09.10.2014

РУМИНИЯ: ПАРЛАМЕНТ САЙЛОВИ

натижаларини олдиндан башорат қилиш қийин

Давлат бошқарувини демократлаштириш, фуқароларнинг хоҳиш-иродасини ифода этадиган парламентни шакллантириш қисқа муддатда амалга ошадиган жараён эмас. Бунинг учун аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий маданияти ўсиши, шунга мувофиқ тарзда ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилиши керак. Мана шу омиллар мамлакатда демократия қарор топишида асосий ўрин тутади.

Руминия парламентига сайловлар, айниқса, сўнгги йилларда анча қизғин ўтмоқда. Мутахассислар буни Руминия ижтимоий-сиёсий ҳаётида сиёсий партияларнинг таъсири ва мавқеи мустаҳкамланиб бораётгани билан изоҳлашмоқда. Ушбу мамлакатда кўппартиявийлик тизими халқ қўллаб-қувватлайдиган ҳукумат шаклланишида асосий восита ҳисобланади.

Охирги пайтда Руминиянинг икки палатали парламенти учун 30 га яқин партия ҳамда сиёсий бирлашмалар кураш олиб бораяпти. Руминиядаги сиёсий партиялар орасида энг кўзга кўрингани ва мунтазам рақобатда бўлувчилари Социал демократик, Халқ либерал,  Либерал демократик ҳамда Халқ партияларидир. Бу партиялар ўзаро рақобатчи бўлишса-да, аммо уларнинг дастурларида ўзаро ўхшаш томонлар ҳам учрайди ва бу табиий жараён ҳисобланади. Боиси, сиёсий партиялар фуқароларнинг ҳаёти, хоҳиш-истакларини ўрганиб, ўз дастурларини шунга мувофиқ шакллантиради. Фақат ижтимоий масалаларни ҳал қилишда партиялар ўз дастурий мақсадларидан келиб чиқиб ёндашади.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, Руминия парламенти икки палата — Сенат ҳамда Депутатлар палатасидан ташкил топган. Сенатда 137 нафар сенатор, Депутатлар палатасида эса 332 нафар депутат фаолият олиб боради. Қонунга кўра, партиялар қуйи палатадаги 315 депутатлик ўрни учун курашади. Қуйи палатадаги қолган ўринлар камчилик бўлган миллатлар вакилларига ажратилади. Депутатлар тўрт йилга сайланади.

Руминияда сайлов тизими ўзига хос йўлга қўйилган. Мамлакат фуқароларидан ҳар 70 000 нафари қуйи палата учун бир нафар депутат, ҳар 160 000 минг нафар фуқаро эса юқори палата учун бир нафар сенатор сайлайди. Сайловлар 43 сайлов округида бўлиб ўтади. Бундан ташқари, мамлакат пойтахти Бухарест шаҳри ва хориждаги руминлар учун алоҳида сайлов округлари ташкил этилади. Ҳар галги сайловлар Марказий сайлов бюроси ташкилотчилиги остида уч босқичда олиб борилади. Ҳар бир округдаги сайлов жараёнини Доимий сайловчилар комиссияси кузатиб боради.

Руминияда парламент учун бўладиган сайлов натижаларини олдиндан башорат қилиб бўлмайди. Экспертлар бу ҳолатни демократия тамойиллари мамлакат бошқарувига кенг кириб келаётгани билан изоҳлашади.

2008 йил бўлиб ўтган парламент сайловида Демократик либерал партия Сенатдан 51, қуйи палатадан 115 ўринни қўлга киритган бўлса, Социал демократик партия ҳамда Консерватив партия иттифоқи юқори палатада 49, қуйи палатада 114 ўрин билан кифояланди.

Ушбу сайловдан сўнг бир мунча вақт ўтиб, яъни 2011 йил февраль ойида парла­ментда кўпчилик ўринни эгаллаш мақсадида Cоциал демократик, Халқ либерал ҳамда Консерватив партиялар ягона Социал либерал иттифоқини шакллантиришди.

2012 йил мамлакатда нав­батдаги парламент сайлови бўлиб ўтди. 8 декабрь куни Руминияда қонунга мувофиқ жимлик куни эълон қилиниб, сиёсий партиялар тарғибот ишларини якунлади. 9 декабрь тонгги соат еттидан овоз бериш жараёни бошланди. Овоз бериш шу куни тунги соат тўққизга қадар давом этди.

Сайлов натижасига асосан Социал либерал иттифоқ қуйи палатада 273, Ўнг руминлар иттифоқи 56, Дан Дьяконескунинг Халқ партияси эса 47 ўринни қўлга киритди. Қолган сиёсий партиялар парламент­даги камчилик ўринлар билан чекланишди.

Халқаро парламент ассамблеяси томонидан тайинланган кузатувчилар раҳбари  2012 йилги парламент сайловидан сўнг қуйидагича фикр билдирди: «Сайлов жараёнлари Руминия халқи демократик тамойилларга асосланган жамият қуриш учун барча қийинчиликларни енгиб ўта олиш кучига эгалигини кўрсатди».

Ўзига хос ҳодиса шуки, Руминиядаги парламент сайловларида илк марта қатнашган Дан Дьяконескунинг Халқ партияси барча маҳаллий ва хориж сиёсатчилари-ю, мутахассисларининг эътиборини тортди. Бошқа ўнлаб сиёсий партияларга қараганда жуда яхши натижа қайд этган бу партиянинг тарихи узоққа бормайди. У 2010 йил телебошловчи Дан Дьяконеску томонидан шакллантирилган. 2012 йилнинг январида партиянинг илк съезди бўлиб ўтган. Айнан шу йилги сайловларда қатнашиб, қуйи палатадан 47, юқори палатадан 21 ўринни эгаллади. Бу ҳам халқона демократик дастур ва ғояларнинг ҳозирги замонда фаол қўллаб-қувватланаётганидан далолатдир. Мазкур партиянинг дастурида иш ҳақи, пенсия ҳамда ижтимоий нафақаларни ошириш, кам таъминланганларга солиқ миқдорини камайтириш каби бир қанча ижтимоий муҳим масалалар ўрин олган.

 

Сарвар РАҲИМОВ



DB query error.
Please try later.