Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
11.10.2014

ЎЗБЕКИСТОН ТАШҚИ СИЁСАТИ: ЎЗАРО ҲУРМАТ ВА СИЁСИЙ МУЗОКАРА

Президентимиз мамлакатимиз мустақиллигининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида бугунги ўта нотинч, таҳликали бир шароитда Ўзбек­истоннинг ташқи сиёсатини яна бир бор маълум қилди. Биз барча муаммоларни, қарама-қаршиликларни фақатгина сиёсий йўл, тинч воситалар орқали ҳал этиш тарафдоримиз.

Бизга тинчлик ва омонлик керак. Ўзбекистон бу эзгу ниятга изчил амал қилиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигини қўлга киритиши биланоқ дунёдаги барча мамлакатлар билан ўзаро икки ҳамда кўп томонлама муносабатларини белгилашда биринчи навбатда тинч­ликпарварлик тамойилига амал қиладиган ички ва таш­қи сиёсат юритишини жаҳонга маълум қилган эди. Чунки тинчлик, хотиржамлик ҳукм сурган мамлакатдагина фаровон ва обод­лик учун интилиш, эзгу режаларни амалга ошириш иштиёқи ҳамда имкониятлари юзага келади. Хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, турли таҳдид ҳамда хавф-хатарларга қарши кураш масаласи долзарб аҳамият касб этаётган бугунги кунда ушбу ҳаётий ҳақиқатнинг қадр-қиммати янада юксак ва теран мазмунга эга. Истиқлол йилларида мамлакатимиз ташқи сиёсатининг асосий йўналиши ҳам ана шу устувор вазифалар ижросига оғишмай амал қилиб келинаётгани билан ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Дарҳақиқат, Президентимиз таъкидлаганидек, « ... Биз дастлабки кунларданоқ мус­тақил равишда ташқи сиёсат юрита бошладик. Тинчлик ва ҳамжиҳатлик принципларини олға сурдик. Ўзбекистон иқтисодий ва маънавий салоҳиятли буюк давлат эканини англатиб турдик ва бу ҳақиқатни амалда намоён эта бошладик».

Албатта, Ўзбекистон ҳукумати томонидан тинчликпарвар ички ва ташқи сиёсатнинг тарғиб этилишида қатор тарихий, ғоявий-маънавий асослар мавжуд. Бугун меҳнаткаш, бағрикенг ўзбек халқи, кўп миллатли Ўзбекистон узоқ ўтмиш силсиласида эришган маънавий қадриятлари негизида фуқаролик жамиятини барпо этишида осойишталикнинг аҳамияти беқиёс. Чунки, барқарор тараққиётнинг узлуксиз таъминланиши учун, халқаро саҳнада тинчликни қўллаб-қувватлаш долзарб масала ҳисобланади.

Машҳур Америка олими Самуэль Ҳантингтон ўзининг асарларида янги давр­да «маданиятлар тўқ­нашуви»ни башорат қилган бўлса, биз буни «маданиятлар учрашуви» деб баҳолаб, инсониятнинг эндиги тарихий босқичи ўзаро ҳамжиҳатлик ва осойишталикда яшаши учун катта бир имконият даври бўлади, деган фикр­ни илгари сурмоқчимиз. Бинобарин, бозор иқтисодиёти асосидаги дунёвий жамиятга интилиш, бу — дунёнинг кўпчилик мамлакатлари танлаган ма­гис­трал йўл бўлиб, мазкур оқим қайсидир маънода давлатлар ўртасида истаймизми-йўқми ўзаро компромисс (келишув) муҳитини яратиш заруратини ифодалайди.

Зеро, ХХ асрнинг сўнгги чораги ва ҳатто ҳозиргача давом этиб келаётган дунёнинг айрим нуқталарида, жумладан, бизга яқин Афғонистонда юзага келган беқарор вазият жаҳон ҳамжамиятидан бу масалаларга ўта жиддий ва ҳушёрлик билан эътибор қаратишни, уларнинг ечимини топишда оқилона йўл тутишни тақозо этади. Жаҳон харитасида пайдо бўлган янги мустақил давлат — Ўзбекистон ва унинг Президенти бу борада қатор таклифлар билан чиқди. Марказий Осиёнинг «ядро қуролидан холи ҳудуд»га айлантирилиши, Афғонис­тон бўйича Тошкент музокаралари, минтақанинг келгусидаги хавфсизлик архитектурасининг мустаҳкамланишида Ўзбекистон ташаббуслари муҳим амалий аҳамиятга эга бўлди. Хусусан, афғон муаммосини фақат ҳарбий йўл билан ечиб бўлмаслиги ва бу можарони сиёсий воситалар билан ҳал этиш учун аввалдан фаолият юритиб келаётган мулоқот гуруҳини «6+3» гуруҳига айлантириш борасидаги давлатимиз раҳбарининг НАТО ташкилотининг 2008 йилда Бухарестдаги саммитида билдирган таклифи сиёсий доираларда қизғин муҳокама қилиниб, қўллаб-қувватланди. Янги форматдаги ушбу гуруҳга Афғонистон билан қўшни бўлган олтита давлат, АҚШ ва Россия ҳамда НАТО ташкилотининг вакиллари кириши кўзда тутилган бўлиб, уларнинг асосий вазифаси афғон муаммосини сиёсий, яъни дипломатик воситалар билан ҳал этиш йўлларини излаб топишга қаратилди. Бу узоқ йиллардан буён беқарорлик ўчоғи бўлиб келаётган минтақада тинчлик ва осо­йишталикни ўрнатишда муҳим омил бўлиши шубҳасиз. АҚШнинг Жон Хопкинс университети қошидаги Марказий Осиё ва Кавказ институти раҳбари, профессор Фредерик Старрнинг таъкидлашича, Президент Ислом Каримов Афғонистондаги вазиятни «ўта оғир ва нозик» дея, аниқ ҳамда равшан таҳлил этди. Бугунги кунда афғон муаммосини ҳарбий йўл билан ҳал этиб бўлмаслигини реал фикрлай оладиган ҳар бир инсон тушуниб етмаслиги мумкин эмас.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён шу вақтгача тадрижий равишда амалга ошириб келаётган ташқи сиёсати бу шунчалик кузатувчи мақомидаги сиёсат эмас, балки халқ­аро муносабатлар тизимининг тенг ҳуқуқли, фаол аъзоси сифатидаги аниқ мақсадларни кўзлаган тинчликпарвар сиёсат эканлигини ҳар бир ташланаётган жиддий қадамлар мисолида кўришимиз мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро майдонда олиб бораётган ташқи сиёсатини, унинг мамлакатимизнинг миллий манфаатларига жавоб берадиган стратегик устувор йўналишларини янада такомиллаштириш бугунги кунда энг долзарб масалалардан бири бўлиши табиийдир. Шу боис 2012 йил сентя­брь ойида «Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиё­сий фаолияти концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Унда Ўзбекис­тон Республикасининг турли ҳарбий сиёсий блокларга кирмаслиги, ўзининг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш бўйича қатъий позицияга эга бўлиши ҳамда ўз ҳудудида хорижий давлатларнинг ҳарбий базалари жойлаштирилишига йўл қўймаслиги, очиқ, изчил ва фаол ташқи сиёсат олиб бориши каби тинчликпарварлик тамойилларига йўғрилган эзгу-мақсадлар мужассамдир. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, қон-қонимизга сингиб кетган бизга тинчлик ва омонлик керак, тамойилини амалга ошириш барчамиз учун долзарб вазифадир. Шуб­ҳасиз, тинчлик диплома­тиясини тар­ғиб қи­лиш ва қўллаб-қувватлаш халқлар ҳамда давлатлар ўртасидаги дўст­лик, юксалиш ва тараққиёт омилидир.

 

Адҳам ХУДОЙҚУЛОВ,

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ўқитувчиси.



DB query error.
Please try later.