04.10.2014

Ўзбекистон қалбимиздан чуқур жой олди

Самарқанд шаҳрида БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгашининг 99-сессияси бўлиб ўтди. ЎзА мухбирлари анжуман иштирокчиларининг айримлари билан суҳбатлашди. 

Самуэль МБЭ, Камерун сайёҳлик ва дам олиш вазирлигининг департамент директори: 

– Ўзбекистон Президентининг нутқида баён қилинган мамлакатингизда сайёҳликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги маълумотлар, шу билан бирга, халқаро туризм соҳаси олдида турган долзарб масалалар, муҳим вазифалар ҳақидаги фикр-мулоҳазалар барчада катта таассурот қолдирди. 

Ўзбекистонда туризм ривожи учун барча зарур шарт-шароитлар яратилганига гувоҳ бўлдим. Мамлакатингиз тинч-осойишта, табиатингиз гўзал, одамларингиз бағрикенг ва самимий. Шаҳару қишлоқлардаги кенг ва озода кўчалар, ширинсухан инсонлар кўнглимдан чуқур жой олди. Юртингизнинг замонавий меҳмонхоналари, дам олиш масканлари, ривожланган ҳаво ва темир йўл транспорти, у ерлардаги юксак сифатли хизмат сайёҳларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун қулай имконият яратмоқда. 

Ўзбекистон сайёҳлик ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш юзасидан музокаралар ўтказдик. 

Сандра Карвао, БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг Алоқа ва нашриёт департаменти директори: 

– БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгашининг 99-сессияси ғоят муваффақиятли ўтди. Президент Ислом Каримов нутқи менда катта тассурот қолдирди. Ўзбекистонда миллий ҳунармандлик соҳаси солиқлардан тўлиқ озод этилгани эътиборга моликдир. Юртингизда миллий ҳунармандликни рағбатлантиришга қаратилаётган бундай эътибор туризмни ривожлантиришга ҳам катта ҳисса қўшади. 

Ўзбекистон жаҳон туризм бозорида ўз ўрни ва мавқеига эга мамлакат. Юртингизнинг сайёҳлик салоҳиятини чет элларда оммалаштириш, туризм саноатини ривожлантириш, унинг янгидан-янги йўналишларини кашф этиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар таҳсинга сазовор.

“Афросиёб” юқори тезликда ҳаракатланувчи поезддаги хизмат даражаси бизга жуда маъқул бўлди. Йўл бўйи юртингизнинг гўзал табиатини томоша қилиб роҳатландим. Ушбу поезд саёҳатларни тез, қулай ва хавфсиз ташкил этиш имконини бермоқда. 

Поҳамба Шифета, Намибия атроф-муҳит ва сайёҳлик вазирининг ўринбосари: 

– Президент Ислом Каримов БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгашининг 99-сессияси очилишида таъкидлаганидек, халқаро туризмни ривожлантириш ва унинг самарадорлигини оширадиган энг муҳим омиллар, ҳеч шубҳасиз, бутун дунёда, турли минтақаларда, сайёҳларни қабул қиладиган ҳар бир давлатда тинчлик, хавфсизлик, ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий барқарорликни таъминлашдан иборат бўлиб қолмоқда. 

Дарҳақиқат, тинчлик ва осойишталик барқарор заминга сайёҳлар ҳам кўп келади. Мен юртингизда ана шу осойишталикка, фаровонликка гувоҳ бўлдим. Меҳмондўст халқингиз ҳар қандай кишида меҳр уйғотади. Ўзбек халқига хос ажойиб урф-одатлар ва бетакрор миллий анъаналарда юксак маънавият мужассам. 

Ўзбекистонда бундан олти йил аввал ҳам меҳмон бўлган эдим. Бу галги сафарим чоғида Тошкент ва Самарқандни сайр қилар эканман, бу шаҳарларнинг таниб бўлмас даражада ўзгариб кетганини кўриб ҳавас қилдим. Бундай янгиланишлар бунёдкор халқингиз юксак салоҳиятининг намоёнидир. 

Жин Ву, БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг туризм ва маданият бўйича маслаҳатчиси: 

– Ўзбек алломаларининг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссасини бутун дунё билади, қадрлайди. Жаҳонда улар камолга етган заминни, улар қолдирган тарихий меросни кўришни хоҳловчилар кўп. 

Мирзо Улуғбек ўзининг оламшумул кашфиётлари билан бутун дунёда довруқ қозонган. Унинг илмий ва маърифий мероси бугун ҳам катта қизиқиш билан ўрганилмоқда. 

Халқаро анжуман баҳонасида Самарқанднинг кўплаб диққатга сазовор жойлари қатори Мирзо Улуғбек расадхонасида ҳам бўлганимдан жуда бахтиёрман. 

Масуд Тағавий Завареҳ, Маданий мерос, ҳунармандлик ва сайёҳлик ташкилоти раҳбарининг ўринбосари (Эрон): 

– БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгашининг 99-сессияси юксак савияда ўтказилганини алоҳида таъкидламоқчиман. Ўзбекистонда сайёҳлик билан бир қаторда таълим, фан, маданият, транспорт коммуникациялари, қурилиш каби соҳалар ҳам жадал ривожланаётганининг, юртингизда истиқлол йилларида ушбу соҳаларда бетимсол ишлар амалга оширилаётганига гувоҳ бўлдик. 

Буюк ипак йўли марказида жойлашган Ўзбекистонда сайёҳликни тараққий эттириш борасида жуда катта имкониятлар мавжуд. Тарихий обидалар, зиёратгоҳлар, бой маданиятингиз билан танишишга қизиқувчи сайёҳлар жуда кўп. Мамлакатингиз ёшларининг билимга чанқоқлиги, доим интилиш ва изланишда экани ҳавасимизни келтирди. Ўзбекистон ёшларининг ўз тарихига, маданий меросга катта ҳурмат ва эҳтиром руҳида тарбияланаёгани таҳсинга сазовор. 


DB query error.
Please try later.