25.10.2014

АЁЛ НОМЗОДЛАРГА ИШОНЧ ОРТМОҚДА

Болалари соғлом оила хотиржам турмуш кечиради. Фарзандларини боғчага, мактабга саломат кузатган ота-она бехавотир ишга боради. Болаларидан кўнгли тўқ бўлиб, меҳнат қилади.

Сўнгги йилларда дунёнинг қатор ривожланган мамлакатлари, хусусан, Япония ва Жанубий Кореяда давлат идораларининг энг юқори вазифаларида хизмат қилувчи аёллар сезиларли даражада кўпайди. ­Вакиллик органларига сайловларда ҳам хотин-қизлар номзодларини қўллаб-қувватловчилар, уларга ишонч билдирувчилар ортиб боряпти.  Ўзбекистонда ҳам бунинг ёрқин мисолини кўриш мумкин.

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги қонунга кўра, хотин-қизлар сони ­сиёсий партиялардан кўрсатилган депутатликка номзодлар уму­мий сонининг камида 30 фоизини ташкил этиши лозим. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари ичида бундай меъёр биринчи бўлиб Ўзбекистонда қабул қилинган. Ушбу қоида жорий қилинганидан кейин бўлиб ўтган сайловларда аввалги сайловга нисбатан икки ярим баравар кўп хотин-қиз парламентга депутат этиб сайланди.

Таҳлиллар асосида фикр юритадиган бўлсак, сиёсий партиялар кўрсатадиган 135 нафар номзоднинг камида 41 нафари хотин-қизлардан иборат бўлиши керак. Агар ушбу талаб бажарилмаса, Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиянинг сайловга тақдим этаётган номзодлар рўйхатини қабул қилмаслиги ҳам қонунда алоҳида белгиланган.

Демак, хотин-қизлар орасидан депутатликка муносибларини аниқлаб, улар номзодини кўрсатиш сиёсий пар­тия­лар зиммасига катта масъулият юклайди. Негаки, хотин-қизларни сиёсий жараёнларга янада кенгроқ жалб этиш, қонунлар ва қарорлар қабул қилишда уларнинг иштирокини фаоллаштириш учун аввало аёлларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимини ошириш лозим.

Хўш, депутатликка номзодларнинг камида 30 фоизини хотин-қизлар ташкил этиши шартлиги тўғрисидаги қонуний меъёрнинг аҳамияти, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиё­сий фаоллигини ошириш, вакиллик ҳокимиятида иштирокини мустаҳкамлашдаги ўрни ҳақида нима дейиш мумкин?

— Хотин-қизларнинг сиёсий ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган  мазкур қоидалар мамлакатимизда демократик тамойиллар изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилаётганини кўрсатади. Бунда сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишлар муҳим аҳамиятга эга бўлди ва мазкур меъёрлар туфайли хотин-қизларимиз ижтимоий-сиёсий ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланмоқда, — дейди ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Шарбат Абдуллаева. Масалан, 2009 йилги сайловларда парламентимизнинг қуйи палатасига 33 нафар хотин-қиз депутат этиб сайланди. Бу депутатлар сонининг 22 фоизини ташкил этади.

Айни кунда партиямиз жами 400 минг аъзосининг 177 минг нафардан ортиғини аёллар ташкил этаётгани ҳам хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги тобора ошиб бораётганидан далолат беради. Ҳозирги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида пар­тия­миздан 8 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларида 43, туман ва шаҳар Кенгашларида 384 нафар хотин-қиз депутат сифатида фаолият юритаётгани вакиллик ҳокимияти, сиёсат майдонида ҳам хотин-қизларнинг ўз ўрни борлигини аёллар номзодлигини қўллаб-қувватланаётганини кўрсатади.

Жорий йил охирида бўлиб ўтадиган сайловларда ҳам ана шу юқори кўрсаткични мустаҳкамлаш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзодлар тайёрлаш ишларини қизғин олиб боряпмиз. Албатта, бу жараёнда аёл номзодлар кўрсатиш масаласига ҳам жиддий эътибор қаратиляпти. Жойларда хотин-қизлар билан ўтказилаётган тадбирларимизда сайлов қонунчилиги кенг тушунтирилмоқда. Шунингдек, депутатликка номзоди кўрсатиладиган аёллар билан ишлаш, уларни сайловолди рақобат жараёнларига тайёрлаш, сайловчилар билан учрашувларни юқори савияда ташкил этиш ҳамда сайловолди дастурларни пухта ва мукаммал ишлаб чиқиш борасида қатор чора-тадбирлар белгиланган. Сайлов кампанияси даврида уларни самарали амалга оширишга жиддий эътибор қаратиш талаб этилади.

Бундан ташқари, сайловларда иштирок этадиган пар­тиянинг кузатувчиси ва ваколатли вакилларини тайинлашда ҳам фаол аёлларни кенг жалб этиш, уларнинг бу борадаги вазифалари бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

— Ўзбекистон Халқ демократик партияси сайлов кампаниясида яратилган барча ташкилий-ҳуқуқий имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда сайловга жиддий тайёргарлик кўрмоқда. Мисол учун, хотин-қизлар орасидан депутатликка номзодларни тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратяпмиз, — дейди ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси Ҳайдар Бобохонов. — Чунки хотин-қизлар ҳам ошкора сайланадиган органларга сайланиш, ҳукумат сиёсатини шакл­лан­тириш ва амал­га оширишда иштирок этиш ҳамда давлат лавозимларини эгаллаш, нодавлат ташкилотлар ва жамоат бирлашмалари фаолиятида иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Ҳозирги пайтда пойтахтимизда жами 34 минг нафардан ортиқ  партия аъзосининг 21 минг 511 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Биз уларнинг давлат ва жамият ишларини бошқаришдаги иштирокини кучайтириш, сиёсий-ҳуқуқий билимини, ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга қаратилган қатор тадбирлар ташкил этяпмиз. Масалан, яқинда «Фаол аёллар» қаноти Тошкент шаҳар бўлими ташаббуси билан сайлов кампаниясининг ҳар бир босқичида хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлаш масаласига бағишланган семинар ташкил этдик. Бу хотин-қизларни сиёсий жараёнларга кенг жалб этиш, аёллар орасидан етакчилик салоҳиятига эга бўл­ганларини аниқлаш ва уларни депутатликка номзод сифатида тайёрлаш, партия дастурий мақсадлари тарғиботини янада кучайтиришга кенг йўл очади.

Бугун жамиятнинг бирор соҳаси йўқки, унда хотин-қизларнинг иштироки бўлмаса. Конституциямизнинг 46-моддасида «Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар» деб белгиланган, — дейди  Тошкент архитектура-қурилиш институти қошидаги академик лицей директори, ЎзХДП аъзоси Ғофур Эшмонов. Асосий қонунимизда ўз аксини топ­ган мазкур ҳу­қу­қий меъёр бошқа қонун ҳуж­­­­­­жат­ларида ҳам мустаҳкамланган. Юртимизда хотин-қизлар ҳуқуқларини тўла рў­ёбга чиқариш учун бар­ча шароитлар яратилиб, давлат бошқарувини демократлаштириш жараёнида  аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, сиёсий-ҳуқуқий билимини мустаҳкамлашга асос бўлмоқда, деб ўйлайман...

Билдирилган фикрлардан кўриниб турибдики, мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги изчил ошиб бормоқда. Бўлажак сайловлар буни яна бир бор намоён этади, дейишга тўла асос бор.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози»

мухбири.



DB query error.
Please try later.