23.10.2014

САЙЛОВЛАРДА МУНОСИБ ИШТИРОК ЭТИШ

бугун қай даражада бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилишимизга боғлиқ

Навоий шаҳрида ЎзХДП Марказий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамкорлигида «ЎзХДП  сайловолди дастурида минтақаларни ижтимоий-иқтисодий  ривожлантиришга доир масалаларнинг ифодаланиши — партиянинг сайлов кампаниясида  муносиб иштирок этишида муҳим омилдир» мавзусида семинар ташкил этилди.

— Сайлов — демократия кўзгуси, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари Улуғбек Вафоев. Мамлакатни тараққий эттириш кўп жиҳатдан сайловларнинг қанчалик даражада демократик тамойиллар асосида ўтказилиши ҳамда унинг натижаларига боғлиқ. Барчамизга маълумки, бугун юртимизда фаолият кўрсатаётган сиёсий партиялар ўз дастурий мақсад ва вазифаларини амалга ошириш ҳамда бу орқали жамиятдаги нуфузини мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда. Айни кунда ўз атрофига 400 мингга яқин аъзони бирлаштирган ЎзХДП дастурий ғояларини амалга оширишда катта тажрибага эга. Ўтган йиллардаги ишлар таҳлили ҳам буни тасдиқлайди. Хусусан, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида партиямиз томонидан янги иш ўринлари яратиш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ўз мутахассисликлари бўйича ишга жойлаштириш, хотин-қизларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги ўрни ва ролини ошириш, соғлиқни сақлаш тизими ­фаолиятини яхшилашга доир кўплаб ҳаётий таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.

Қайси партиянинг дастурий мақсадларида ҳаётий масалалар акс этса, одамларнинг унга ишончи ортади. Биз ана шу масалаларга устувор вазифа сифатида ёндашишимиз зарур. Албатта, ҳали олдинда қилинадиган ишларимиз жуда кўп. Масалан, ўтган давр мобайнида жойлардаги айрим депутатларимиз ўз ваколатларидан тўлиқ фойдаланди, дея олмаймиз. Бу йилги сайловларга номзодларни фидойи, халқ дардини яхши тушунадиган кишилардан шакллантиришимиз керак. Партиямиз тизимида ташкил этилган Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятини ҳам тубдан яхшилаш, ҳар бир мурожаатни ижобий ҳал қилишга эришишимиз лозим. Бунинг учун депутатларимиз вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сессияларига электоратимиз манфаатларига мос долзарб масалаларни олиб чиқиши керак.

— Биз катта имкониятларга эгамиз — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Аҳад Аҳмедов. — Ана шу имкониятлардан оқи­лона фойдаланишимиз керак. Фракциямиз аъзолари томонидан илгари сурилаётган ғоя­лар, қонун ло­йиҳаларига таклифлар аҳо­лининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатлами манфаатини ўзида акс эттиргани билан аҳамиятлидир.

Маълумки, ЎзХДП ўз дастурий мақсадларини биринчи навбатда юртимизда изчил олиб борилаётган ислоҳотлар билан бевосита боғлиқ ҳолда амалга оширмоқда. Мамлакатни демократик янгилаш ва модернизациялашнинг бугунги босқичида амалга оширилаётган ўзгаришлар самарадорлиги кўп жиҳатдан халқнинг ушбу жараёнлар мақсад ва вазифаларини тўғри тушунишига боғ­лиқ. Шунинг учун ҳам тарғибот ва ташвиқот тадбирларини мана шу масалаларга бевосита боғлаш зарур. Ўтган йилларда партиямиз томонидан олиб борилган саъй-ҳаракатлар ўзини тўлиқ оқлади, деб бемалол айта оламиз. Хусусан, бизнинг фракциямиз ташаббуси билан парламент Қонунчилик палатасида Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг ҳисоботи эшитилди. Мавжуд муаммолар рўй-рост айтилди. Вазирликка депутатлари­мизнинг таклифлари берилди. ­Бу, албатта, партиямиз электорати манфаатини ҳимоя қилишда катта аҳамият касб этди. Муҳим сиёсий жараёнлар олдида турган эканмиз, ўтган давр мобайнида қилган ишларимизни таҳлил этиб, хулосалар чиқариб олишимиз керак.

ЎзХДП вилоят кенгашлари ҳудудларда амалга оширилаётган ишларга партиямиз гуруҳлари қандай ҳисса қўшаётганини, қанча масала халқ депутатлари туман Кенгаши сессияларига олиб чиқилгани, улар қандай натижалар берганини сарҳисоб қилиб боришлари лозим. Чунки эртага одамлар олдида қуруқ гапдан кўра, аниқ мисоллар келтирсак, сўзимиз таъсир кучи ошади.

— Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси сайлов қонунчилиги такомиллашувини мазмунан янги босқичга олиб чиқди, — деди ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири Боймурод ­Юсупов. — Мазкур концепция бугунги глобаллашув даврида сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини янада демократлаштириш, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, сайлов тизимини такомиллаштириш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича устувор вазифаларни белгилаб берди. Партиямиз ҳам мазкур концепция ғояларидан келиб чиқиб, минтақаларни, айниқса, чекка ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, иш ўринлари яратиш каби муҳим вазифаларни белгилаб олди. Ҳаракат дастури асосида бир қатор ютуқларга эришдик. Шу билан бирга ўрганишлар натижасида айрим туманларда касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигига доир маълумотларда камчиликлар борлиги, баъзи коллежларнинг моддий-техник базасини такомиллаштириш зару­рия­ти мавжудлиги каби ҳо­латлар ҳам аниқланди. Жорий йилдаги сайловларда ҳам муносиб иштирок этиш ва барча даражадаги вакиллик ҳокимиятида энг кўп депутатлик ўрнига эга бўлиш учун депутатларимиз кўпроқ ташаббусларни илгари суришлари лозим.

Амалий семинар давомида ўтган сайловлар тажрибаси таҳлил этилди ҳамда уларнинг хулосалари асосида зарур тавсиялар ишлаб чиқилди, олдинда турган муҳим вазифалар белгилаб олинди.

 

Илҳом САТТОРОВ,

«Ўзбекистон овози»

мухбири.



DB query error.
Please try later.