28.10.2014

КУЗАТУВЧИЛАР ФАОЛИЯТИДА

холислик бош мезон бўлиши зарур

Мамлакатимизда сайлов кампания­си халқаро меъёрларга, миллий сайлов қонунчилигига, унда белгиланган очиқлик, ошкоралик ва адолатлилик каби де­мократик тамойилларга тўла мос ҳолда ташкил этилмоқда. Сайловларнинг демократик талаблар асосида ўтиши бевосита бу жараёнда иштирок этадиган кузатувчилар фаолиятига ҳам боғлиқ. Кузатувчиларнинг сайлов жараёнида тутган ўрни, уларнинг ваколат ҳамда мажбуриятлари нималардан иборат?

ЎзХДП Марказий Кенгаши эксперти, сиё­сатшунос Абдулла Абдухалилов билан ана шу мавзуда суҳбатлашдик.

— Айтинг-чи, нима учун сайлов жараёнида кузатувчиларнинг иштирок этиши демократик тамойилларнинг муҳим белгиси ҳисобланади?

Кузатувчи, энг аввало, сайлов билан боғлиқ барча жараёнларга четдан туриб холис баҳо беради. Бу эса сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишда очиқ ва ошкораликни таъминлашнинг муҳим белгиси ҳисобланади. Кузатувчилар ички ва таш­қи бўлиши мумкин. Ички кузатувчилар сиёсий партиялар ҳамда ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан кўрсатилади. Ташқи кузатувчилар эса халқаро ташкилотлар, хорижий мамлакатлардан таклиф этилади.  

Амалдаги қонунчиликка кўра, сайлов комиссиялари фуқароларни ўз ишларидан, сайлов округлари, участкалари тузилганлиги, сайлов комиссияларининг таркиби, уларнинг жойлашган манзили ва иш вақтидан воқиф этади. Шунингдек, сайловчиларнинг ҳамда сайловда иштирок этаётган сиёсий партияларнинг рўйхати билан таништиради, депутатликка номзодлар хусусидаги маълумотлар, овоз бериш ва сайлов якунларидан хабардор қилади. Мазкур жараёнда эса кузатувчилар бевосита иштирок этади.

Хусусан, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шу­нинг­дек, сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан биттадан кузатувчи, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлардан кузатувчилар қатнашиш ҳуқуқига эга.

Қайд этиш лозимки, манфаатдор ташкилотлар ўз кузатувчилари тўғрисида округ сайлов комиссияларига сайловга кечи билан ўн беш кун қолганида маълум қилиши талаб этилади. Округ сайлов комиссияси манфаатдор ташкилотдан ариза олинганидан кейин беш кун ичида тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси белгилаган намунадаги мандатни кузатувчи учун беради.

— Кузатувчилар қандай ҳуқуқларга эга?

— Бизга маълумки, кузатувчи сайлов билан боғлиқ барча муҳим жараёнларда иштирок этиши мумкин. Яъни, депутатликка номзодлар кўрсатишга бағишланган йиғилишларда, округ ва участка сайлов комиссияларининг мажлисларида қатнашади. Шу­нинг­дек, уларга сайлов участкасида тайёргарлик ишларининг боришини, овоз бериш учун сайлов қутиларининг жойлаштирилиши ва муҳрланишини, фуқароларга сайлов бюллетенларининг берилишини кузатиш ҳуқуқи берилган.

Кузатувчилар овозларни санаб чиқишда ва участка сайлов комиссиясининг баёнларини тузишда ҳозир бўлиши, сайлов натижалари тўғрисидаги ҳужжатларнинг тегишли сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган нусхаларини сўраш ва уларни олиш, башарти сайлов участкасида қонун бузилишига йўл қўйилган деб ҳисоблаш учун асос бўлса, ўз кузатувлари тўғрисида юқори сайлов комиссиясига маълум қилиш каби ҳуқуқларидан фойдаланиши мумкин.

— Кузатувчилар учун нималар тақиқланади?

— Энг аввало, кузатувчи сайловчи сайлов бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайт­да яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида бўлиши мумкин эмас. Бундан ташқари, сайловчиларга таъсир ўтказиш, бирон-бир ташвиқот материали ёки адабиёти тарқатиши ман қилинади. Ўз нав­батида бошқа сиёсий пар­тия­дан кўрсатилган номзодлар ҳақида салбий ахборотлар беришига ҳам йўл қўйилмайди. 

Шунингдек, кузатувчилар сайловчилардан уларнинг кимни ёқлаб овоз берганликларини суриштириши ёки сайловчиларга сайлов бюллетенига белги қўйишда бирон-бир тарз­да ёрдам кўрсатиши, участ­ка сайлов комиссиясининг фаолиятига, шу жумладан, сайлов қутиларини муҳрлашда, уларни очишда, овозларни санаб чиқишда аралашиши тақиқланади.

Хорижий давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлардан кузатувчиларни таклиф этилиш тартиби ҳа­қида гапириб берсангиз?

— Демократик тамойиллар устувор бўлган давлатда ўтадиган ҳар қандай сиёсий жараён жаҳон жамоатчилиги, хусусан, халқаро ташкилотларнинг эътиборида бўлади. Ўзбекистон ҳам мустақил демократик давлат сифатида кўплаб халқаро ташкилотларга аъзо бўлган. Сайлов жараё­нида кузатувчилар сифатида мазкур халқаро ташкилотлар ҳамда чет давлатлар вакиллари иштирок этиши мумкин. Кузатувчиларнинг келиши ҳамда уларнинг сони ҳар икки томоннинг келишуви асосида белгилаб олинади.

Халқаро кузатувчилар парламент қуйи палатасига сайловда иштирок этадиган сиёсий партиялар, Қонунчилик палатаси депутатлигига рўй­хатга олинган номзодларга сайловолди ташвиқоти олиб бориш борасида яратилган имкониятлар, сайловчилар рўйхатини тузиш ва аниқлаштириш жараёни, шу­нинг­дек, мамлакат ижтимоий-сиё­сий ҳаётини янада либераллаштириш, хусусан, сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиришлар ҳақида батафсил маълумот олиш ҳуқуқига эга.

Хорижий давлатлар ҳамда халқаро ташкилотларнинг кузатувчилари сайлов жараёнини холис ўрганиш асносида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайловни кузатиш натижалари бўйича якуний баё­нот тайёрлайди ҳамда сайловнинг эртаси куни тақдим этади.

 Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, сайлов — халқнинг ўз хоҳиш-иродасини билдириши, фуқароларнинг давлат ишларини бошқаришда иштирок этишининг асосий шаклидир.

Шу боис сайлов жараёнида амалдаги қонунчиликка риоя этилиши, округ ва участ­ка сайлов комиссияларининг қонунийлик, ошкоралик, мустақиллик ва адолатлилик тамойилларига асосланган аниқ, уюшган фаолиятини таъминлашда хорижий ва маҳаллий кузатувчилар муҳим ўрин тутади. Асосийси, уларнинг фао­лиятида холислик бош мезон бўлиши зарур. 

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Нурали ОРИПОВ

суҳбатлашди.

 

 



DB query error.
Please try later.