14.10.2014

Ўзбекистон пахтаси ва тўқимачилик саноати: юксак сифат, юқори талаб

Тошкентда 13 октябрь куни Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган Х Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси бошланди. 

Мамлакатимизда пахта ярмаркасини юксак савияда ўтказиш яхши анъанага айланди. Ўн йилдирки бу ерда дунёнинг турли мамлакатларидан пахта ва тўқимачилик саноати вакиллари, трейдерлар тармоқни ривожлантириш тенденциялари, жаҳон бозоридаги нархлар коньюнктурасини муҳокама этиш, Ўзбекистон пахта саноати билан танишиш, пахта толаси ва ундан тайёрланган маҳсулотларни етказиб бериш бўйича бевосита шартномалар тузиш имконига эга бўлмоқда. 

Ўзбекистон билан пахта бизнесида ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтиришга бўлган қизиқиш йил сайин ортиб бораётир. 2005 йилда Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркасида 30 мамлакатдан 170 га яқин компания вакиллари қатнашган бўлса, жорий йилда элликка яқин давлатдан 1000 дан ортиқ фирма ва компания вакиллари ташриф буюрди. Сўнгги 10 йилда Ўзбекистон пахтасини экспорт қилиш географияси анча кенгайди. Масалан, 2000 йилда юртимиз далаларида етиштирилган ҳосил асосан Европа давлатларидаги бозорларда сотилган бўлса, кейинги вақтда Хитой, Бангладеш ва Жануби-Шарқий Осиёнинг бошқа мамлакатларига ҳам экспорт қилинмоқда.

Ярмаркада қатнашиш учун пойтахтимизга келган хорижий иштирокчилар Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик қилишга катта қизиқиш билдирмоқда. Бугунги кунда мамлакатимиз жаҳонда пахта етиштириш бўйича олтинчи, уни экспорт қилиш бўйича бешинчи ўринда туради. Ўзбекистоннинг ушбу соҳадаги саъй-ҳаракатлари пахта толасини ишлаб-чиқариш бўйича янги технологияларни жорий қилиш, унинг сифат ва техник хусусиятларини яхшилаш, енгил саноатни янада ривожлантириш, хомашёни чуқур қайта ишлашни кенгайтириш ва қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтиришга қаратилган. 

– Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркасида ўнинчи марта иштирок этмоқдаман, – дейди «Cotton Outlook» халқаро агентлигининг бошқарувчи директори Р.Батлер. – Ушбу ярмарка пахта ҳамда тўқимачилик бизнеси иштирокчиларида тобора катта қизиқиш уйғотмоқда. Ярмарка Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик саноати салоҳиятини намойиш этувчи бой дастурга эга. Буларнинг барчаси соҳада салмоқли ютуқларга эришилаётганидан далолат беради. Агентлигимиз юқори сифат кўрсаткичларига эга ва жаҳон бозорида харидоргир Ўзбекистон пахтаси бўйича алоҳида котировкаларни мунтазам чоп этиб келмоқда. Самарали ҳамкорлигимиз бундан буён ҳам давом этишига ишонаман. 

Бугунги кунда мамлакатимиз селекционерлари томонидан 107 янги пахта нави яратилган, улардан 27 таси давлат реестрига киритилган ва юртимизнинг турли вилоятларида экиш учун тавсия қилинган. Олимларимиз селекция ишларини режалаштиришда иқлим шароитларини инобатга олиб, толанинг юқори унумдорлиги ва сифати, шўрланиш ва нам етишмаслиги, касаллик ҳамда зараркунандалар ва юқори ҳаво ҳароратига чидамлилигини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. 

«Ўзэкспомарказ»да жорий йилда мамлакатимиз пахта заводлари томонидан ишлаб чиқарилган барча тола намуналари қўйилган. Чет эллик экспертларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон пахта саноатида амалга оширилган таркибий туб ўзгаришлар юртимизда етиштирилган пахта толасининг жаҳон бозоридаги нуфузи ва рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилмоқда. Ишлаб чиқариш қувватларининг модернизация қилиниши ва технологик янгиланиши бу борадаги муҳим ютуқлардан биридир. Корхоналарда ишлаб чиқариш майдонлари қисқартирилмоқда, энергия тежайдиган технологиялар, хомашё ҳамда маҳсулотларни автоматлаштирилган тарзда назорат қиладиган ва электрон ҳисобга оладиган тизимларга эга замонавий ускуналар жорий этилмоқда. 

Бремен пахта ассоциацияси ва Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитаси аъзоси бўлган «Сифат» Ўзбекистон пахта толасини сертификатлаш марказининг «Ўзпахтасаноат» уюшмаси билан биргаликдаги саъй-ҳаракатлари самарасида пахта ҳамда тайёр пахта маҳсулотларини таснифлаш тизимининг такомиллаштирилгани тола сифатини янада оширишга хизмат қилмоқда. Марказ ва унинг ҳудудий лабораторияларида тола хусусиятлари замонавий HVI юқори технологик тизими ёрдамида текширилмоқда. Истеъмолчилар бундай текширув натижаларига тўлиқ ишонади. Негаки, ушбу тизим энг юқори халқаро талабларга жавоб беради. 
– Ўзбекистон пахтаси толасининг юқори сифати билан ажралиб туради, – дейди Бангладеш пахта ассоциацияси президенти М.Аюб. – Бу йил мамлакатингиздан 175 минг тонна пахта толаси харид қилишни режалаштирмоқдамиз. 

Мамлакатимизда пахта терими механизациялаштирилаётгани етиштирилган ҳосилни ўз вақтида ва самарали йиғиб-териб олиш, пахтани ўз муддатида истеъмолчиларга етказиб бериш имконини бермоқда. Шу мақсадда Ўзбекистонда модификацияси янада яхшиланган пахта териш машиналарини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Масалан, «Uz Class Agro» Ўзбекистон-Германия қўшма корхонаси базасида чигит қадаш, ғўза қатор ораларига ишлов бериш, пуркаш, культивация ва чеканка қилиш имконини берадиган замонавий русумдаги тракторлар ишлаб чиқарилаётир. Жорий йилда пахта далаларида юртимизда ишлаб чиқарилган 1200 дан зиёд машинадан фойдаланилмоқда. 

Республикамизда 90-йилларда пахта толасини қайта ишлаш ҳажми атиги 7 фоизни ташкил қилган бўлса, соҳада амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарасида 2011 йил охирида бу кўрсаткич 40 фоизга етди. Экспертларнинг таъкидлашича, 2016 йилда Ўзбекистонда пахта толасини қайта ишлаш кўрсаткичи 60 фоизга етиши лозим. 

Мамлакатимизда пахта экспортини хомашёдан юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотга босқичма-босқич йўналтириш енгил саноат имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилаётир. Бугунги кунда «Ўзбекенгилсаноат» давлат акциядорлик компанияси таркибида қарийб 300 корхона фаолият кўрсатмоқда. Улар 385 минг тонна калава, 284,5 миллион квадрат метр газлама, 88,3 минг тонна трикотаж мато, 225,8 миллион дона тикувчилик-трикотаж буюмлари, 43,1 миллион жуфт пайпоқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга. 

Барқарор хомашё базасининг мавжудлиги, пахта толаси сифатининг юқорилиги, ресурслар нархининг қулайлиги, юқори малакали ходимларнинг мавжудлиги соҳага чет эл инвестициясини жалб қилиш ҳажмини ошириш имконини бераётир. Шу боис ҳар йили мамлакатимизда янги қўшма тўқимачилик корхоналари ташкил этилиб, уларда сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. 

«Ўзбекенгилсаноат» давлат акциядорлик компаниясидан олинган маълумотларга кўра, мамлакатимизда сўнгги 4 йилда Жанубий Корея, Швейцария, Сингапур, Япония, Ҳиндистон ва бошқа давлатлар инвесторлари иштирокида саксондан ортиқ корхона ташкил этилган. Айни пайтда енгил саноатимиз салоҳияти тобора юксалиб бормоқда, бунда ишлаб чиқилаётган моделларни бозор коньюнктураси ҳисобга олинган ҳолда янгилаш, рақобатбардош либослар моделларини яратиш, корхоналарга буюртмалар портфелини шакллантиришда кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

– Ўзбекистонда енгил саноат корхоналарини замонавий ускуналар билан жиҳозлашга катта эътибор берилмоқда, – дейди «Ритер АГ» компаниясининг катта вице-президенти К.Лиське. – Мамлакатингизда илғор технологияларнинг жорий этилаётгани самарасида юқори сифатли тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Бундан ташқари, соҳага инвестиция киритиш учун қулай шароитлар яратилмоқда. Масалан, 2012 йилда Ўзбекистонда ишга туширилган «Ритер Ўзбекистон» хорижий корхонасида тасмали, тароқли ва йигирув ускуналари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Корхона муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда ва биз бундан мамнунмиз. 

Ярмаркада мамлакатимиз енгил саноати корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган ип, газлама, тайёр тикувчилик буюмлари каби кенг турдаги маҳсулотлар намойиш этилмоқда. «Шарқ либослари» дизайнерлик марказининг табиий матолардан тикилган либослар намойиши хорижий иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Бу Ўзбекистонда мода саноати катта имкониятларга эга эканидан далолатдир. 

Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитасининг бошқарувчи директори А.Гитчунс, Бремен пахта биржаси бошқаруви аъзоси Ф.Гробиен, Халқаро тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар федерацияси бош директори К.Шиндлер, Жанубий Корея тўқимачилик соҳаси технологияларини ривожлантириш институти директори Х.Пак ва бошқалар Ўзбекистон билан пахта ва тўқимачилик соҳасидаги ҳамкорлик кўплаб афзалликларга эга эканини таъкидлади. Бу, биринчи навбатда, мамлакатимизда иқтисодий муносабатлар эркинлаштирилаётгани, юқори сифатли хомашёнинг мавжудлиги, энергия манбалари билан барқарор таъминлаш, йирик ташқи савдо бозорларига чиқиш имконияти ва ички бозорнинг ривожланиб бораётгани билан боғлиқдир. Давлатимиз томонидан инвесторларга салмоқли солиқ ва божхона имтиёзлари, преференциялар берилаётгани мамлакатимизда инвестиция лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этишда муҳим омил бўлмоқда. 

Ярмарканинг биринчи кунида мамлакатимиз ҳудудларининг инвестициявий салоҳияти ва тўқимачилик соҳасидаги лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Ўзбекистон пахта толаси ва тўқимачилик маҳсулотларини сотиб олаётган мамлакатлар делегациялари билан бўлиб ўтган музокараларда юртимизнинг ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилари ҳамда ташқи савдо компаниялари вакиллари қатнашди. 

X Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркасининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёев сўзга чиқди. 

Меҳрибон Маметова, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА 


DB query error.
Please try later.