14.10.2014

ОСИЁ ЎЙИНЛАРИ ҒОЛИБ ВА СОВРИНДОРЛАРИ ШАРАФЛАНДИ

Мамлакатимизда халқаро майдонларда юксак ғалабаларни қўлга киритиб, Ватанимиз шуҳратига шуҳрат қўшаётган спортчиларни ардоқлаш, уларнинг ютуқларини муносиб тақдирлаш анъанага айланган.

Хабарингиз бор, шу йилнинг 19 сентябрь — 4 октябрь кунлари Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ўтказилган XVII Осиё ўйинларида спортчиларимиз умумжамоа ҳисобида 9 олтин, 14 кумуш ва 21 бронза медални қўлга киритиб, Ватанимизнинг халқаро миқёсдаги шон-шуҳратини янада юксалтиришга, халқимизнинг қудрати ва салоҳиятини намоён этишга муносиб ҳисса қўшди. 

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2014 йил 8 октябрдаги Фармойишига мувофиқ Осиё ўйинларининг ғолиб ва совриндорлари пул мукофотлари билан тақдирланди.

Куни кеча пойтахтимиздаги «Олимпия шон-шуҳрати» музейида XVII Осиё ўйинлари ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. 

Тадбирда Юртбошимиз раҳнамолигида мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқимизнинг эркин ва озод, тинч-осойишта, фаровон ва бахтли ҳаёт кечириши, ўсиб келаётган ёш авлодни баркамол инсонлар этиб вояга етказишда муҳим омил бўлаётгани таъкидланди.

XVII Осиё ўйинларида Ўзбекистон спорт делегация­си ҳисобига дастлабки олтин медални эркин кураш устаси Бекзод Абдураҳмонов (70 кг) тақдим этди. Шунингдек, полвонларимиз Рашид Қурбонов (74 кг) ва Рустам Ассакалов (84 кг) ҳам шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.

— Жуда ҳаяжондаман, —дейди тантанада сўзга чиққан олтин медаль соҳиби, таэквондочи Жасур Бой­қўзиев. — Халқаро майдонларда туғилиб ўсган Ватан шаънини муносиб ҳимоя қилиш ҳар бир спортчи учун катта шараф! Спортни ривожлантириш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишимиз, халқаро майдонларда юксак ғалабаларга эришишимиз учун зарур шароит ва имкониятларни яратиб бераётган, биз ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётган Президентимиздан беҳад миннатдормиз. Бундай эътибор ва ғамхўрликка жавобан келгусида жаҳон чемпионати ва Олимпия ўйинларида ҳам Ватанимиз байроғини баланд кўтаришга ҳаракат қиламиз.

Каноэда эшкак эшиш бўйича икки карра жаҳон чемпиони Вадим Меньков яна бир бор ўзининг тенгсизлигини намойиш этди. Истеъдодли спортчимиз Инчеонда кетма-кет учинчи маротаба Осиё ўйинлари ғолиби бўлди. Байдаркада эшкак эшиш бўйича Алексей Мочалов ҳам Осиё ўйинлари олтин медали билан тақдирланди. 

— Мен учун ҳар бир сов­рин алоҳида қадр-қимматга эга, — дейди каноэчимиз Вадим Меньков. — Шоҳсупага кўтарилиш ҳар бир спортчи учун катта орзу саналади. Бу эса машаққатли меҳнатни талаб қилади. Эришаётган ютуқларим замирида аввало Президентимиз Ислом Каримов томонидан жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга кўрсатилаётган ғамхўрлик ётганини таъкидлашни истардим. Инчеонда қўлга киритган ғалабамни 2016 йили Рио-де-Жанейрода ўтказиладиган XXXI Олимпия ўйинларида ҳам такрорлашга бор куч ва имкониятимни ишга соламан. 

Осиё ўйинларида эришилган ғалабаларга хотин-қиз спортчиларимиз ҳам муносиб ҳисса қўшдилар. Бу эса юртимизда хотин-қизлар ўртасида спорт тобора оммалашиб бораётгани, спортнинг қизларга мос турларини ривожлантиришга қаратилаётган эътиборнинг юксак самарасидир. Жумладан, Инчеонда бадиий гимнастикачиларимиз Жамила Раҳматова, Равиля Фархутдинова, Валерия Давидова ва Анастасия Сердюковадан иборат жамоамиз олтин медаль билан тақдирланди.

Енгил атлетикачиларимиздан ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони Светлана Радзивил баландликка сакраш баҳсларида энг юқори натижа кўрсатиб, қаторасига иккинчи бор Осиё ўйинлари ғолиби бўлди. Еттикураш баҳсларида Екатерина Воронина қитъамизда тенгсиз эканлигини намоён этди. 

Шунингдек, Осиё ўйинларида спортчиларимизнинг бокс, дзюдо, каратэ-до, оғир атлетика, спорт гимнастикаси, теннис турлари бўйича ҳам Ватанимизга медаллар билан қайтганликлари қувонарлидир.

— Қитъа олимпиадасида бир қатор умидли ва ёш спортчиларимиз иштирок этди, — дейди оғир атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Баҳром Абдумаликов. — Шунга қарамай, кескин ва муросасиз кечган беллашувларда вакилларимиздан Маҳлиё Тоғаева, Сардорбек Дўсмуродов, Улуғбек Алимов бронза медали билан тақдирлангани кўнглимизни тоғдек кўтарди. Чунки ноябрь ойининг дастлабки ўн кунлигида Алмати (Қозоғистон)да навбатдаги жаҳон чемпионати ўтказилади. Унда кучли спортчиларга 2016 йили Рио-де-Жанейрода бўладиган ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмалари учун рейтинг очколари тақдим этилади. Шу боис етакчи полвонларимиз Руслан Нуриддинов, Иван Ефремев, Руслан Макаровларни Осиё ўйинларига жалб этмадик. Агар истеъдодли спортчимиз Маҳлиё Тоғаеванинг қизлар ўртасида Осиё ўйинларининг илк медалини қўлга киритганлигини ҳисобга олсак, юртимизда яна бир иқтидор эгаси кашф этилганлигини билиб олиш қийин эмас.

Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.Мирзиёев сўзга чиқди. 

 

Эркин ХОЛБОБО,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.