25.10.2014

Ўзбекистон – Туркманистон: ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги босқичи

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 23-24 октябрь кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди. 

Ташрифнинг асосий воқеалари 24 октябрь куни бўлди. Расмий кутиб олиш маросимидан кейин Президентларнинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди. 

Ўзбек ва туркман халқларининг тарихи, маданияти ва қадриятлари муштарак, тил ва урф-одатлари ўхшаш. Икки халқ азалдан бир-бирининг маданиятини бойитиб, савдо-сотиқ қилиб келади, бир дарёдан сув ичади. 

Аждодларимизнинг илмий, маданий-маънавий ва адабий мероси халқларимизнинг умумий мулкидир. Ҳеч бир муболағасиз айтиш мумкинки, Туркманистонда Алишер Навоий, Ўзбекистонда Махтумқули асарлари катта қизиқиш билан мутолаа қилинади ва тадқиқ этилади. 

Бугунги кунда Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги муносабатлар юксак суръатлар билан ривожланмоқда. Бунда аввало икки давлат раҳбарлари ўртасидаги яқин дўстлик, ишонч ва самимият муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Олий даражадаги учрашувларнинг мунтазамлиги давлатлараро муносабатлар юксак даражада эканидан далолатдир. 

Ўзбекистон ва Туркманистон раҳбарларининг бу галги Ашхобод учрашуви олий даражадаги самарадор ва фаол мулоқотларнинг мантиқий давоми бўлди. 

Президентларнинг очиқлик ва ишонч руҳида ўтган суҳбатида ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинар экан, мамлакатларимиз манфаатлари муштараклиги, икки томонда ҳам кўп қиррали муносабатларни ҳар томонлама ривожлантириш учун хоҳиш ва ирода мавжудлиги, давлатларимиз бунинг учун улкан салоҳият ва имкониятларга эга экани таъкидланди. 

Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик муаммолар юзасидан фикр алмашув давомида муҳокама этилган барча масалалар бўйича томонларнинг қарашлари ва ёндашувлари ўхшаш ёки яқинлиги қайд этилди. 

Бу, айниқса, Афғонистон масаласига муносабатда ёрқин намоён бўлади. Ўзбекистон ва Туркманистон Афғонистоннинг яқин қўшнилари сифатида темир йўллар ва кўприклар барпо этиш, муҳим инфратузилма объектларини тиклаш, электр энергияси ва бошқа маҳсулотлар етказиб бериш бўйича лойиҳаларни амалга ошириб, бу орқали мазкур мамлакатда тинчлик ва осойишталик ўрнатилишига салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. 

Дунёнинг турли минтақаларида вазият шиддат билан ўзгараётган, воқеалар ривожи олдиндан айтиб бўлмайдиган ҳолатга келган, босқинчилик ва зўравонлик кенгайиб бораётган бугунги шароитда давлат раҳбарларининг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, экологик хавфсизликни таъминлаш масалаларидаги ҳамфикрлилиги алоҳида аҳамият касб этади. 

Ислом Каримов ва Гурбангули Бердимуҳамедов минтақада сув ресурсларидан фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар. Таъкидланганидек, сув-энергетика соҳасига доир масалаларни ҳал қилишда, жумладан, трансчегаравий дарёларда йирик гидроэнергетика иншоотларини барпо этишда БМТнинг тегишли конвенцияларида белгилаб берилган халқаро меъёрларга мувофиқ иш тутиш, бундай объектларнинг лойиҳаларини мустақил халқаро экспертизадан ўтказиш зарурлиги қайд этилди. 

Президентлар ўзаро ҳамкорлик стратегиясини ривожлантириш, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб муаммолар юзасидан позиция ва қарашларни ўзаро мувофиқлаштириб бориш мақсадида олий даражадаги учрашувларни мунтазам давом эттиришга келишиб олдилар. 

Кенгайтирилган таркибдаги музокарада савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди. 

Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2013 йилда 353,9 миллион АҚШ долларини ташкил этган бўлса, жорий йилнинг январь-август ойларида 246 миллион долларга етди. Лекин, қайд этилганидек, томонларнинг имкониятлари бу рақамлардан анча юқори. 

Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Туркманистон ҳукуматлараро комиссияси савдо ҳажмини ошириш, сармоявий ҳамкорликни кенгайтиришнинг янада самарали чора-тадбирлари ва механизмларини ишлаб чиқиши мақсадга мувофиқ экани таъкидланди. 

Ўзбекистон ва Туркманистоннинг иқтисодий ҳамкорлигида транспорт коммуникациялари муҳим йўналишлардан биридир. Икки мамлакатнинг автомобиль ва темир йўллари яхши интеграциялашган тизим бўлиб, нафақат Ўзбекистон ва Туркманистон, балки учинчи давлатлар учун ҳам қулай транзит мажмуи вазифасини ўтамоқда. 

Мамлакатларимиз икки ва кўп томонлама асосда транспорт коммуникациялари соҳасидаги ҳамкорликни фаол ривожлантирмоқда. Хусусан, Президент Ислом Каримов ташаббусининг амалий ифодаси бўлган Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Ўмон янги халқаро транспорт-коммуникация коридорини барпо этиш бўйича 2011 йили имзоланган битим муҳим геостратегик аҳамиятга эгадир. 

Ушбу ғоянинг ҳаётга татбиқ этилиши Марказий Осиё давлатларини Яқин Шарқнинг иқтисодий фаол кўрфазларидаги бандаргоҳлар билан боғлаш имконини беради. Бу келгусида божхона соҳасида, автомобиль, темир йўл ва денгиз транспорти орқали юк ташиш ва транзит қилишда қулайликлар яратилишига йўл очади. 

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, қўшма лойиҳалар сармоявий ҳамкорлик ривожига янги суръат бахш этади. 

Экспертларнинг фикрича, лойиҳа ижроси якунига етгач, бошқа мамлакатлар ҳам ундан фойдаланишдан манфаатдорлик билдиради. Бу лойиҳанинг жозибадорлигини янада оширади. 

Иқтисодий алоқаларнинг устувор йўналишларидан яна бири энергетика соҳасидир. 

Ўзбекистон ва Туркманистонда углеводород ресурсларининг йирик захиралари мавжуд, лекин икки мамлакат ҳам жаҳон бозорларига тўғридан-тўғри чиқиш йўлига эга эмас. Бундай шароитда ўзаро мувофиқлаштирилган ҳамкорлик яхши самара беради. Бунга муваффақиятли амалга оширилаётган ва мамлакатларимизга табиий газ экспорти йўналишларини диверсификация қилиш имконини берган Туркманистон – Ўзбекистон – Қозоғистон – Хитой трансмиллий газ қувури лойиҳаси яққол тасдиқ бўлади.

Музокарада қўшма корхоналар, миллий фирма ва компаниялар ваколатхоналарининг сонини кўпайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Икки мамлакатнинг салоҳиятини намойиш этишга, тадбиркорларнинг бевосита мулоқотлари учун янги имкониятлар очишга хизмат қиладиган миллий кўргазмаларни ташкил қилиш анъанасини изчил давом эттиришга келишиб олинди. 

Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасида маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Бу борада 2014-2016 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури доирасида икки мамлакатнинг маданият ва санъат намояндалари Ўзбекистон ва Туркманистонда ўтказиладиган турли концертлар, фестиваль ва кўриклар, кўргазма ва форумларда фаол иштирок этмоқда. 

Келишувга биноан бундан буён ҳам иккала мамлакатда ташкил этиладиган маданий тадбирлар ва спорт мусобақалари ҳақида мунтазам равишда маълумот алмашиб борилади ҳамда маданият ва санъат намояндаларининг, спортчиларнинг фаол иштироки таъминланади. Рассомлар асарлари кўргазмаларини, ҳунармандлик маҳсулотлари ярмаркаларини, мусиқа ва театр жамоаларининг ижодий сафарларини ташкил этиш давом эттирилади. 

Музокарада сайёҳлик соҳасида мамлакатларимиз улкан имкониятларга эга экани таъкидланди. “Буюк ипак йўли” сайёҳлик лойиҳаси доирасида комбинациялашган саёҳатлар ташкил қилиш орқали бу соҳадаги алоқаларни фаоллаштиришга келишиб олинди. Бошқача айтганда, Ўзбекистонга келган сайёҳ Туркманистон, Туркманистонга борган сайёҳ Ўзбекистон орқали қайтиб кетишини йўлга қўйиш мумкин. Шу тариқа миллий авиакомпанияларнинг ҳамкорлигини кенгайтириш учун ҳам яхши замин яратилади. 

Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Қўшма баёнотни имзоладилар. Икки мамлакат ўртасида замонавий қишлоқ хўжалиги техникаси воситалари етказиб беришга, ташқи сиёсат маҳкамалари ва савдо-саноат палаталари ўртасидаги муносабатларга, экология соҳасида ҳамкорликка оид ҳужжатлар имзоланди. 

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Президентлар ушбу ташриф ўзаро ҳурмат, ишонч ва манфаатдорликка асосланган олий даражадаги самарали мулоқотнинг давоми бўлганини, икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалаларини муҳокама этиш, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик муаммолар юзасидан фикр алмашиш учун қулай фурсат яратганини таъкидладилар. Музокаралар очиқлик, ўзаро англашув ва ҳамжиҳатлик руҳида ўтгани, имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон ва Туркманистон халқлари манфаатлари йўлидаги серқирра ва дўстона муносабатларни янада ривожлантиришга хизмат қилиши қайд этилди. 

Саммитнинг асосий воқеалари ниҳоясига етгач, давлат мукофотлари билан тақдирлаш маросими бўлди. Икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш ҳамда ўзбек ва туркман халқлари ўртасидаги дўстлик ва маданий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш йўлидаги буюк хизматлари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Туркманистоннинг Махтумқули номидаги халқаро мукофоти билан тақдирланди. Ўзбек ҳамда туркман халқлари ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги катта хизматлари учун Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовга Ўзбекистон Республикасининг “Мустақиллик” ордени топширилди. 

Куннинг иккинчи ярмида Президент Ислом Каримов “Halk hakydasy” (“Халқ хотираси”) хотира мажмуига ташриф буюрди. Мамлакатимиз раҳбари Иккинчи жаҳон урушида ҳамда Гўктепа жангида (1880-1881) ҳалок бўлганлар, Ашхобод зилзиласи (1948) қурбонлари хотирасига ҳурмат бажо келтириб, ёдгорлик пойига гул қўйди. Ислом Каримов ушбу воқеалар ҳақида ҳикоя қилувчи музей экспонатлари билан танишиб, Фахрий меҳмонлар китобига дастхат ёзиб қолдирди. 

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Туркманистонга расмий ташрифи якунига етди. Ашхобод музокаралари ва эришилган келишувлар Ўзбекистон ва Туркманистон ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш йўлидан собитлик билан бораётганини яна бир бор тасдиқлади. 

Анвар Бобоев, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА 


DB query error.
Please try later.