Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
04.10.2014

ЎҚИТУВЧИ ВА МУРАББИЙЛАР

партиямизнинг етакчи кучи

ЎзХДП Марказий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда Тошкент шаҳар кенгаши ҳамкорлигида 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан «Устозлар — юртнинг энг азиз ва мўътабар кишиларидир» мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда таълим тизимининг ҳуқуқий асослари, ўқитишнинг мазмун ва сифатини ошириш борасида қилинаёган ишлар, шунингдек, машаққатли ва шарафли касб эгалари меҳнати юксак даражада қадрланаётгани эътироф этилди.

Ҳотамжон КЕТМОНОВ, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси:

— Мамлакатимизда таълим тизимини ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Бугунги кунга келиб тизимнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди. «Таълим тўғрисида»ги қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, 2004-2009 йилларда Мактаб таълимини ривожлантириш Давлат умуммиллий дастури асосида таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, замонавий педагогик-технологияларни кенг жалб қилиш, соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш борасида муҳим ишлар қилинди.

Дарҳақиқат, фарзандларимизнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши, дунёқарашининг шаклланиши, мустақил фикрлайдиган баркамол авлод бўлиб воя­га етишида ўқитувчи ва мураббийларнинг катта ўрни бор. Шу боис давлатимиз томонидан уларни ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, шарафли меҳнатини доимий равишда рағбатлантириб бориш масаласига жиддий эътибор қаратиб келинмоқда.

ЎзХДП Сайловолди дастурида таълим тизими ривожи, ўқитувчиларни ижтимоий муҳофаза қилиш, соҳа учун давлат бюджетидан ажратилаётган маблағларнинг манзилли сарфланишини таъминлаш билан боғлиқ масалалар акс этган. Шу боис халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари бу йўналишда изчил иш олиб бормоқда. Бу масала партиямиз ташкилотлари доимий диққат-эътиборида бўлиши керак.

Шарбат АБДУЛЛАЕВА, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари:

— Ҳозирги кунда халқ таълими тизимида меҳнат қилаётган 85 минг нафарга яқин ўқитувчи ЎзХДП аъзоси ҳисобланади. Шу боис таълим тизими ходимлари партия фаолиятида муҳим ўрин тутади. Биз уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини юксалтириш, сиёсий фаоллигини оширишга изчил эътибор қаратиб келаяпмиз.

Айни пайтда жойлардаги тарғибот гуруҳлари фаолияти самарадорлигини оширишда таълим соҳаси ходимлари имкониятларидан кенг фойдаланаяпмиз. Мисол учун, тарғибот гуруҳлари аъзоларининг 1200 га яқинини айнан таълим соҳаси ходимлари ташкил этади.

Абдуғаффор ҚИРҒИЗБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Бугунги кунда давлат бюджети харажатларининг 35 фоизи таълим соҳасига йўналтирилмоқда. Мустақиллик йилларида мамлакатимиздаги мавжуд 10 мингдан ортиқ мактабларнинг деярли барчаси капитал реконструкция қилинди, замонавий андозалар асосида янги мактаблар бун­ёд этилди. Фақатгина ўтган йилнинг ўзида республикамизда 28 касб-ҳунар коллежи қурилди, 381 умумтаълим мактаби, 131 касб-ҳунар коллежи ва академик лицей реконструкция қилинди. Шунингдек, 55 мусиқа ва санъат мактаби, 112 болалар спорти объекти ва 4 сузиш ҳавзаси фойдаланишга топширилди.

Соҳада меҳнат қилаётган ходимларни рағбатлантириш мақсадида ҳар йили улар давлатимизнинг юксак мукофотлари, орден ва медаллари билан тақдирланади. Ўтган йиллар ­давомида тизимда меҳнат қилаётган 7 нафар ўқитувчи давлатимизнинг юксак мукофоти «Ўзбекистон қаҳрамони» унвонига лойиқ кўрилди. Булар ҳаммаси таълим соҳасига юксак эътибор берилаётгани, ўқитувчи ва мураббийлар меҳнати ҳақиқий маънода қадр топаётганининг ёрқин ифодасидир.

Бахтиниса ПЎЛАТОВА, Шайхонтоҳур туманидаги 254-умумтаълим мактаби директори, ЎзХДП аъзоси:

— Бугунги ўқитувчи ҳар бир соҳада фаол ва ташаббускор бўлиши лозим. Хусусан, мамлакатимизда кечаётган сиёсий жараёнлар, Парламент фаолияти, сиёсий партиялар ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлиши керак. Партиямиз томонидан ўтказиладиган сиёсий ўқувларда мунтазам равишда иштирок этишга ҳаракат қиламан. Бугун партиямиз Марказий Кенгашига таклиф этилганимиз, бу ерда илқ гаплар, самимий табрик эшитиш жуда ҳам ёқимли бўлди. Бу эътибор бизни тўлқинлантириб юборди. 

Ҳайит ШОМУРОДОВ, Ўзбекистон  давлат жисмоний тарбия институти доценти, ЎзХДП аъзоси:

— Мен узоқ йиллардан буён ЎзХДП аъзосиман. Ҳар доим ОАВ орқали партиямиз ҳаётига доир янгиликларни кузатиб бораман. Партиянинг туман кенгаши билан ҳамкорлик қилиб келамиз. Имкон қадар ўз таклифларим билан партиямиз ишини кучайтиришга интиламан. Ушбу тадбирда бизга кўрсатилган эътиборни юксак қадрлаймиз ҳамда бундан кейин ҳам партия ишида фаол иштирок этамиз.

Тадбир якунида ўқитувчи ва мураббийларга байрам совғалари топширилди.

 

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.