16.10.2014

ҚАҲРАМОН ОТА-БОБОЛАРИМИЗ ЖАСОРАТИ

доим эътиборда, эъзозда

Президентимизнинг 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш тўғрисидаги фармони кенг жамоатчилик, айниқса, уруш ва меҳнат фахрийлари томонидан чуқур мамнуният билан кутиб олинди.

Мамлакатимизда ота-боболаримизнинг шонли ҳаёт йўлини, кўрсатган қаҳрамонликларини, Ватан, халқ олдидаги хизматларини қадрлаш, ёшларимиз қалбида уларга ҳурмат ва эҳтиром туйғуларини тарбиялаш, авлодлар ўртасида муносиб ворисликни шакллантириш давлат сиё­сатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур фармони ана шу мақсадларга қаратилгани билан муҳимдир. Ушбу фармон мазмун-моҳияти, унинг ҳаётимиздаги аҳамияти эл-юрт ҳурматидаги нуронийлар, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ­фаоллари томонидан жойларда чуқур ўрганилмоқда, тарғибот-ташвиқот қилинмоқда.

Ҳасан НОРМУРОДОВ, «Нуроний» жамғармаси Самарқанд вилоят бўлими ­раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП ­гуруҳи аъзоси, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби:

Давлатнинг куч-қудрати, салоҳияти, дунё ҳамжамиятида тутган ўрни кўп жиҳатдан ўша юртда инсон манфаатлари, айниқса, кексалар қай даражада эъзозланаётгани билан ўлчанади.

Президентимизнинг уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтиришга қаратилган фармони бу борада ташланган яна бир муҳим қадам бўлди.

Очиғини айтсам, бу фармон одамлар кайфиятини кўтариб, нуронийларимизни ёшартириб юборди. Шу боис уруш ва меҳнат фахрийлари жойлардаги учрашув ва тадбирларда Президентимизга миннатдорликларини билдирмоқда.

Бугунги кунда Самарқанд вилоятида 341 нафар уруш қатнашчиси, 6 минг нафарга яқин меҳнат фронти иштирокчиси ҳаёт кечирмоқда. Ҳозирда вилоятимизнинг барча ҳудудларида ушбу фармон аҳамиятини тушунтириш, унинг ҳаётимизда тутган ўрнини очиб бериш мақсадида нуронийларимиздан иборат тарғибот гуруҳлари иш олиб бормоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Президентимиз фармони мазмун-моҳияти билан Ўзбекистон Халқ демократик партияси ғояларига ҳамоҳанг­дир. Шу боис тарғибот тадбирларида партия фаоллари, депутатлар ҳам муносиб иштирок этмоқда.

Президентимизнинг тарихий хотирасиз келажак йўқ, деган сўзлари ҳаётда ўз ифодасини топмоқда. Уруш ва меҳнат фронти қатнашчиларининг жасорати, қони, жони эвазига бугунги дориломон кунларга етиб келдик. Мазкур фармон эса ушбу ҳақиқатни ёшларимиз онгига чуқур синг­дириш, шу орқали улар қалбида кекса авлодга нисбатан меҳр-оқибатни янада мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади, деб ўйлайман.

Абдукарим АҲМЕДОВ, Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Ушбу фармон тарихга, инсон тақдири ва меҳнатига бўлган чексиз ҳурмат ва эътибор намунасидир. Бугунги кунда Сурхондарёда 236 нафар уруш, 1500 нафарга яқин меҳнат фронти фахрийси истиқомат қилмоқда. Уларнинг ҳар бири энг аввало, оиласи, яқинлари, маҳалладошлари ардоғида, фаровон ҳаёт кечирмоқда. Бу инсонларнинг яхши яшаши, саломатлигини тиклаши учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратиб берилганлигини алоҳида таъкидлаш керак. Қолаверса, ҳар йили 9 май Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан ҳукуматимиз томонидан уларга алоҳида эътибор кўрсатилади.

Давлатимиз раҳбарининг уруш ва меҳнат фахрийларига юксак даражада ғамхўрлиги ҳаммамизнинг кўнглимизни тоғдай кўтарди. Ана шу эътиборнинг ўзи кексаларимизнинг ёшига-ёш қўшди, юрагига қувват бўлди. Бунинг аҳамиятини эса ҳеч бир нарса билан ўлчаб бўлмайди.

Фармонга мувофиқ, 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фахрийлари йилига бир марта ўзлари учун мақбул муддатларда санаторий-соғ­ломлаштириш муассасаларида бепул соғломлаштириш курсидан ўтиш имтиёзига эга бўлдилар. Демак, бундан ке­йин уларнинг соғлиғига давлат ва ҳукумат даражасида эътибор янада кучаяди.

Юртимиздаги тинчлик ва осойишталик, тўкинлик ва фаровонлик қадрини уруш қатнашчилари нисбатан чуқурроқ англашади. Шу боис бугун нуронийларимиз тилида шукроналик, замондан, ҳаётдан розилик сўзлари янграмоқда.

«Ўзбекистон овози» мухбири

Нурали ОРИПОВ ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.