21.10.2014

ТАЪЛИМ СОҲАСИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР

ТАЪЛИМ СОҲАСИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР

Ўзбекистонда баркамол янги авлод вояга етишига хизмат қилмоқда

Республикамиздаги мавжуд 9739 мактабда 4 миллион 800 минг, 1554 касб-ҳунар коллежи ҳамда академик лицейда 1 миллион 750 минг нафар ўқувчи, 75 олий ўқув юртида 424 минг нафар талаба таҳсил олмоқда. Бугунги кунда 30,5 миллион аҳолининг 8 миллионга яқини бевосита таълим соҳасида банддир.

ЎзХДП Марказий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш маркази ҳамкорлигида ўтказилган семинарда бу рақамлар алоҳида таъкидланди.

«Ўзбекистонда олий ва ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими соҳасидаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва уларнинг ЎзХДП Сайлов­олди дастурида ифода этилиши» мавзусидаги тадбирда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, Тошкент шаҳар ва туман партия кенгашлари раислари, халқ депутатлари шаҳар Кенгаши депутатлари, «Фаол аёллар» қаноти етакчилари, Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш маркази ходимлари иштирок этди.

Семинарда ЎзХДПнинг 2009 йилдаги Сайловолди дастурида белгиланган таълим соҳасини янада ривожлантиришга оид вазифалар ҳамда уларнинг ижроси, мамлакатимизда бу соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни янада юқори босқичга кўтариш масалалари хусусида фикр алмашилди, таклифлар билдирилди.

Улуғбек ВАФОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари:

— Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда таълим тизими тубдан ислоҳ этилди. «Таълим тўғрисида»ги Қо­нун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва бошқа қонун ҳужжатлари асосида кўлами жиҳатдан жуда катта ишлар амалга оширилмоқда. Бу ислоҳотлар натижасида умумтаълим мактабида 9 йиллик ўқишдан сўнг ўқувчилар ке­йинги 3 йил давомида ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда таҳсил олиб, умумтаълим фанларини ўзлаштириш билан бирга, меҳнат бозорида талаб қилинадиган мутахассисликлар бўйича касб-ҳунар эгаллаш имкониятига эга бўлмоқда.

Таълим сифатини яхшилаш, битирувчиларни иш билан таъминлаш, ўқув муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш масалалари Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Сайловолди дастуридан ҳам муҳим ўрин эгаллаган. Партия ташкилотлари ҳамда жойлардаги партия гуруҳларимиз бу соҳадаги муаммолар ва камчиликларни мунтазам ўрганиб, таҳлил этиб бормоқда. Биз учун энг устувор йўналиш — битирувчиларни иш билан таъминлашдир. Шу боис фракциямиз ташаббуси билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ҳар йили Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг янги иш ўринлари ташкил этиш дастури ижроси юзасидан ҳисоботи эшитилмоқда. Бу борада касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек, фракциямиз аъзолари ташаббуси билан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини биринчи бор ишга қабул қилишда дастлабки синов муддатини белгилашга оид норманинг олиб ташлангани, уларни ишдан бўшатиш тартиби ҳам битирувчининг манфаатидан келиб чиқиб ҳал этилаётгани фикримиз далилидир. Бундан буён ҳам банд­лик масаласи биз учун муҳим вазифа бўлиб қолади.

Абдуғаффор ҚИРҒИЗБОЕВ,  Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Биргина ўтган йили республикамизда 28 янги касб-ҳунар коллежи қурилди, 381 умумтаълим мактаби, олий ўқув юртлари тизимидаги 45 объект, 131 касб-ҳунар коллежи ва лицей реконструкция қилинди ҳамда капитал таъмирланди. Шунингдек, 55 болалар мусиқа ва санъат мактаби, 112 болалар спорти объекти ва 4 сузиш ҳавзаси фойдаланишга топширилиб, уларнинг барчаси зарур ускуна ва инвентарлар билан жиҳозланди.

Энди мустақиллик йилларида бу борада қанча ишлар қилинганини ўзингиз тасаввур қилиб кўринг. Давлат таълим тизимига шунча катта маблағ сарфлаётган экан, бу албатта, ўз самарасини бермоқда. Бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Таълимнинг самарасини ошириш, бу борадаги қонунлар ижросини назорат қилиш борасида пар­тия ташкилотларимиз, фракциямиз ҳамда жойлардаги партия гуруҳларимиз томонидан кўпгина ишлар қилинди. Бундан кейин ҳам таълим сифатини янги бос­қичга кўтариш, етук мутахассислар тайёрлаш орқали уларни келгусида ишсизликдан ҳимоя қилиш, кадрлар масаласига эътиборни янада кучайтириш  муҳим вазифаларимиздан бўлиб қолаверади.

Шарбат АБДУЛЛАЕВА, ЎзХДП Марказий кенгаши раиси ўринбосари:

— Ўзбекистон ХДП Сайловолди дастурида баркамол авлод тарбияси, таълим соҳаси ходимларининг ижтимоий ҳимояси, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртлари битирувчиларини касби бўйича бандлигини таъминлаш ўз ифодасини топган.

Биргина халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партиямиз гуруҳлари таълим соҳасини ривожлантиришга доир кўплаб таклифларни илгари суриб, сессиялар кун тартибига киритишди.

Хусусан, халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи ташаббуси билан «Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Чет тилларини ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан қилинган ишлар тўғрисида»ги масала жорий йилнинг май ойида сессия кун тартибига киритилиб, тегишли қарор қабул қилинган.

Шунингдек, халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи ташаббуси билан «Таълим тўғрисида»ги Қонуннинг Бухоро шаҳридаги умумий ўрта таълим мактабларида ижроси тўғрисида»ги масала шу йилнинг август ойида шаҳар Кенгаши сессиясида муҳокама этилди. Халқ депутатлари Наманган вилояти Чортоқ туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи ташаббуси билан «Тумандаги касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини мутахассисликларига мувофиқ ишга жойлаштириш ва бунда барча даражадаги раҳбарларнинг шахсий масъулиятини ошириш тўғрисида»ги масала сессияда кўриб чиқилди.         

Сессияларда қабул қилинган қарорлар асосида жойларда бир қатор ишлар амалга оширилди, камчиликлар бартараф этилди. Олдимизда бунданда масъу­лиятли вазифалар турибди. Фарзандларимизнинг, ёшларнинг тақдири, келажаги бугунги ишлар самарасига боғлиқ. 2014 йил сайловлари учун қабул қилинадиган Сайловолди дастурида ҳам касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг иш билан бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади, албатта.

Аббос ХАДЖАЕВ, Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш маркази директори ўринбосари:

— Мамлакатимизда амалга оширилаётган олий ва ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлигини тизимда бўлаётган ўзгаришлардан билишимиз мумкин. Аммо шуни айтиш керакки, давр шиддат билан ривожланмоқда. Шундай экан, таълим соҳасидаги ислоҳотлар ҳам янада чуқурлашиб боравериши зарур.

Хусусан, тизимда янги педагогик ва ахборот технологияларини қўллаш ҳамда инновацион технологияларни кенг жорий этиш, ривожланган давлатлар билан тажриба ва ахборот алмашиш, меҳнат ресурсларига, иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришлар, техник ривожланиш ҳамда модернизация жараёнлари билан боғлиқ эҳтиёжни инобатга олган ҳолда таълим муассасаларида ўқув дастурлари, мутахассислик йўналишларини янгилаб бориш, тайёрланаётган мутахассислар билан меҳнат бозори ўртасидаги талаб ҳамда таклиф мутаносиблигига эришиш борасидаги ишлар кўламини янада кенгайтириш ва кучайтириш лозим, деб ҳисоблайман.

Тадбир давомида соҳадаги ислоҳотлар самарадорлигини оширишга доир вазифалар Ўзбекистон ХДП Сайловолди дастурида янада тўлақонли ифода этилиши учун таклифлар билдирилди. Семинар якунида Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш марказининг бир гуруҳ ходимларига ЎзХДП аъзолик гувоҳномалари топширилди.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

Фаррух АЛИЕВ олган суратлар.

 



DB query error.
Please try later.