14.10.2014

ИШОНЧЛИ ВАКИЛ

депутатликка номзод муваффақияти учун курашади

Сайлов жараёнлари мамлакатда демократик тамойиллар қанчалик мустаҳкам қарор топганини кўрсатади. Шу боис юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар сайлов тизимини янада ривожлантириш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш концепциясига кўра, сўнгги йилларда сайлов қонунчилиги халқаро талаблар асосида такомиллаштирилди. Хусусан, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги ҳамда «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Сайлов жараёни билан боғлиқ ҳар қандай масала ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шунинг учун қонунчиликда сайлов жараёнига алоқадор барча жиҳат ва фаолиятлар қонунларда аниқ белгилаб қўйилган. Жумладан, депутатликка номзод ишончли вакилларининг сайлов жараёнидаги иштироки, вазифалари тегишли нормаларда мустаҳкамланган.

Бугунги кунда сиёсий пар­тия­лар ва улар томонидан кўрсатилаётган депутатликка номзодлар ўз дастурларини, шунингдек, мамлакатни ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ривожлантиришнинг долзарб масалаларига доир нуқтаи назарларини сайловчиларга, жамоатчиликка етказишда ­оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиши учун кенг ва тенг имкониятлар яратиб берилган. Шунингдек, депутатликка номзоднинг дастурларини тарғибот-ташвиқот қилиш, унинг манфаатларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ жараёнларда ишончли вакил инс­ти­тутига муҳим ўрин берилмоқда.

Аваз САИДОВ, ЎзХДП Марказий Кенгаши ташкилий-кадрлар ишлари ва парламентчилик фаолияти бўлими мудири ўринбосари:

— «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги қонуннинг 27-ва 38-моддаларига мувофиқ, сайловолди ташвиқоти депутатликка номзодлар рўйхатга олинган кундан бошланади. Демак, ана шу давр ишончли вакиллар учун ҳам муҳим ҳисобланади.

Мазкур қонуннинг 28-моддасида депутатликка номзод ишончли вакилларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, вазифалари белгилаб берилган. Унга мувофиқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод ўн нафарга қадар ишончли вакилга эга бўлиши мумкин. Ишончли вакилнинг асосий вазифаси — номзод депутат этиб сайланиши учун ташвиқот юритиш бўлиб, давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг органлари, сайловчилар билан ўзаро муносабатларда, шунинг­дек, сайлов комиссия­ларида номзоднинг манфаатларини ҳимоя қилади.

Шу боис ишончли вакилликка танланган шахслар эл-юрт ўртасида обрў-эътиборга эга, ўз вазифасини пухта биладиган ҳамда номзод ҳақидаги барча маълумотлардан хабардор кишилар бўлиши зарур. Ишончли вакил сайловчи билан мулоқот жараёнида номзодга нисбатан ишонч уйғота олиши муҳим аҳамиятга эга. Шуни инобатга оладиган бўлсак, депутатликка номзоднинг муваффақиятга эришиши кўп жиҳатдан ишончли вакилларнинг қандай фаолият олиб бориши билан ҳам боғлиқ бўлади.

Сотиболди БОБОҚУЛОВ, юридик фанлари доктори, профессор, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳи аъзоси:

— «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги қонуннинг 26-моддаси депутатликка номзоднинг ишончли вакиллари хақида. Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши депутатлигига номзод уч нафарга қадар ишончли вакилга эга бўлиши мумкин. Қонунчиликда депутатликка номзод рўй­хатга олинганидан кейин ўз ишончли вакилларини ўзи белгилаши ҳуқуқи берилган. Бу ҳақда у округ сайлов комиссиясига маълум қилиши зарур. Шундан сўнг сайлов комис­сия­си ишончли вакилларни рўйхатга олади ҳамда уларга гувоҳнома топширади.

Шунингдек, депутатликка номзод сайловга қадар ўз ишонч­ли вакилини истаган вақтда ваколатидан маҳрум қилиши ёки уни бош­қаси билан алмаштириши мумкин. Фақатгина бу ҳақда округ сайлов комис­сия­сига маълум қилиши талаб этилади. Ўз навбатида, ишончли вакилга ҳам истаган вақтида ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилиш ҳуқуқи берилган.

Қонунчиликка кўра, ишончли вакил сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас.

Умуман олганда, депутатликка номзоднинг ишончли вакили — рўйхатга олинган номзод томонидан тайинланадиган, ўз фаолияти билан тегишли номзоднинг сайланишига кўмаклашадиган шахсдир. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ишонч­ли вакилларни тайинлаш депутатликка номзоднинг мажбурия­ти эмас, балки ҳуқуқи ҳисобланади. Бу ҳу­қуқдан самарали фойдаланиш эса депутатликка номзоднинг муваффақиятга эришишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

 

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири. 



DB query error.
Please try later.