Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
16.10.2014

ХАЛҚИМИЗ СУЯНЧИ ВА ТАЯНЧИ

илмли, ватанпарвар, ташкилотчи, сиёсий етук ёшлардир

Қарши шаҳрида ёшлар масалаларига бағишланган анжуман ўтказилиши ҳақида эшитиб, барвақт шаҳарга келдим. Ҳали вақт бор. Хиёбонлар, кўчалар, янги қурилишларни айландим. Ўқишга, ишга шошилаётган ғайратли, шижоатли ёшларга қараб кўзинг қувнайди, келажакка ишончинг янада ортади.

Шаҳар ҳокимлиги биносининг учинчи қаватида партиямиз шаҳар кенгаши жойлашган. ЎзХДП Марказий Кенгаши ­раиси Ҳотамжон Кетмонов аввал бу ерда партия фаоллари билан учрашди. Қарши шаҳар партия кенгаши раиси, халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги гуруҳи раҳбари Рашид Муртазаев партия ташкилоти ҳамда депутатлар томонидан олиб борилаётган ишлар ҳақида гапириб берди. Ҳозир 150 та БПТ 3004 нафар аъзони бирлаштиргани, уларнинг 941 нафари ёшлар экани, партиямиз сафида ёшлар тобора катта кучга айланиб бораётганини таъкидлади.

Халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши депутатлари Бобоназар Қулмуродов, ­Гулчеҳра Шукуровалар ­Президентимиз қарори асосида Қарши шаҳрида олиб борилаётган ­бунёдкорлик ишлари, унда партиямиз фаоллари, депутатларнинг иштироки, ёшларга яратилаётган имкониятлар, ҳақида фикр билдиришди.

Суҳбат «Ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришда Ўзбекистон ХДП ташкилотлари олдида турган долзарб вазифалар» мавзусидаги семинарда давом этди. Қашқадарё вилоят бошоқли дон экинлари селекцияси ва уруғчилик илмий-тадқиқот инс­титутининг мажлислар залида бўлиб ўтган тадбирни очар экан, Ҳотамжон Кетмонов пар­тиямиз мамлакат келажаги бўлган ёшлар манфаатини ҳимоя қи­лишга алоҳида эътибор қаратаётганини айтиб ўтди. Бу борадаги вазифаларга тўхталди. Ёшлар учун янги иш ўринлари ташкил этиш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, уй-жой билан таъминлаш, ­маиший шароитларини яхшилаш, манфаатларини ҳимоя қилиш партиямиз учун устувор йўналишлардан бўлиб қолишини таъкидлади. Партия сафига сиё­сий етук, ташкилотчи ёш­ларни янада кенг жалб этиш, депутатликка улар орасидан муносиб номзодлар кўрсатиш лозимлигига алоҳида эътибор қаратди.

ЎзХДП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги гуруҳи раҳбари Олим Равшанов ёшларни иш билан таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларга тўх­талди.

— Айни кунда вилоятда 137 та касб-ҳунар коллежи ва 3 та олий ўқув юрти ­фаолият юритяпти, — деди у. — Ёшлар ҳаётда дуч келаётган муаммолар, уларга таълим бериш, ишга жойлаштириш каби масалаларни изчил ўрган­япмиз. Партиямизнинг Ҳаракат дастурига кўра, 2011 йил 12 мартда вилоят Кенгаши сес­сиясига умумтаълим мактабларини битираётган ўғил-қизларни касбга йўналтириш, коллежларда таълим сифатини ошириш, битирувчиларни ишга жойлаштириш масаласи киритилди. Бундан таш­қари, вилоят Кенгашининг Ижтимоий-маданий ривожлантириш масалалари доимий комиссиясида 2013 йил 1 мартда вилоятда аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижроси юзасидан Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармалари бошлиқларининг ҳисоботлари тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Нишон, Қарши, Деҳқонобод, Яккабоғ, Касби, Шаҳрисабз, Китоб туманларида ёшларни ишга жойлаштириш билан боғлиқ ўнлаб масалалар сессиялар, доимий комиссиялар йиғилишларида муҳокама этилди. Шунингдек, ёш оилалар уй-жой қуриши учун кредитлар ажратиш ва бош­қа масалалар юзасидан қабул қилинган қарорлар ижроси назоратга олинди.

— Тўғри масалани кўтардингиз, — дея сўз олди Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)­нинг Қашқадарё вилоятидаги вакили Муродулло ­Нормуродов. — Вилоятда ҳар йили 50 минг ўқувчи касб-ҳунар коллежларини тугатади. Уларни ишга жойлаштириш бўйича кўплаб амалий ишлар қилиняпти. Аммо бу борада тузилаётган уч томонлама шартномалар баъзи жойларда тўлиқ ишламаётганига бефарқ қараб бўлмайди. Масалан, вилоят дон маҳсулотлари корхонаси ўрганилганда, ишга қабул қилинган битирувчиларнинг кўпчилиги сал ўтмай бўшаб кетгани маълум бўлди. Иккинчи масала таълим сифатини ошириш, малакали мутахассислар тайёрлаш билан боғлиқ. Маълумки, ҳеч бир корхона малакасиз кадрни ишга олишни истамайди. Демак, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимида малакали кадрлар тайёрлаш масаласи ҳам доимий эътиборда туриши лозим.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фрак­цияси аъзоси Комила Каромова «Ёшларга оид Давлат сиё­сатининг асослари тўғрисида», «Таълим тўғрисида», «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида» ва бошқа кўплаб қонун ҳужжатларида ёшлар манфаатларини ҳимоя қилиш, соғлом авлодни вояга етказишнинг кафолатларига тўхталиб ўтди.

— 2003-2013 йилларда мамлакатимизда 1816 спорт иншооти ишга туширилди ва уларда 2 миллион бола спортнинг 30 дан ортиқ тури билан мунтазам шуғулланмоқда, — деди у. — Умуман, давлатимиз томонидан ҳамма шароитлар яратиляпти. Партия ташкилотларимиз ҳамда депутатларимиз эса ҳудудлардаги ёшлар билан боғлиқ ўзига хос муаммоларни тизимли равишда ўрганиб, улар ечими юзасидан сессиялар кун тартибига масалалар, давлат ҳамда маҳаллий даражадаги дастурларга таклифлар киритиш тажрибасидан изчил фойдаланиш зарур.

Семинарда сўз сўраганлар жуда кўп бўлди. Улар мавзу юзасидан ўз фикрларини билдириб, таклифларини ўртага ташлашди.

Лола САОДАТОВА, Маънавият-тарғибот маркази вилоят бўлими раҳбари, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Маънавияти юксак ёшларни йўлдан оздириб бўлмайди. Демак, биз ёшларнинг маънавий дунёқарашини юксалтиришга хизмат қиладиган тадбирларни кўпроқ ташкил этишимиз керак. Яқинда биз барча туманларда «Ватан келажаги сенинг қўлингда» мавзусида тадбирлар ўтказдик. Қарши давлат университетининг 40 нафар талабаси ўқув юртларида бир ой мобайнида маънавият дарслари ўтишди. Иккинчи босқичда улар ­савдо расталари, болалар ­ўйин­гоҳлари аҳволи билан танишиб қайтишди. Қарангки, улар биз илғамаган кўплаб муаммоларни аниқлашибди. Мен жамиятнинг барча соғлом кучлари бирлашиб, бундай муаммоларни бартараф этиш учун ҳамжиҳатликда курашиши керак, деган фикр­ни илгари сурмоқчиман.

Акбар ФАРМОНОВ, Қарши давлат университети талабаси:

— Ўзбекистон Халқ демократик партиясига аъзо бўлиш учун ариза берганимда кўпчилик «Нега бу партияни танладингиз?», деб сўради. Биринчидан, партиямиз инсонпарвар ғояларни илгари суряпти. Иккинчидан, уларнинг ижроси учун курашаяпти. Партиямизнинг халқ ўртасида обрўйи ниҳоятда баланд. Шундай экан, мен бугун шу анжуманда партия аъзолик гувоҳономасини олганимдан беҳад мамнунман.

Шу куни партияга аъзолик гувоҳномаларини олган Гулноза Шодиева, Дилдора Аҳмедова ва бошқалар ҳам партиямиз сафида туриб, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиш ниятида эканликларини билдиришди.

Шунингдек, семинарда халқ депутатлари Деҳқонобод туман Кенгашидаги ЎзХДП ­гуруҳи раҳбари Санжар ­Му­саев, Қамаши хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси, «Ёш сиёсатчи — 2014» кўрик танловининг вилоят босқичи ғолиби Абдусалом Сафаров, Маъ­навият-тарғибот маркази ­Чироқчи туман бўлими раҳбари, «Истиқбол» ёшлар қаноти туман бўлими етакчиси, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Зарнигор Аҳмедова, Муборак газни қайта ишлаш заводи муҳандиси, БПТ раиси Абдураҳмон Туев ҳам сўзга чиқиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Семинарда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз аъзолари, шаҳар ва туман партия ташкилотлари раислари, йирик БПТ етакчилари, олимлар, сиёсий, ҳуқуқий соҳа мутахассислари, матбуот ходимлари иштирок этди.

 

Юнус УЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

 



DB query error.
Please try later.