09.10.2014

ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ИЖТИМОИЙ САМАРАСИНИ ОШИРИШ

биз учун устувор вазифа бўлиб қолаверади

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Самарқанд вилоят кенгаши парламент ва маҳаллий Кенгашлар сайловларида партиянинг муносиб иштирокини таъминлаш масалаларига бағишланган семинар ўтказди.

Кун ўтган сайин сайлов кампанияси қизғин тус олмоқда. Партиямиз ташкилотларида ҳам сайловга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ ишлар кўлами кенгайиб бормоқда. Барча чора-тадбирлардан кўзланган мақсад битта – сайловда муваффақиятли иштирок этиш.

— Биз навбатдаги сайловларга янада катта куч ва тажриба билан кириб бормоқдамиз, — деди вилоят партия кенгаши раиси Камолбой Исабеков. — Ўтган беш йил мобайнида вилоятимизда партиямиз аъзолари сафи сезиларли даражада ортди, бугунги кунда улар сони 19272 нафарга етди. 662 та бошлан­ғич партия ташкилоти  фаолият кўрсатмоқда. 2009 йилда бўлиб ўтган сайловларда халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи 60 та сайлов округидан 17 тасида, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига сайловларда эса 480 та округдан 196 тасида ЎзХДПдан кўрсатилган номзодлар ғолиб чиққан эди. Ўтган сайловлар тажрибаларига тая­ниб, сайлов кампанияси даврида ўзимизда мавжуд ҳамда қўшимча имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда янада юқори натижалар учун ҳаракат қилишимиз керак.

— Мамлакатимизни модернизация қилиш ва жамиятни демократлаштириш жараёнлари чуқурлашгани сари ҳаётимизда сиёсий партияларнинг роли тобора ортиб боряпти, — деди халқ депутатлари Самар­қанд вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари, Олий Мажлис Сенати аъзоси ­Фармон Тошев. Партия­лар сиёсий жараёнларнинг фаол иштирокчиси сифатида нафақат вакиллик ҳокимияти, балки ижро ҳокимияти шаклланиши ва унинг фаолия­ти устидан парламент назоратини ташкил этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу жараён табиийки, сайловлар воситасида амалга оширилади. Шу сабабли ҳам биз олдимизда турган сайловлар орқали партиямизнинг мамлакат ҳаётидаги ўрнини янада мус­таҳкамлаб олишимиз зарур.

Сайловдан сайловгача бўл­ган даврда бизнинг депутатларимиз халқ депутатлари вилоят Кенгашининг доимий комиссиялари иши ҳамда сессияларда фаол қатнашиб келмоқда. Улар ташаббуси билан сессия­лар кун тартибига электорат манфаати билан боғлиқ қатор масалалар олиб чиқилди. Натижада жойларда кўтарилган кўпгина масалалар ҳал этилди, қонунлар ижросини таъминлаш устидан депутатлик назорати кучайтирилди.

Сайлов кампанияси даврида булар ҳақида сайловчиларга батафсил маълумот бериш зарур.

— Партия ўзи илгари сураётган позицияни мустаҳкам туриб ҳимоя қилса, одамлар бу партиянинг айтаётган сўзига қулоқ солади, ишонади, ортидан эргашади, — деди «Нуроний» жамғармаси вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Ҳасан Нормуродов. — Бугун биз партиямизнинг ҳудудий ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг бажарилиши ва электорат манфаатларини ҳимоя қилишдаги иштирокини сарҳисоб қилиб, бу борадаги позициямизни янгилаб олишимиз керак.

Дунё тажрибасидан маълумки, сайлов кампанияси давомида ҳар бир партиянинг янги фаоллар қатлами юзага келади, дастурлари, позицияси янгиланади. Партиялар фаоллиги, ташаббускорлиги, жамоатчилик билан алоқалари янги босқичга кўтарилади. Биз ҳам сайлов кампанияси даврида партиямизнинг фаоллар қатламини шакллантиришга, ҳар томонлама муносиб номзодларни кўрсатишга жиддий масъулият билан ёндашишимиз зарур. Чунки бу ишлар  сайловдан ке­йин партиямиз мавқеи қандай бўлишини белгилаб беради.

— Хотин-қизларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, саломатлигини муҳофаза қилиш, давлат ва жамият бошқарувини янада демократлаштиришдаги иштирокини кучайтириш бизнинг муҳим вазифаларимиздан бўлиб келган, — деди ЎзХДП вилоят кенгаши «Фаол аёллар» қаноти етакчиси Дилбар Имомова. — «Аёллар бандлиги — обод турмуш гарови» ло­йиҳаси доирасида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масалалари юзасидан Булун­ғур, Иштихон, Нарпай, Катта­қўр­ғон, Нуробод, Ургут, Пай­ариқ, Пахтачи, Паст­дар­ғом, Тайлоқ, Самарқанд ­туманлари, Каттақўрғон ва Самар­қанд шаҳарларида ўтказилган семинар-тренингларда иштирок эт­ган аксарият хотин-қизлар бизнинг бу ҳаракатларимизни қўллаб-қувватлашди.

Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларни касаначилик ва оилавий тадбиркорликка жалб этиш масалалари бугунги кунда ҳам долзарб бўлиб турибди. Сайлов кампаниясида шу билан боғлиқ масалаларни илгари суриб, сайловчиларнинг қўллаб-қувватлашига эришишимиз мумкин.

— Ёшларнинг ижтимоий-сиё­сий ва ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришда фаол иштирокини таъминлаш «Истиқбол» ёшлар қаноти фаолиятининг асосий йўналишларидан биридир, — деди ЎзХДП «Истиқбол» ёшлар қаноти вилоят бўлими етакчиси Ойтўла Абду­раи­мова. — Партия аъзолари сафида 2009 йилда 30 ёшгача бўлган ёшлар 2618 нафарни ташкил этган. Бугунги кунда улар 4 минг нафардан ошди.

Биз ёшлар иштирокида  қатор тадбирлар ўтказяпмиз. «Ёш сиёсатчи» кўрик-танловида бу йил вилоятимиз бўйича 463 нафар йигит-қиз иштирок этди. Бу истеъдодли ёшлар партиямизнинг сайловолди тар­ғибот-ташвиқот ишларида фаол иштирок этади. «Бўлажак депутат», «Ватанимиз келажаги учун масъулмиз» каби лойиҳаларимиз ёшларнинг сайловларда фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилади, деб ўйлайман.

Сўзга чиққанлар томонидан касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлашишига кўмаклашиш, ёлғиз кексалар, пенсионер ҳамда ногиронларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш, касаначилик ва уй меҳнатини ривожлантириш каби масалалар партия ташкилотлари ҳамда депутатлар фаолиятида асосий йўналишлардан бўлиб қолавериши таъкидланди.

Семинарда билдирилган барча фикр-мулоҳазалардан келиб чиқиб, сайлов кампания­сининг навбатдаги босқичидаги муҳим вазифалар белгилаб олинди.

 

Бекзод ШУКУРОВ,

Абдурасул САТТОРОВ



DB query error.
Please try later.