25.10.2014

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ

ёшларнинг соғлом, баркамол бўлиб улғайиши учун тўкис шарт-шароит яратилиши тарафдоридир!

Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан юртимизда соғлом она – соғлом бола масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Кенг кўламли умуммиллий дастурлар доирасида бу борада амалга оширилаётган ишлар жаҳон миқёсида тан олинаётгани, Ўзбекистон тажрибаси ўрганилаётгани ҳаммамизга маълум. Хусусан, «Соғлом бола йили» Давлат дастурида соғлом болани вояга етказишда таълим-тарбия ва спортнинг ўрни, таъсирини янада кучайтириш долзарб вазифалар қаторида белгиланган.

Жорий йил давомида Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкилотлари ва депутатлик тузилмалари Давлат дастури ҳамда пар­тия­нинг 2011-2014 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, бу борада талай ишларни амалга оширди. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партиямиз гуруҳлари ташаббуси билан сессияларга қатор масалалар киритилди. Натижада, болалар спортини ривожлантириш, уларнинг жисмонан ва маънан соғлом бўлиб вояга етишлари борасида соҳадаги камчиликларни бартараф этишга қаратилган қарорлар қабул қилиниб, уларнинг ижроси назоратга олинди.

Мисол учун, халқ депутатлари Жиззах вилоят Янгиобод туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи ташаббуси билан «Болалар спор­тини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишларнинг аҳволи тўғрисида»ги масала жорий йилнинг февраль ­ойида халқ депутатлари Янги­обод туман Кенгаши сессиясида муҳокама этилди.

Масалани ўрганиш натижасида, туманда болалар спортини ривожлантириш, спорт мусобақаларига тайёргарлик кўриш ва унда ёшлар иштирокини таъминлаш, маданият ва спорт ишлари, халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимлари, касб-ҳунар коллежлари томонидан бу борада олиб борилаётган ишлар етарли эмаслиги аниқланди. Хусусан, тумандаги таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ёшларни спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш, мусобақаларни мунтазам ва самарали ташкил этиш, иқтидорли спортчиларни саралаш ишларига ота-оналар ва жамоатчилик эътиборини кучайтириш ишлари талаб даражасида эмаслиги аниқланган.

Сессияда қабул қилинган қарорда соҳадаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш мақсадида туман ҳокими ўринбосарларига тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда спортни оммавийлаштириш ҳамда ривожлантириш борасида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш, бу борада олиб борилаётган ишларни янада жонлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқиш ва амалга ошириш вазифаси юклатилди.

Натижада туманда мавжуд 18 та умумий ўрта таълим мактабларининг спорт заллари, очиқ спорт майдони ва майдончаларида спорт тўгараклари тўлақонли фаолият кўрсатиши бўйича шароитлар яхшиланди. Бундан ташқари, 16 та футбол, 17 та волейбол, 11 та баскетбол ва 17 та қўл тўпи майдончалари фойдаланишга топширилди.

Соғлом авлодни вояга етказишда соғлиқни сақлаш тизимининг ўрни ва масъулияти қанчалик катта экани ҳаммага маълум. Шу боис «Соғ­лом бола йили» Давлат ­дастурида оналар ва болалар саломатлигини асрашга хизмат қиладиган тиббиёт муассасалари мод­дий-техник базасини мус­таҳкамлаш, уларни замонавий асбоб-ускуналар, малакали кадрлар билан таъминлаш борасидаги ишларни янада кучайтиришга оид қатор вазифалар бегиланган.

Шундан келиб чиқиб, жорий йилнинг август ойида халқ депутатлари ­Наманган вилояти Уйчи туман Кенгашидаги ЎзХДП пар­­­тия гуруҳи ташаббуси билан «Болалар ва ўсмирлар соғ­лиғини муҳофаза қилиш борасида мавжуд врачлик пунктларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларни малакали мутахассислар билан таъминлаш тўғрисида»ги масала халқ депутатлари Уйчи туман Кенгаши сессиясида кўриб чиқилди.

Масала ЎзХДП гуруҳи томонидан жойларга чиқиб ўрганилганда, туман тиббиёт бирлашмаси томонидан бу борада олиб борилаётган ишлар етарли эмаслиги кўзга ташланди. Жумладан, қурилганига кўп йиллар бўлган, авария ҳолатидаги Сой ҚВПни таъмирлаш ишлари тегишли дастурларга киритилмаган.  Шунингдек, малакали кадрларга эҳтиёж сезилаётгани ҳам маълум бўлди.

Масала халқ депутатлари Уйчи туман Кенгаши сессия­сига киритилгандан сўнг, сессия қарорига асосан,  туман ҳокимининг ўринбосари, туман тиббиёт бирлашмаси томонидан туман аҳолиси, шу жумладан, болалар ва ўсмирлар саломатлигини муҳофаза қилиш тизимини ривожлантириш, қишлоқ врачлик пунктларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларни малакали мутахассислар билан таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ва амалга оширилди.

Бу борада олиб борилаётган ишлар тизимли бажарилиши устидан депутатлик назорати ўрнатилди.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

 

 



DB query error.
Please try later.