07.10.2014

XVII ёзги Осиё ўйинларида

Ўзбекистон спортчилари тўққизта олтин, ўн тўртта кумуш ва йигирма битта бронза медалига сазовор бўлдилар

Қитъамиз спорт мухлисларини икки ҳафтадан зиёд вақт мобайнида ҳаяжонга солган XVII ёзги Осиё ўйинлари ниҳоясига етди. Мусобақаларда дунёнинг қирқ беш давлатидан 13 минг нафардан зиёд спортчи 36 спорт тури бўйича жами 576 та медаллар шодаси учун кураш олиб борди. Унда 37 мамлакат вакилларига ғолиб ва совриндорлар сафидан жой олиш насиб этди.

Эътиборлиси, ўн еттита жаҳон рекорди ўрнатилди, ўн саккизта Осиё ва бир юз йигирма саккизта Осиё ўйинлари рекорди янгиланди.

Кутилганидек, умумжамоа ҳисобида энг кўп (151 олтин, 108 кумуш ва 83 бронза)медаль хитойликларга насиб этди. Жанубий Корея ва Япония спортчилари иккинчи ҳамда учинчи ўринни эгаллади.

Ҳамюртларимиз қирқ беш мамлакат вакиллари орасида умумий жамғарилган медаллар сони бўйича тўққизинчи ўриндан жой олди.

Куни кеча Тошкент халқ­аро аэропортида Ўзбекистон спорт делегацияси аъзолари ота-оналар, мутахассислар, мухлислар, журналистлар ва кенг жамоатчилик томонидан тантанали кутиб олинди.

— Таэквондо — Шарқ яккакураш турларидан саналади, — дейди XVII ёзги Осиё ўйинлари ғолиби Жасур Бойқўзиев (87 кг). — Агар шуни ҳисобга олсак, Инчеонда кечган баҳсларнинг ҳеч бири осон ўтмаганини тасаввур қилиш қийин эмас. Мусобақага пухта ҳозирлик кўришимиз учун давлатимиз томонидан зарур шарт-шароитлар яратиб берилгани боис беллашувларда муносиб қатнашдик. Осиё ўйинлари тарихида илк маротаба таэквондо бўйича олтин медални қўлга киритганимдан жуда хурсандман. Мақсадим — 2016 йили Рио-де-Жанейрода бўладиган XXXI ёзги Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритиб, унда муваффақиятли қатнашишдир. Инчеонда қўлга киритган ғалабам эса ана шундай нуфузли мусобақа олдидан менга катта куч бағишлаши шуб­ҳасиз.

Осиё ўйинларида чинакам маҳорат кўрсатган мамлакатимиз енгил атлетикачилари иккита олтин, иккита кумуш ва учта бронза медалини қўлга киритиб, мутахассис ва мухлислар ишончини оқлашди.

— Қандай мусобақада қатнашишимдан қатъи назар ўз олдимга фақат юксак мақсадларни қўйишга одатланганман, — дейди енгил атлетика бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби Светлана Радзивил. — Бундан тўрт йил аввал Гуанчжоуда ўтказилган баҳсларда шоҳсупанинг юқори поғонасидан жой олгандим. Спортда ғолиб чиқиш қанчалик қийин бўлса, чемпионликни сақлаб қолиш унданда машаққатлидир. Инчеонда ўтган мусобақалар рақобат анча ортганлигини кўрсатди. Шунга қарамай, Ватаним учун олтин медални қўлга киритиб, ўз фарзандлик бурчимни бажарганимдан мамнунман. Биз спортчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган давлатимиз ва халқимизга ўз ташаккуримни билдираман.

Осиё ўйинларида мухлислар боксчиларимиздан олтин медаль кутишганди. Аммо якунда «чарм қўлқоп» усталари иккитадан кумуш ва бронза медаллари билан кифояланишди. Шунингдек, дзюдочиларимиз ҳам Инчеон гиламларида ўз имкониятларидан паст даражада беллашдилар.

— Осиё ўйинлари олдидан барча спорт турлари бўйича терма жамоаларимизга юқори натижаларни қўлга киритиши учун етарли шарт-шароитлар яратиб берилди, — дейди Ўзбекис­тон Миллий Олимпия қўмитаси вице-президенти Фарҳод Турдиев. — Тўғри, Инчеонда бокс, дзюдо, сузиш, теннис бўйича кутилган кўрсаткичлар қайд этилмади. Бу эса мазкур спорт турлари бўйича ҳали қилинажак юмушларимиз талайгина эканлигини кўрсатиб берди. Олдинда янада муҳим ва нуфузли мусобақалар кутиб турибди. Осиё ўйинлари мамлакатимиз спортчиларининг 2016 йили Рио-де-Жанейрода бўладиган ёзги Олимпия ўйинлари олдидан ўз имкониятларини синовдан ўтказиб олишлари учун ўзига хос тажриба мактаби вазифасини ўтади. Шу боис Инчеонда эришилган натижаларни қайта-қайта таҳлил қилиб, зарур чора-тадбирларни амалга оширишга ҳаракат қиламиз.

Мамлакатимиз спорт делегациясини тантанали кутиб олиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.Икромов иштирок этди.

 

Эркин ХОЛБОБО,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.