23.10.2014

2015 ЙИЛ УЧУН ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ ЛОЙИҲАСИ ТАСДИҚЛАНДИ

2015 йилги солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари Ўзбекистон Республикаси Президенти белгилаб берган устувор йўналишлар, мақсад ва вазифалардан келиб чиқиб шакл­лантирилган.

Унга кўра, солиқ юкини янада камайтириш, иқтисодиётнинг барқарор ўсишини рағбатлантириш, бюджетдан ажратиладиган маблағларни сарфлаш самарадорлигини ошириш, ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, аҳолининг даромадлар жамғариш ва харид қобилиятини кўтариш, ёрдамга муҳтож оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш режалаштирилган.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, молия вазири Рустам Азимов келгуси йил учун мўлжалланаётган солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари ҳамда бюджет лойиҳалари ҳақида атрофлича маълумот берди. Хусусан, хўжалик юритувчи субъектларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва меҳнатни рағбатлантириш мақсадида фойда солиғининг базавий ставкасини 7,5 фоизгача пасайтириш таклиф этилди. Бу хўжалик юритувчи субъектлар ихтиёрида қўшимча 89,4 миллиард сўм қолдириш имконини бериши таъкидланди.

Шунингдек, иш ҳақи фондига солиқ юкини пасайтириш ва ишчиларга тўланаётган даромадларни легаллаштириш мақсадида микрофирмалар ва кичик корхоналар, фермер хўжаликлари учун ягона ижтимоий тўлов ставкасини ҳозирги 25 фоиздан 15 фоизгача пасайтириш,  ўртача иш ҳақидан паст ёки унга тенг миқдорда даромад олувчи жисмоний шахсларнинг даромадига солиқ юкини пасайтириш, даромаднинг биринчи гуруҳи (энг кам иш ҳақининг бир бараваригача) бўйича «0» даражали ставкани назарда тутувчи солиқ солишнинг тўрт поғонали шкаласини жорий этиш таклифлари берилди.

2015 йилда Давлат бюджетининг ижтимоий харажатлари ялпи ички маҳсулотга нисбатан 12,8 фоизни (ёки жами харажатларнинг 59,2 фоизини) ташкил этиши режалаштирилган. Келаси йил мамлакатимизда ялпи ички маҳсулот 8,0 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Билдирилган таклифлар ва таҳлилий маълумотлар юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялар ва Экоҳаракат депутатлик гуруҳи ўз хулосаларини билдирди. ­Хусусан, Ўзбекистон Халқ ­демократик партияси фракцияси раҳбари Улуғбек ­Вафоев 2015 йилги солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари, давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жам­ғармалари бюджетларининг лойиҳалари аҳолининг фаровонлиги ва турмуш даражасини оширишга йўналтирилганини, мамлакатимизда амалга ошириб келинаётган ижтимоий-иқтисодий сиё­сатга мувофиқ эканини қайд этди.

Таълим муассасалари битирувчилари ишга қабул қилинган ҳолларда, микрофирмалар ва кичик корхоналар ишчиларининг чекланган сонини 50 фоизгача кўпайтириш, шунингдек, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тегишли тартибда олти ой муддатга қатъий белгиланган солиқни тўлашдан озод қилиш кўзда тутилаётгани ЎзХДП ғоялари ва фаолиятига ҳамоҳанг эканини алоҳида таъкидлади. ЎзХДП фракцияси раҳбари айни пайтда бюджет харажатлари мақсадли ва самарали сарфланиши бўйича мутасадди вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар масъулиятини янада ошириш масаласига эътибор қаратди.

Шу куни ялпи мажлисда 2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури лойиҳаси ҳам муҳокама этилди. Ушбу дас­тур лойиҳасини барча сиёсий партиялар фракциялари ва Экоҳаракат депутатлик гуруҳи ўз йиғилишларида кўриб чиқиб, маъқуллаган эди.

Дастур лойиҳасида келгуси йил мамлакатимизда 987,5 мингдан ортиқ иш ўрни ташкил этиш, хусусан, касб-ҳунар коллежларининг 487 минг нафар битирувчиси ҳамда хориждан қайтаётган 400 минг нафардан ортиқ фуқарони ишга жойлаштириш чоралари кўзда тутилган.

Муҳокамалардан сўнг 2015 йилги солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳалари ҳамда 2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури лойиҳаси парламент қуйи палатаси томонидан тасдиқланди.

 

Ўз мухбиримиз



DB query error.
Please try later.