09.10.2014

Қонун лойиҳасини биринчи ўқишда

муҳокама қилиш мумкин

Парламент Қонунчилик палатасига «Инвестиция ва пай фонд­лари тўғрисида»ги янги қонун лойиҳаси киритилган эди. ЎзХДП фракцияси олдинги йиғилишларидан бирида қонун лойиҳасини дастлабки тарзда кўриб чиқиб, унинг аҳамиятини эътироф этгани ҳақида аввал хабар берилган.

Фракция аъзолари қонун лойиҳасида акс этган бир қатор масалаларга алоҳида эътибор қаратиб, мазкур ҳужжатда инвесторлар ва аҳолининг кенг қатлами капитал бозорига кириши учун имконият яратилаётгани, жамғармаларни шакллантириш ва уларни кўпайтиришга муқобил имкониятлар очилаётгани тўғрисида таъкидлашган эди. Шунингдек, қонун лойиҳасига ЎзХДП дастурий мақсадлари ва электорат манфаатларига қаратилган таклифлар тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳи тузилганди.

Кеча мазкур ишчи гуруҳнинг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда «Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида»ги қонун лойиҳасини   биринчи ўқишда кўриб чиқиш тўғрисидаги масала муҳокама қилинди.

— Инвестиция ва пай фондлари мамлакат иқтисодиётига билвосита инвестициялар жалб қилишда муҳим институт ҳи­собланади, — дейди ЎзХДП фракцияси аъзоси Улуғбек Зокиров. — Инвестиция ва пай фондлари қатор афзалликларга эга. Масалан, бунда бошқарув профессионал бўлади, инвестиция  йўналишларини диверсификация қилиш, харажатларни камайтириш ҳамда бош­қарувнинг ишончли бўлиши таъминланади. Булар партиямиз дастурида иқтисодиётни ривожлантириш бўйича кўзда тутилган масалаларга мазмунан мос келади. Инвестиция ва пай фондлари ривожланиши нафақат тадбиркорлар, балки кенг аҳоли қатлами капитал бозорига кириб келишига имкон яратади. Шуларни ҳисобга олиб, фракциямиз қонун лойиҳасига алоҳида эътибор билан қарамоқда.

— Қонун лойиҳасининг умумий мазмуни ва мақсади аҳолининг иқтисодий фаоллиги ҳамда манфаатдорлигини янада оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир, — дейди ЎзХДП фракцияси аъзоси Мастура Сайфуддинова. — У мамлакатимизда жамоавий инвестициялаш тизими яратилиши аҳолининг вақтинча бўш турган маблағлари фаол ҳаракат қилиши учун қулай ҳуқуқий шароит яратишни назарда тутади. Шу орқали иқтисодиётнинг турли соҳалари самарали молиялаштирилиши учун катта рағбат пайдо бўлади. Натижада ўз-ўзидан ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш кенгайиши, янги иш ўринлари очилишига асос пайдо бўлади.

Йиғилишда қонун лойиҳаси юзасидан тайёрланаётган таклифларнинг аниқ ва асосли бўлишига доир вазифалар белгилаб олинди. Ишчи гуруҳ қонун лойиҳасини фракциянинг кенгайтирилган йиғилишида биринчи ўқишда муҳокама қилиш керак, деган хулосага келди.

 

Ўз мухбиримиз


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: