Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистоннинг Орол фожиасининг кучли таъсири остида қолган минтақалари аҳолиси ҳар куни сув ресурслари етишмаслиги, ичимлик суви сифатининг пасайиши ва тупроқ таркибининг бузилиши, иқлим ўзгариши, аҳоли, биринчи навбатда, болаларнинг турли касалликларга чалиниши кўпайиб бораётгани билан боғлиқ ижтимоий-иқтисодий ва демографик муаммоларни бошдан кечирмоқда. 

Орол денгизининг қуриши бутун Марказий Осиёда кескин иқлим ўзгаришига олиб келди, сув ресурслари тақчиллиги, мавсумий қурғоқчиликнинг кучайиши, қаҳратон қишнинг узоқ давом этиши, Помир ва Тянь-Шань тоғлари музликлари эришининг тезлашиши ва минтақа мамлакатларида қишлоқ хўжалиги ишлари билан шуғулланиш шароитларининг ёмонлашишига сабаб бўлди. 

Минг афсуски, бугунги кунда Орол денгизини тўлиқ қайта тиклаш имкони йўқлиги тобора аён бўлиб бормоқда. 

Орол инқирозининг атроф-муҳит ва бу ерда яшаётган миллионлаб аҳоли ҳаётига ҳалокатли таъсирини, хусусан, пухта ўйланган, аниқ манзилли ва тегишли молиялаштириш манбалари билан таъминланган лойиҳаларни амалга ошириш орқали камайтириш бугунги куннинг энг муҳим вазифасидир. 
Бизнингча, бу борада асосий захиралар мавжуд бўлган қуйидаги йўналишларда тегишли тадбирларни амалга ошириш зарур: 

биринчидан – бугунги кунда Оролбўйида юзага келган омонат экологик мувозанатни мустаҳкамлаш, чўлланишга қарши курашиш, сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, улардан тежаб-тергаб, оқилона фойдаланиш; 

иккинчидан – Оролбўйи аҳолисининг генофонди ва саломатлигини сақлаш ва таъминлаш учун шароит яратиш, ижтимоий инфратузилмани, тиббиёт ва таълим муассасалари тармоғини кенг ривожлантириш; 

учинчидан – аҳоли ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш учун зарур ижтимоий ва иқтисодий механизмлар ва рағбатлантирувчи омилларни яратиш, асосий инфратузилма ва коммуникацияларни ривожлантириш. Бу ерда яшаётган аҳолида тушкунлик кайфиятининг юзага келишига йўл қўйишга бизнинг ҳаққимиз йўқ ва уларга муносиб ҳаёт кечириши, ўз бизнесини ривожлантириши, уларни янги иш ўринлари ва даромад манбалари билан таъминлаш учун барча имкониятларни яратиб бериш зарур, десам, ўйлайманки, бу фикрга барчангиз қўшиласиз; 

тўртинчидан – ҳайвонот ва ўсимлик олами биохилма-хиллигини, жумладан, кичик сув ҳавзалари яратиш орқали сақлаш ва қайта тиклаш, минтақанинг ноёб флора ва фаунасини асраб-авайлаш даркор. 

Айни ушбу муҳим масалалар Ўзбекистон томонидан БМТнинг юксак минбаридан таклиф этилган ва БМТ Бош Ассамблеяси 68-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида тарқатилган «Орол денгизи қуришининг оқибатларини бартараф этиш ва Оролбўйида экотизимлар ҳалокатининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастури»да қайд этилган. 

Бу жаҳон ҳамжамияти Орол денгизи фожиасига глобал экологик офат сифатида қараётгани ва миллионлаб одамлар яшаётган ушбу минтақанинг экологик ва ижтимоий хавфсизлигига таҳдидларни бартараф этиш масаласига зудлик билан эътибор қаратиш ғоят долзарб эканини эътироф этаётганидан далолат беради. 

БМТ ва ривожланиш бўйича бошқа ҳамкорларимиз 1993 йил БМТ ва Марказий Осиёнинг беш давлати томонидан ташкил этилган Оролни қутқариш халқаро жамғармасини қўллаб-қувватлаётгани ҳам буни тасдиқлайди. Ўтган даврда мазкур жамғарма халқаро донорлар ҳамжамияти ёрдамида Орол денгизи ҳавзасидаги мамлакатларга ёрдам кўрсатиш бўйича умумий қиймати 2 миллиард доллардан зиёд бўлган иккита дастурни амалга оширди. 

Шу муносабат билан минтақа давлатлари ва Оролбўйи аҳолиси олдида турган кескин муаммоларни ҳал этишда ёрдам кўрсатаётган институтлар ва ҳамкор мамлакатларга миннатдорлик билдиришга рухсат бергайсиз. Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, БМТ агентликлари, Ислом тараққиёт банки, ЮСАИД, Европа иттифоқи, шунингдек, Япония, Корея Республикаси, Хитой, Германия, Франция, Швейцария, Кувайт ва бошқалар бизнинг ана шундай фаол ҳамкорларимиз ҳисобланади. 

Оролни қутқариш халқаро жамғармаси 2013 йилдан буён БМТ, Европа иттифоқи, етакчи халқаро ташкилотлар ва молия институтлари кўмагида Орол денгизи ҳавзасидаги мамлакатларга ёрдам кўрсатиш бўйича уч юздан зиёд лойиҳадан иборат учинчи дастурни амалга оширмоқда. Бу лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш учун 8,5 миллиард доллардан зиёд маблағни жалб қилиш зарур. 

Айни пайтда биз шуни очиқ тан олишимиз керакки, бу борада амалга оширилаётган лойиҳа ва дастурларга қарамасдан, ҳали яна кўплаб ишларни бажариш талаб этилади. Минтақа мамлакатлари Орол денгизи ҳалокатининг атроф-муҳит ва бу ерда яшаётган аҳоли ҳаёти ва фаолиятига етказаётган экологик, ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар оқибатларини бартараф этиш учун етарлича маблағ ва моддий-техник имкониятларга эга эмас. Шу боис Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, бошқа халқаро ташкилотлар ва ривожланиш бўйича ҳамкор давлатларнинг самарали амалий ёрдамисиз дунё миқёсидаги ушбу муаммони ҳал этиб бўлмайди. 

Орол денгизи фожиасининг кенг кўлам касб этган оғир оқибатлари Оролбўйи аҳолиси, ушбу ҳудуднинг иқтисодиёти, ижтимоий соҳа ва атроф-муҳитига таҳдид солаётган кўплаб хавф-хатарларни самарали бартараф этишга қаратилган янги, кенг қамровли ёрдам дастурини ишлаб чиқишни талаб этади. 

Оролбўйи минтақасига ёрдам кўрсатиш бўйича бундай комплекс дастурни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда, аввало, халқаро ташкилотлар – БМТ, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки каби молия институтлари ва нуфузли халқаро экология ташкилотлари ҳал қилувчи ўрин тутиши керак. Бу мазкур дастурни ҳаётга татбиқ этишга нафақат халқаро ташкилотлар ва молия институтлари ресурслари, балки бизга дўст ва ҳамкор мамлакатлар имкониятларини ҳам жалб этишга кўмак беради. 

Оролни қутқариш халқаро жамғармасига аъзо бўлган деярли барча мамлакатлар Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари каби сувни тежаш, Оролбўйини қайта тиклаш ва ривожлантириш бўйича миллий дастурларни амалга оширмоқда. Сув ресурсларини интеграциялашган ҳолда бошқариш принциплари, сувни тежайдиган замонавий технологиялар кенг жорий қилинмоқда, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини диверсификация қилишга доир ва бошқа кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 

Оролбўйида аҳоли ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш, турар-жой, ижтимоий ва транспорт-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, қишлоқ жойларда замонавий уй-жойлар, умумтаълим мактаблари ва касб-ҳунар коллежлари, врачлик пунктлари барпо этиш, автомобиль йўллари қуриш ва реконструкция қилишга алоҳида эътибор берилмоқда. Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга оид дастурлар амалга оширилмоқда. 

Ишончим комилки, Оролбўйи ва унинг аҳолиси тақдиридан ташвишга тушаётган давлатлар, БМТ тузилмалари, халқаро молия ва экология ташкилотларининг аниқ мақсадли, кўп қиррали ва тизимли ўзаро ҳамкорлиги Оролбўйи минтақасининг энг кескин муаммоларини ҳал этишга қаратилган амалий дастур ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда ҳаётга татбиқ этиш имконини беради. 

Ҳурматли халқаро конференция иштирокчилари! 

Орол денгизи қуришининг ҳалокатли оқибатларини чуқур тушуниб, Оролбўйи экотизимини қутқариш ишига қўшаётган салмоқли ҳиссангиз учун сизларнинг барчангизга самимий миннатдорлик изҳор этишга ижозат бергайсиз. 

Конференция иши самарали бўлишини, унинг барча иштирокчиларига эса сиҳат-саломатлик, олижаноб фаолиятида улкан муваффақиятлар тилайман. 

Чуқур ҳурмат билан, 

Ислом Каримов, 
Ўзбекистон Республикаси Президенти, 
Оролни қутқариш халқаро 
жамғармаси раиси 
 



DB query error.
Please try later.