Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyun 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 31 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
14.10.2014

«Гумроҳлар» —Ватан қадри ҳақидаги ҳаётий фильм

Алишер Навоий номидаги кино саройида «Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига асосан «Ватан» киностудиясида тасвирга олинган «Гумроҳлар» фильмининг премьераси бўлиб ўтди. Сценарий муаллифи ва постановкачи режиссёр Ҳилол Насимов. Фильмда асосий ролларни Эркин Комилов, Хайрулла Саъдиев, Мирза Азизов, Самандар Ҳамроқулов каби таниқли санъаткорлар ижро этган.

Ушбу фильмнинг сюжети ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тўплаган ҳужжатлар асосида яратилган бўлиб, воқеалар Андижон вилоятида ва айрим хорижий мамлакатларда тасвирга олинган.

...Оллоёр Шукуров зўр тадбиркор чиқди. У оиласи билан жуда бахтли яшар, таърифи узоқларга етган эди. Бир куни унинг ишхонасига нотаниш аёл келди ва Оллоёрга дунёга чиқиш таклифини билдирди. Энди тадбиркорда ўз фаолиятини хорижда давом эттириш фикри туғилди. Ўзга мамлакатларда уни кутилмаган синовлар кутарди. Оллоёр ўз оиласи ва юртини ташлаб кетди. Ёт оқимларнинг чангалига илинди, виждони ва кўнглига қарши борди. Фильмда хориж мамлакатларида мустақиллигимиз ва тинчлигимизга раҳна солмоқчи бўлган кимсаларнинг қиёфалари далиллар орқали очиб беришга ҳаракат қилинган.

Асарда шароит тақозоси билан ўзга мамлакатларда истиқомат қилаётган юртдошларимизнинг ҳаёти, соғинчи, дарди ва изтироблари акс этган. Ўзбекистон халқ артисти Муҳаббат Шамаеванинг иштироки, айниқса, таъсирли чиққан. Унинг Ўзбекистон ҳақида тўлқинланиб, фахрланиб сўзлашини эшитган томошабин олтин қафас ичидаги булбулнинг ўз тиконзорларига ташна ҳолатини сезгандай бўлади. Хонанда томонидан «Кўчалар» қўшиғининг жонли ижро этилиши фильмга ўзгача руҳ бағишлаган. 

Фильмдаги ўз юртини соғинаётган кишининг ўйларига эътибор қилинг: У бегона тупроқда жон беришдан қўрқади. Ҳашамат ичидаги ҳаётдан кўра, ўз юртида оддий инсон бўлиб яшагиси келади.

— Катта ўғлим гапимга кирмайди. Қандайдир гуруҳларга аралашиб қолган. Кичкина ўғлим бир ойдан бери уйда йўқ, қаердалигини ҳеч ким билмайди. Шу ҳам яшашми? — дейди хорижда яшаётган фильм қаҳрамони.

Бу каби огоҳликка ундовчи кадрлар фильмнинг янада жонли ва таъсирчан чиқишига хизмат қилган. Режиссёр томонидан танланган актёрлар ансамбли персонажларнинг ҳаётий чиқишида муҳим ўрин тутган. Қисқа қилиб айтганда, мазкур картина турли ёт ғоялар таъсирида  халқимизнинг тинчлиги ва осойишталигига путур етказмоқчи бўлган кимсаларнинг аянчли қисматидан ҳикоя қилади ва барчамизни огоҳликка даъват этади.

 

Бобур ЭЛМУРОДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: