09.10.2014

ҚУЙИ БЎҒИНДА

долзарб масалалар муҳокама этилмоқда

Партиянинг ўз электорати билан алоқаларини ривожлантириш бугунги кунда тобора долзарб аҳамият касб этиб бормоқда. Тажрибадан маълумки, бу жараёнда бошланғич партия ташкилотлари муҳим аҳамиятга эга. ЎзХДП вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари, айниқса, сиёсий ўқувларни бошланғич ташкилотларда кўпроқ ўтказишга, шу орқали нафақат аъзолар, балки аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратаяпти.

Жиззах вилоят партия кенгаши ҳам бу борада ўзига хос тажриба тўплаган. Бугун вилоятда ЎзХДПнинг 425 та бошланғич ташкилоти фаолият олиб боради. Ҳар ойнинг охирги шанбаси «Бошлан­ғич ташкилотлар куни» этиб белгиланган. Шу куни бошланғич ташкилотлар етакчилари ва аъзолари учун давра суҳбатлари, сиёсий ўқув ҳамда семинар-тренинглар, йиғилишлар ўтказилади. Бу тадбирларга вилоят, туман партия кенгашлари жиддий тайёргарлик кўриб, илғор тажриба ва технологиялардан самарали фойдаланишга ҳаракат қиляпти.

Диёр МУРОДОВ, ЎзХДП Жиззах вилоят кенгаши раиси ўринбосари:

— Бошланғич ташкилотлар фаолиятини кучайтириш, етакчиларнинг тажриба ва сиёсий билимларини ошириб бориш устувор вазифалардан биридир. Жорий йилнинг тўққиз ойида вилоят миқёсида юзга яқин сиёсий ўқув ва семинар ўтказилиб, уларда жами 3000 нафардан ортиқ иштирокчи қатнашди. Ўқувларда партиямиз электорати манфаатлари билан бевосита боғлиқ бўлган 80 га яқин таклиф билдирилди.

Биз партия кенгашлари ва депутатларнинг бошланғич ташкилотлар билан тизимли асосда ишлашини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Чунки туман кенгаши бошланғич ташкилотни ўз ҳолига ташлаб қўйса, аввало электорат билан алоқалар узилиб қолади, қуйи бўғин фаолияти суса­йиб кетади. Бошланғич ташкилот қўллаб-қувватланса, унинг фаолияти кучаяди, аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатламини ўйлантираётган масалаларни ўрганишда фаол иштирок этади, муаммолар ечими юзасидан ҳаётий таклифлар билдирилади. Бу эса партия дастурий мақсадларини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамиятга эга.

Баҳора ЖУМАБОЕВА, Ғаллаорол туманининг Ғофур Ғулом номли маҳалла фуқаролар йиғинидаги ЎзХДП бошланғич ташкилоти етакчиси:

— БПТнинг кучи, таъсири қандай бўлиши унинг атрофида бирлашган аъзоларнинг сиёсий фаоллиги, ташаббускорлигига боғлиқ. Бизнинг муҳим вазифаларимиздан бири электоратни ўйлантираётган масалаларни ўрганиш ҳамда уларни туман кенгаши ва депутатларимиз орқали партия гуруҳлари муҳокамасига киритишдан иборатдир. Шу боис бошланғич ташкилот маҳалла аҳлининг ижтимоий-иқтисодий фаоллиги, сиёсий ва ҳуқуқий маданиятини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда. Кам даромадли оилалар, эҳтиёжманд фуқаролар, ёлғиз кексалар ва ногиронларни моддий ҳамда маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашда партиямиз фаоллари ўз таклифларини билдириб келишмоқда.

Бошланғич ташкилотимизда ўтказиладиган сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимидаги тадбирларни баҳс-мунозара тарзида ташкил этишга, уларга кўпроқ сиёсатшунос, ҳуқуқшуносларни таклиф этишга ҳаракат қиляпмиз. Мазкур тадбирларда хотин-қизлар ва ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий онгини ошириш, партия электоратининг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини кучайтиришга урғу бериляпти.

Турғун НОРҚЎЗИЕВ, Жиззах шаҳрининг «Маданият» маҳалласидаги бошланғич партия ташкилоти етакчиси:

– Бошланғич ташкилотимизга 24 нафар аъзо бирлашган. Улар маҳалладаги муаммоларга ечим топишда фаол иштирок этиб келмоқда. Кўпчиликни мамнун этган бир мисолни келтирай. Ўтган йили сентябрь ойида партия электорати таклифларини инобатга олган ҳолда кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатадиган уй-жой мулкдорлари ширкатларининг фаолияти ўрганиб чиқилиб, натижалар партия гуруҳига тақдим этилди. Партия гуруҳимиз эса «Жиззах шаҳридаги кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг фаолияти тўғрисида»ги масалани халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаши сессияси кун тартибига киритди.

Масала сессияда муҳокама этилганидан сўнг шаҳардаги мавжуд 72 та уй-жой мулкдорлари ширкати 4 та сервис хизмат кўрсатиш компаниясига бириктирилди. Уларга тижорат банкларидан кредитлар ажратилиб, бунинг эвазига махсус техника воситалари билан таъминланди, хизмат кўрсатиш сифати яхшиланди.

Баҳром ҲАМРОҚУЛОВ, Зафаробод тумани, Темирязов номли қишлоқ фуқаролар ­йиғинидаги бошланғич партия ташкилоти етакчиси:

– Жорий йилда аъзоларимизнинг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида 10 га яқин тадбир ўтказдик. Айниқса, «Демократик ислоҳотларнинг янги босқичи ва унда партия ташкилотларининг амалий иштироки», «Мустақиллик йилларида Ўзбекистон босиб ўтган тараққиёт йўли» мавзуларидаги давра суҳбатларимиз кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Бундай тадбирлар партиямиз аъзоларининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга замин яратяпти.

Қолаверса, йиғилишларда партия дастурий мақсадларидан келиб чиқадиган вазифалар ижроси таҳлил қилиниб, электорат манфаатини ҳимоя қилишга қаратилган масалалар бўйича таклиф ва тавсия­лар билдирилмоқда. Улар халқ депутатлари шаҳар Кенгаши депутатлари, ҳокимлик ва тегишли ташкилотларга юбориляпти. Бу эса кишиларни ўйлантираётган қатор масалалар ижобий ечим топишига хизмат қилмоқда.

Ҳар бир сиёсий партия жамиятда мустаҳкам ўрин топиш, одамлар ишончини кўпроқ қозонишга ҳаракат қилади. Бу жараёнда партия аъзоларининг сиёсий-ҳуқуқий онги, тафаккурини юксалтириш, ижтимоий-сиёсий жараёнларда иштирокини кучайтириш, фаол фуқаролик позициясини шакллантириш муҳим аҳамият касб этади. ЎзХДП бошланғич ташкилотларида ўтказилаётган турли мавзулардаги тадбирлар айнан электорат ижтимоий-сиё­сий фаоллигини оширишга, жойлардаги муаммоларни тизимли ўрганиб, ҳал этиш бўйича асосли ҳаётий таклифлар ишлаб чиқишга хизмат қилмоқда.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози»

мухбири.



DB query error.
Please try later.