07.10.2014

ТУРИЗМ ИСТИҚБОЛИ

иқтисодиёт тараққиётига, янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилади

Самарқанд шаҳрида БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти ижроия кенгашининг 99-сессиясида Президентимиз Ислом Каримов сўзлаган нутқи кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда. Президентимиз томонидан туризмни ривожлантириш бўйича билдирилган таклифлар мазмун-моҳияти билан ЎзХДП ғояларига ҳамоҳангдир.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сайловолди дастурида янги иш ўринлари яратиш, аҳолининг реал даромадларини ошириш, кам таъминланган кишиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Туризм соҳаси эса иқтисодиётнинг юқори даромад келтирадиган ва ҳозирда жадал ривожланаётган тармоқларидан бири ҳисобланади.

Шу боис Президентимиз нутқи­да билдирилган фикрлар ЎзХДП­нинг барча даражадаги партия ташкилотлари ҳамда депутатлик бирлашмалари томонидан чуқур ўрганилмоқда. Туризмни янада ривожлантириш янги иш ўринлари яратилиши, аҳоли даромадларини ошириш, мамлакатни тараққий эттиришда муҳим аҳамиятга эга экани хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда.

Амрулла АБДУЛЛАЕВ, халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси, «Амир Темур» мақбараси директори:

— Бугунги кунда туризм — дунё мамлакатлари ва халқларини ўзаро яқинлаштирувчи, маданиятларни бирлаштирувчи муҳим воситага айланмоқда. Истиқлол йилларида мамлакатимизда юз берган изчил тараққиёт, энг асосийси, тинчлик ва осойишталик туфайли юртимизга келаётган сайёҳлар оқими бир неча баробар кўпайди.

Президентимиз Жаҳон сайёҳлик ташкилоти ижроия кенгашининг сессиясидаги нутқида қуйидаги фикрларни билдирди: ...Тинчлик ва хавфсизлик бўлмаган жойда эса ҳеч қандай сайёҳлик бўлиши мумкин эмас. Бу ёдгорликларни кўриш учун ким жонини хавф-хатарга қўяди? Агар шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, бугунги кунда тинчлик-осойишталик ва турли халқлар ўртасидаги ўзаро бир-бирини тушуниш қандай ҳал қилувчи омил эканини яхши англаймиз.

Хорижлик меҳмонлар эътироф этаётганидек, Ўзбекистонда сайёҳлик инфратузилмаси тобора ривожланиб, транспорт, меҳмонхона ҳамда замонавий ахборот технологиялар билан боғлиқ масалаларда юксалиш кўзга ташланмоқда. Сайёҳларнинг мамлакатимизга ҳеч қандай тўсиқларсиз келиши учун барча шарт-шароитлар яратилмоқда. Жаҳон сайёҳлик ташкилоти сессиясининг айнан Самарқанд­да ўтиши эса Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантиришнинг янги босқичини бошлаб беради.

Халқаро анжуман иштирокчилари Регистон мажмуаси, Хўжа Дониёр мақбараси, Мирзо Улуғбек расадхонаси, «Афросиёб» музейи каби диққатга сазовор жойлар қаторида Амир Темур мақбарасини ҳам зиёрат қилишди. Улар бу ёдгорликнинг салобати, қурилиши ҳамда унинг асл ҳолида сақлаб келинаётганига юқори баҳо беришди. 

Шу ўринда алоҳида таъкидламоқчиманки, Амир Темур мақбарасини кўриш учун бутун дунёдан келаётган сайёҳлар оқими йилдан йилга кўпайиб бормоқда. Бу ерда улар учун барча қулайлик ва имкониятлар яратилган.

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳимиз томонидан туризмни ривожлантириш, шу йўналишдаги касб-ҳунар коллежларини битираётган ёшларни иш билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Самарқандда ўтган бу анжуманда билдирилган таклифлар мамлакатимизда туризмни ривожлантириш билан бирга кўплаб янги иш ўринлари яратишга хизмат қилади. Шу боис партия гуруҳимиз бу йўналишдаги вазифаларни амалга оширишга муносиб ҳисса қўшиши керак, деб ўйлайман.

Раимберган САБУРОВ, ЎзХДП Хоразм вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:

— Туризм соҳасини ривожлантириш партиямиз дастурий мақсадларида кўзда тутилган — аҳолини иш билан таъминлаш, иқтисодиётни тараққий эттиришда муҳим аҳамиятга эга. Шу боис халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари туризм билан боғлиқ масалаларни доимий комиссия ва сессиялар муҳокамасига олиб чиқишга ҳаракат қиляпти. Чунки, бу борада Хоразм вилоятида фойдаланилмаётган имкониятлар талайгина.

Президентимиз нутқида таъкидланганидек, 2013 йилда мамлакатимиз бўйича сайёҳлик хизматлари экспорти ҳажми 615 миллион доллардан зиёдни ташкил этди. Бугунги кунда туризм соҳасида 200 минг нафардан ортиқ киши меҳнат қилиб келмоқда.

Ўзбекистонда 550 та сайёҳлик компанияси — туроператорлари фао­лият юритмоқда, мамлакатимиздаги тарихий объектлар, архитектура ва шаҳарсозлик обидаларининг аксариятини қамраб олган 110 та халқаро сайёҳлик йўналиши бўйича сайёҳларга хизмат кўрсатилмоқда. Бу йўналишларнинг 65 таси тарихий-маданий меърос объектлари, 30 таси табиий-рекреацион, 15 таси соғломлаштириш туризм элементларини ўз ичига олган экологик йўналишлардир. Ҳозирда юртимизда 50 мингдан зиёд ўринга эга бўлган 500 дан ортиқ меҳмонхона, мотел ва кемпинглар сайёҳларга халқаро стандартлар бўйича хизмат кўрсатмоқда. Бу рақамлар мамлакатимизда туризм жадал ривожланаётганини кўрсатади.

Самарқанддаги анжуманда Президентимиз илгари сурган ҳаётий таклифлардан келиб чиқиб, фикрлайдиган бўлсак, мамлакатимизда туризм катта истиқболга эга. Келажакда туризмнинг янада тараққий этиши кўплаб йўналишларда янги иш ўринлари яратилиши, инфратузилманинг ривожланишида муҳим ўрин тутади. Шу боис партия ташкилотлари ҳамда депутатлар туризмни ривожлантириш орқали аҳолини барқарор даромад манбалари билан таъминлашга энг устувор вазифалардан бири сифатида қараши лозим.

 

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.