04.10.2014

САЙЛОВ ЖАРАЁНЛАРИНИНГ ҲАР БИР БОСҚИЧИДА

хотин-қизлар фаол иштирок этади

Сайлов шундай жараёнки, унда партиянинг ҳар бир тузилмаси зиммасига жиддий масъулият юкланади. Сайлов кампаниясининг партия учун муваффақиятли бўлиши ана шу масъулиятли вазифалар қай даражада амалга оширилиши билан бевосита боғлиқ.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси «Фаол аёллар» қаноти Тошкент шаҳар бўлими томонидан ўтказилган семинарда сайлов кампаниясининг ҳар бир босқичида қанотнинг фаол иштирокини таъминлаш масаласи муҳокама этилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари, партия Марказий Кенгаши ходимлари, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари ва «Фаол аёллар» қаноти фаоллари бу борада турли фикр-мулоҳазалар билдирди.

Ҳафиза КАРИМОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Сайловлар фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этишини таъминлайдиган муҳим демократик инс­титутдир. Шунингдек, сайловлар халқ иродасига суянган кучли фуқаролик жамияти, ҳуқуқий демократик давлатнинг ажралмас белгиси ҳисобланади. Айтиш жоизки, жорий йилда мамлакатимиз сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари эркинлигини янада тўлиқроқ таъминлаш ва сайлов қонунчилигини ривожлантириш борасида навбатдаги муҳим қадам бўлди.

Сайлов қонунчилигини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик чоралари белгиланди. Мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик, адолатлилик Марказий сайлов комиссияси фаолиятининг асосий принциплари сифатида қонунда ўз ифодасини топди. Сайловолди кампаниясини молиялаштириш фақат давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилиши ҳақидаги меъёр янада мустаҳкамлангани ҳар бир сиёсий партия, депутатликка номзодларга тенг шароит ҳамда ҳалол рақобат муҳитини яратишда муҳим аҳамиятга эга.

Қонун билан яратилган барча ҳуқуқ ҳамда имкониятлардан фойдаланиб, «Фаол аёллар» қаноти нафақат тар­ғибот-ташвиқот ишларида фаол иштирок этиши, балки хотин-қизлар давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига кўпроқ сайланишларига эришиш учун курашиши зарур.

Нилуфар ҚУРБОНОВА, Республика «Оила» илмий-амалий маркази илмий ходими:

— Мамлакатимизда хотин-қизлар ҳуқуқларини тўла рўёбга чиқариш учун барча чора-тадбирлар амалга оширил­моқда. Конституциямизнинг 18-моддасида Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга эканлиги ва қонун олдида тенг­лиги белгилаб қўйилган. Бу  сиёсат соҳасида ҳам ўз ифодасини топаяпти. Мисол учун, «Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги қонуннинг 22-моддасида аёллар сони сиё­сий партиялар томонидан кўрсатилган умумий номзодларнинг 30 фоизидан кам бўлмаслиги кўрсатилган.

Хотин-қизлар ҳам барча сайловлар ва референдумларда овоз бериш ҳамда ошкора сайланадиган органларга сайланиш, ҳукумат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда иштирок этиш ҳамда давлат лавозимларини эгаллаш, нодавлат ташкилотлар ва жамоат бирлашмалари фа­олия­­тида иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Демак, барча ҳуқуқларимизнинг мустаҳкам кафолатлари яратилган. Биз эса амалда улардан масъулият билан фойдаланишимиз зарур.

Гулшан АСАТОВА, ЎзХДП Марказий Кенгаши Хотин-қизларнинг ижтимоий сиёсий фаоллигини ошириш сектор мудири:

— Бугунги кунда ЎзХДПнинг 400 мингга яқин аъзоси бўлса, шундан 175 минг нафардан ортиғи хотин-қизлар. 2009 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига партиямиздан сайланган 32 нафар депутатнинг 8 нафарини аёллар ташкил этади. Айни пайт­да «Фаол аёллар» қаноти олдида давлат, жамоат, нодавлат-нотижорат ташкилотлардаги раҳбар аёллар, илм-фан ва маданият соҳасидаги ҳамда нафақадаги обрў-эътиборли аёллардан иборат тар­ғиботчилар гуруҳларини шакллантириш ва уларни сайловолди тадбирларига кенг жалб этиш вазифалари турибди.

Шунингдек, хотин-қизлардан кузатувчи ва ваколатли вакил танлашда «Фаол аёллар» қанотининг ўрни ва роли катта бўлиши керак.

Тадбирда шунингдек, ЎзХДП Юнусобод туман кенгаши раиси, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Нигора Эшметова, «Фаол аёллар» қаноти Олмазор туман бўлими етакчиси Шаҳзода Турсиметова, Ўзбекистон тарихи музейи директори Жаннат Исмоилова мавзу бўйича фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Тадбир сўнггида «Фаол аёллар» қанотининг бир гуруҳ етакчиларига фахрий ёрлиқлар топширилди.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.