11.10.2014

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 9-10 октябрь кунлари Минск шаҳрида бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида иштирок этди

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 9-10 октябрь кунлари Минск шаҳрида бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида иштирок этди.

МДҲ саммитининг асосий тадбирлари 10 октябрь куни бўлиб ўтди.

Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида Ҳамдўстлик доирасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга оид долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Президентлар хавфсизликни таъминлаш, гуманитар соҳадаги алоқаларни кенгайтириш юзасидан фикр алмашдилар.

Ўзбекистон Президенти МДҲ бевосита мулоқотни қўллаб-қувватлаш, долзарб масалаларни муҳокама қилиш имконини берадиган тузилма, аъзо давлатларни барқарор ривожлантириш, уларнинг савдо-иқтисодий салоҳиятини фаол ишга солиш, хавфсизликка таҳдидларни бартараф этиш борасида ўзаро маъқул ёндашувлар, мувофиқлаштирилган амалий чоралар ишлаб чиқишга хизмат қиладиган майдон эканини таъкидлади.

Ислом Каримов саммит қатнашчилари эътиборини Ҳамдўстлик маконида тўлақонли эркин савдо зонасини шакллантириш ва уни тезроқ ишга тушириш заруратига қаратиб, бу ўзаро савдо ва сармоявий алоқаларни кенгайтириш учун имкон қадар кўп шарт-шароит яратишини қайд этди.

Маълумки, МДҲ доирасида муайян йилларни гуманитар мавзу билан номлаш ва тегишли чора-тадбирларни белгилаш анъанага айланган. Саммит қатнашчилари МДҲда 2016 йилни таълим йили, деб эълон қилишга келишиб олдилар.

Хавфсизлик масалалари муҳокама қилинар экан, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишини назорат қилиш, ноқонуний миграция ва одам савдосига қарши курашиш борасидаги ҳамкорликка оид ҳужжатларнинг лойиҳалари кўриб чиқилди.

Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида МДҲни янада ривожлантириш концепциясини ҳаётга татбиқ этиш бўйича асосий чора-тадбирлар режаси ижросининг бориши таҳлил этилди, қатор ташкилий масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ҳамдўстликка раислик Қозоғистон Республикасига ўтди.

Минскка ташриф асносида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко билан музокара ўтказди.

Суҳбат чоғида икки томонлама муносабатларни янада юқори поғонага кўтариш билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистон – Беларусь муносабатлари дўстлик ва ҳамкорлик тамойиллари асосида ривожланиб бормоқда. Икки мамлакатнинг минтақавий ва халқаро масалаларга қарашлари ўхшаш ва яқин. Ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасида мунтазам маслаҳатлашувлар йўлга қўйилган.

Беларусь Ўзбекистонга Марказий Осиёдаги асосий иқтисодий шерикларидан бири сифатида қарайди. Савдо кўлами йил сайин кенгаймоқда. 2013 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 193,5 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Ўзбекистондан Беларусга экспорт қилинадиган пахта толаси, тўқимачилик саноати ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, автомобиллар миқдори муттасил ошмоқда. Беларусдан Ўзбекистонга оғир юк ташувчи автомобиллар ва тракторлар импорт қилинади. Айни пайтда мамлакатларимиз биржалари, савдо-саноат палаталари, йирик ишлаб чиқариш корхоналари ўртасида бевосита ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан мулоқотлар давом этмоқда.

Суҳбат чоғида ўзаро муносабатларда савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқалар устувор экани, Икки томонлама ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Беларусь ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг фаолиятини кенгайтириш бу соҳадаги алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Ўзбекистон ва Беларусь маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор бермоқда. Хусусан, икки мамлакатнинг маданият ва санъат намояндалари Ўзбекистон ва Беларусда ташкил қилинадиган йирик халқаро тадбирларда мунтазам иштирок этиб келади. Ўзбекистон вакиллари “Славянский базар в Витебске” халқаро санъат фестивалида, беларуслар “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида фаол қатнашади.

Анвар Бобоев, ЎзА махсус мухбири Тошкент – Минск – Тошкент



DB query error.
Please try later.