04.10.2014

СИЁСИЙ ПАРТИЯ УЧУН ЖИДДИЙ СИНОВ

Жиззах шаҳрида ЎзХДП Марказий Кенгаши ташаббуси билан аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ҳамда сайлов жараёнларида муносиб иштирокини таъминлашда сиёсий партияларнинг ўрни мавзусига бағишланган минтақавий семинар ўтказилди. Унда Жиззах, Сирдарё ва Самарқанд вилоят партия ташкилотлари фаоллари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳлари аъзолари иштирок этди.

— Мамлакатимизнинг барқарор суръатлар билан ривожланиб бораётгани, қўлга киритилаётган ютуқларимизни дунё эътироф этаётгани, юртимизнинг халқаро майдонда обрў-эътибори тобора ортиб бораётгани ҳар биримизга чексиз фахр-ифтихор бағишлайди, — деди семинарда иштирок этган ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходими Акмал Турсунбоев. — Бу ютуқларнинг асосий омилини, биринчи нав­батда, одамларимизнинг дунёқараши, сиёсий онги ва тафаккури ўзгариб, фуқаролик фаоллиги тобора ортиб бораётганида кўришимиз мумкин. Шу йил охирида юртимизда бўлиб ўтадиган умумхалқ сайловлари хал­қимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янги босқичга кўтариш орқали мамлакатимиз тараққиё­ти янада жадал тус олишига хизмат қилиши керак. Шундай экан, сиёсий партиялар фаолия­тини замон талаблари асосида янгича ташкил этишни ҳам давр­нинг ўзи тақозо этмоқда. Бунинг учун аввало партия тизимида ишлаётган ходимларнинг билим ва тафаккурини муттасил кенгайтириб бориш зарур.

Сайловда қайси сиёсий партиянинг қўли баланд келиши мумкин, деган савол кўпчиликни қизиқтириши табиий. Аммо бу саволга дабдурустдан жавоб топиш мушкул, албатта. Тажрибадан маълумки, қайси сиёсий партиянинг ғоялари хал­қчил, амалий ишлари кўп бўлса, сайловда унинг тарафдорлари ҳам кўпаяди. Шунингдек, танланган номзодлар, уларнинг аҳоли ўртасидаги обрў-эътибори, одамларни ўз ортидан эргаштира олиш қобилияти ҳам бу масалада ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Қолаверса, сиёсий партия ва номзодларнинг сайловолди дастурлари ҳаётий бўлиши, бошқа партия вакиллари билан ўзаро тортишувларда амалий таклифлар, асосли фикрлар билан ўз салоҳиятини намоён қилиши керак. Айнан шунинг учун ҳам сиёсий партиялар ўз электоратини ўйлантираётган ижтимоий муаммоларни янада чуқурроқ ўрганишга ва уларни ҳал этиш бўйича амалий таклифлар беришга бор диққат эътиборини қаратиши керак.

Семинарда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Ҳафиза Каримова ва Зиёвуддин Мансуров мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш сиёсий партияларнинг ролини ошириш, халқаро талабларга тўла мос келадиган демократик сайловларнинг ҳуқуқий асосларини ташкил этадиган қонунларимиз, уларга киритилган сўнгги ўзгартиш ва қўшимчалар мазмун-моҳияти, аҳамияти тўғрисида гапириб ўтишди.

Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари Акром Иномов, «Нуроний» жамғармаси Арнасой туман бўлими раиси, партия фаоли Бекпўлат Эшпўлатов, ЎзХДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси ўринбосари Ҳаётхон Ортиқбоева, «Истиқбол» ёшлар қаноти фаоли Мадина Алетдинова, халқ депутатлари Жиззах туман Кенгаши депутати Суннат Орипов, «Иффатли келин» ўқув маркази Жиззах вилоят филиали раҳбари, партия фаоли Ўғилой Комиловалар бўлажак сайловларга тайёргарлик кўриш, депутатликка ҳар томонлама муносиб номзодларни тавсия этиш ва уларнинг сайловларда ғолиб чиқишлари учун нималарга кўпроқ эътибор бериш зарурлиги ҳақида фикр-мулоҳазалар билдиришди.

Бугунги сайловчи эса кечаги сайловчи эмас. Унинг фаоллиги ошган, у кимга овоз бериш, қайси партия вакилини қўллаб-қувватлаш кераклигини яхши билади. Демак, сайловларга катта масъулият билан тайёргарлик кўришимиз керак.

— Семинар жонли ва қизиқарли, савол-жавоблар асосида ўтди. Биз замонавий сайлов технологиялари, жамоатчилик билан ишлашни самарали ташкил этиш муаммолари ва бошқа масалалар юзасидан фикр-мулоҳаза алмашдик, — деди ЎзХДП Самарқанд вилоят кенгаши раиси ўринбосари Бўрибой Бўронов. — Шу сабабли ҳам мазкур семинар шахсан мен учун фойдали бўлди. Сайловга тайёргарлик кўриш, тадбирлар таъсирчанлигини ошириш бўйича тажрибам ошди.

 

Иброҳим ЖОНУЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.