Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
23.10.2014

ВАКОЛАТЛИ ВАКИЛЛАР

сайловлар адолатли ўтишида муҳим вазифани бажаради

Дунё тажрибасидан маълумки, сайловларнинг ҳар томонлама демократик тамойиллар асосида ўтиши, фуқароларнинг хоҳиш-иродаси тўлиқ рўёбга чиқиши турли омилларга боғлиқ. Амалдаги қонунчиликка асосан сайлов кампанияси даврида хилма-хил вазифаларни бажарадиган институтлар жорий қилинган. Сайловлар адолатли ўтишида уларнинг ҳар бири ўзига хос ўрин тутади. Шулардан бири сиёсий партиянинг ваколатли вакили институти ҳисобланади.

Хўш, бу институт қонунчилигимизда қачон жорий қилинган? Ваколатли вакилларнинг асосий вазифалари нимадан иборат? Шу каби саволлар билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Дилбар Холиқовага ­мурожаат этдик.

— Сиёсий партиянинг ваколатли вакили институти мамлакатимизда 2008 йилда «Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун орқали жорий қилинган. Унга кўра, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги ҳамда «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги Қонунларга сиёсий партиянинг ваколатли вакили институти бўйича янги меъёрлар киритилган.

Қонунларга мувофиқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари  депутатлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партия сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш учун Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланадиган тартибда ўз аъзолари орасидан ваколатли вакил тайинлашга ҳақли.

Сиёсий партия ваколатли вакилининг сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш тартиби Ўзбекис­тон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2009 йил 17 сентябрдаги қарори билан тасдиқланган.

Ваколатли вакил сиёсий партиянинг тегишли ҳудудий органи томонидан сайлов участ­калари тузилганидан сўнг тайинланади. Сиёсий партиянинг тегишли ҳудудий органи раҳбари сайлов кунидан камида ўн беш кун олдин тегишли округ сайлов комиссиясига сиё­сий партиянинг ваколатли вакиллари рўйхатини такдим этади. Унда ваколатли вакилларнинг исм-шарифи, туғилган санаси ва жойи, паспорт серияси ва рақами, шунингдек, улар овозларни санаб чиқишда иштирок этадиган сайлов участкаси кўрсатилиши зарур.

Округ сайлов комиссияси сиёсий партиялар ваколатли вакиллари рўйхати келиб тушган пайтдан бошлаб, беш кун ичида сиёсий партиялар ваколатли вакилларини рўйхатга олади ва уларга белгиланган намунадаги гувоҳномалар беради.

Ваколатли вакилнинг ҳуқуқлари қонун ҳужжатларида қандай белгиланган? Улар халқаро ҳуқуқ меъёрларига қай даражада мос келади?

— Инсоннинг асосий ҳу­қуқ­ларидан бири сайлаш ҳуқуқи­дир. Уни амалга оширишда эркинлик, адолатлилик, ошкоралик ва очиқлик бўлиши муҳим. Шу боис қонунда сиёсий пар­тия­нинг ваколатли вакилига қа­тор ҳуқуқлар берилган ва улар ривожланган давлатлар қонунчилигига ҳар жиҳатдан мос келади.

Ваколатли вакил участка сайлов комиссияси овозларни санаб чиқишида иштирок этиш, фойдаланилмаган сайлов бюллетенлари ва сайлов варақаларини санаб чиқиш ва бекор қилиш, уларни ҳақиқий эмас, деб топиш натижалари билан танишиш ҳуқуқларига эга. Шунингдек, у овозларни санаш натижаларини кўриб чиқиш ва баённома тузишда участка сайлов комиссияси мажлисида қатнашиши, овозларни санаб чиқиш баённомаси билан танишиши мумкин. Аҳамиятлиси, ваколатли вакил такрорий овоз бериш ўтказилган тақдирда ҳам сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этади.

— Айтайлик, ваколатли вакил участка сайлов комиссиясида овозларни санаб чиқиш, унинг натижаларини кўриб чиқиш ёки баённома тузиш жараёнида қонунга хилоф ҳаракатга гувоҳ бўлса, қандай йўл тутиши мумкин?

— Ваколатли вакил сайлов участкасидаги жараёнларда сиё­сий партия номидан иштирок этади. Шунинг учун қонунчиликда унинг шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган. Яъни, ваколатли вакил участка сайлов комиссияси хатти-ҳаракатлари устидан юқори сайлов комиссиясига шикоят қилишга ҳақли. Бундай шикоятлар белгиланган муддат ва тартибда кўриб чиқилиши керак. Сиёсий партия ваколатли вакилига бундай ҳуқуқларнинг берилиши сайлов жараёнининг барча иштирокчилари масъулиятини оширишга қаратилган.

— Ваколатли вакиллар қонунга риоя қилинишини кузатади, лозим бўлса, ўз сиё­сий партияси манфаатини ҳимоя қилади. Лекин айрим ҳолларда улар билиб-билмай фуқаролар сайлаш ҳуқуқидан эркин фойдаланишига халақит бериши, сайловчига тарғибот маъносида таъсир ўтказиши мумкин. Қонун ҳужжатларида бу масалалар кўзда тутилганми?

— Албатта, кўзда тутилган. Сиёсий партиянинг ваколатли вакили сайловчи сайлов бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтда яширин овоз бериш кабинасида (хонасида) ҳозир бўлиши ёки сайловчиларга қандайдир тарзда таъсир кўрсатиши мумкин эмас.

Ваколатли вакил ҳеч қандай ташвиқот билан шуғулланмайди. Яъни, у овоз бериш жараёнида бирон-бир ташвиқот материали ёки адабиёт тарқатишга, сайловчилардан улар кимни ёқлаб овоз бергани ёхуд бермоқчилигини суриштиришга ҳақли эмас.

Мисол учун, сайловчи ваколатли вакилнинг кимлигини билмай, сайлов бюллетенига белги қўйишда бирон-бир тарз­да ёрдамми, маслаҳатми сўрайди. Бундай ҳолда ваколатли вакил қандайдир ёрдам, маслаҳат бериши тўғри бўлмайди. Чунки бу ҳаракат ташвиқот, деб талқин қилинади.

Ваколатли вакил ўз ҳуқуқлари доирасида ҳаракат қилади. Шу ўринда у участка сайлов комиссиясининг фаолиятига, жумладан, сайлов қутиларини муҳрлаш, очиш, овозларни санаб чиқиш ишларига аралашишга ҳақли эмаслигини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Сиёсий партия ваколатли вакилининг ваколат муддати сайлов натижалари эълон қилинганидан сўнг тугайди.

Ваколатли вакиллар сиёсий партиялар манфаатларини ҳимоя қилиш билан бирга, яна бир муҳим вазифани бажаришда иштирок этади. Яъни, мамлакатимиздаги сайловларнинг юқори савияда, адолатли ўтиши кўп жиҳатдан уларнинг ҳушёр ҳамда масъулиятли бўлишига ҳам боғлиқдир. Демак, ўз-ўзидан аёнки, бу масалага жиддий эътибор билан қараш зарур бўлади.

 

Тўлқин ТЎРАХОНОВ

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.