Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
04.10.2014

СПОРТЧИЛАРИМИЗНИНГ ҒАЛАБАЛАРИ

Инчеон (Жанубий Корея)да ўтказилган XVII ёзги Осиё ўйинларида мамлакатимиз спортчилари 9 та олтин, 14 та кумуш ва 20 та бронза медалини қўлга киритиб, 45 мамлакат вакиллари орасида умумжамоа ҳисобида ўн биринчи ўринни эгаллади.

Шуни таъкидлаш керакки, қитъа олимпиадасининг сўнгги кунлари ҳамюртларимиз учун ютуқларга бой бўлди.

Кутилганидек, юнон-рум кураши беллашувларини муваффақиятли бошлаган полвонларимиз ўз жамғармаларини навбатдаги медаллари билан бойитди. Жумладан, 85 килограмм вазн тоифасида гиламга чиққан Рустам Ассакалов Лаос, Қозоғистон, Хитой спортчиларини енгиб, финалга чиқди. У ҳал қилувчи баҳсда мезбонлар вакили Ли Сеулни катта устунлик билан енгиб, Ўзбе­­к­ис­тон спорт делегациясига Осиё ўйинларининг еттинчи олтин медалини тақдим этди. Бунгача юнон-рум курашчиларидан Дилшоджон Турдиев (71 кг) кумуш, Бесики Салдадзе (80 кг) бронза медалини қўлга киритганди.

Спорт турларининг қироличаси, дея эътироф этиладиган енгил атлетика бўйича ҳам ҳамюртларимиз эришган натижалар қувонарли бўлди. Дастлаб аёллар ўртасида ўтган кўпкураш баҳсларида Екатерина Воронина олтин,  Юлия Тарасова кумуш медалга сазовор бўлганди. Ўшлар ўртасида жаҳон чемпиони, Гуанчжоуда ўтган XVI ёзги Осиё ўйинлари ғолиби Светлана Радзивил баланд­ликка сакраш бўйича яна бир бор қитъада тенгсизлигини намойиш қилди. У 1 метру 94 сантиметр баландликни забт этиб, олтин медалга сазовор бўлди. Яна бир спорт­чимиз Надя Дўсанова (189 см) эса шоҳсупанинг фахрли учинчи поғонасидан жой олди.

Эркаклар ўртасида ўнкураш баҳсларида ўз маҳоратини намойиш этган Леонид Андреев ўзининг шахсий медаллари жамғармасига Осиё ўйинларининг учинчи кумуш медалини қўшиб қўйди. Бунга қадар тажрибали спортчимиз 2006 йили Доҳа (Қатар)да, 2010 йили эса Гуанчжоу (Хитой)да бўлиб ўтган Осиё ўйинларида ҳам кумуш медаль соҳиби бўлган эди.

Яна бир кумуш медалга Александра Котлярова сазовор бўлди. Уч ҳатлаб сакраш мусобақаларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган Александра 14 метр 05 сантиметр натижа қайд этиб, иккинчи ўринни эгаллади.

Босқон улоқтириш бўйича юртимиз шарафини ҳимоя қилган Иван Зайцев 83,68 метр натижа кўрсатиб, бронза медали билан тақдирланди.

Бадиий гимнастика бўйича юртимиз нафосат маликалари қўлга киритган ютуқ барчамизни бирдек хурсанд қилди. Жамоавий баҳсларда ўз маҳоратларини намойиш қилган Жамила Раҳматова, Валерия Давидова, Равиля Фархутдинова, Анастасия Сердюкова Ўзбекистон спорт делегацияси ҳисобига навбатдаги олтин медални туҳфа этди.  Улар тўртта йўналишда жами 170.130 балл тўплаб, Жанубий Корея ва Қозоғистон спортчиларини ортда қолдирдилар.

Қизларимиз яккалик баҳсларида ҳам Осиёда ўз мавқеига эга эканликларини исботлашди. Жумладан, унда 68,349 балл жамғарган Анастасия Сердюкова Осиё ўйинлари бронза медалини қўлга киритди.

Мамлакатимиз «чарм қўлқоп» усталари нафақат Осиёда, балки жаҳонда ўз ўрнига эга. Айни пайтда 2016 йили Рио-де-Жанейрода бўладиган XXXI ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон терма жамоаси Инчеонга бир қатор умидли ёшлар билан йўл олганди. Мусобақа якунида ўн нафар боксчимиздан тўрт нафари совриндорлар сафидан жой олди. Жумладан, унда Шаҳобиддин Зоиров (52 кг), Исроил Мадримов (69 кг) кумуш, Ойбек Мамазулунов (81 кг) ҳамда Мирзоҳиджон Абдуллаев (+91 кг)лар бронза медалига сазовор бўлдилар. Агар айрим вазн тоифаларида ўтган жанг­ларда ҳакамлар холисроқ бўлишганида боксчиларимиз натижалари янада ижобий кўриниш олиши шубҳасиз эди.

Шарқ яккакураш турлари — таэквондо (WTF) ҳамда каратэ-до бўйича ўтган учрашувлар Ўзбекистон истеъдодли спортчиларга бойлигини кўрсатиб берди. Муросасиз кечган мусобақаларда таэквондочиларимиздан Жасур Бойқўзиев (87 кг) олтин медалга сазовор бўлди. Ака-ука Никита (74 кг) ва Максим (80 кг) Рафалович, Дмитрий Шокин (+87 кг)лар кўксини кумуш медаллар безади.

Каратэ-до баҳсларида эса Барно Мирзаева (61 кг) шоҳсупанинг фахрли иккинчи поғонасидан ўрин эгаллаган бўлса, ўофуржон Зоҳидов (75 кг) бронза медали билан тақдирланди.

Шундай қилиб, қитъамизнинг қирқ беш давлатидан ўн уч минг нафардан зиёд спортчи 36 спорт тури бўйича кураш олиб борган яна бир йирик спорт мусобақаси ўз поёнига етди. Унда Ўзбекистон спортчилари ўттиз икки спорт тури бўйича жами 43 медалга сазовор бўлди. 

Эркин ХОЛБОБО,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.