30.09.2014

Битимлар имзоланди

Сайловни демократик тамойилларга мос равишда очиқ ва эркин ўтказишда оммавий ахборот воситалари ғоят муҳим ўрин тутади.

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддаси қоидалари ҳамда Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар Дастурига мувофиқ оммавий ахборот воситалари 2014 йилги сайлов жараёнини кенг ёритиб бориши зарур.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини ёритиш бўйича Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, шунингдек, “Жаҳон” ахборот агентлиги билан битимлар имзолади.

Ушбу битимлар сайлов жараёнининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, мамлакатимиз ва чет эл жамоатчилигини Ўзбекистонда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича барча тадбирлардан кенг хабардор қилиш мақсадида имзоланди. Битимларда миллий сайлов қонунчилиги – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги қонунлари ҳамда сайлов жараёнини тартибга солувчи бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига тушунтириш ишларини самарали ташкил этишга қаратилган чора-тадбирлар кўзда тутилган. Депутатликка номзодлар ва сиёсий партияларга сайловолди ташвиқотини олиб боришда оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда бир хил эфир вақти ва босма майдони ажратиш орқали тенг шароит яратилишига алоҳида эътибор қаратилган.

– Оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар Дастурида кўзда тутилган вазифаларни бажариш мақсадида амалга оширилмоқда, – деб таъкидлади Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов. – Ҳамкорлигимизнинг асосий мақсади – жамоатчиликни сайлов кампаниясининг барча босқичлари ҳақида кенг хабардор қилиш бўйича самарали ахборот-таҳлил ишларини ташкил этиш, сайловчиларга сайлов тўғрисидаги қонунчилик қоидаларини тушунтириш, фуқароларни сиёсий партиялар, депутатликка номзодларнинг сайловолди платформалари билан таништириш, сайловчиларга сайловда эркин иштирок этиш, сайлов куни онгли равишда овоз бериш учун барча зарур шарт-шароитларни яратишдан иборатдир.

Томонлар Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг марказий теле- ва радиоканаллари, давлат босма оммавий ахборот воситалари ҳамда мамлакатимизнинг ахборот агентликлари орқали сайловга тайёргарликнинг бориши ҳамда уни ўтказишга оид ахборотларни ўз вақтида тақдим этиш ва тарқатиш борасида ҳамкорлик қилади.

ЎзА


DB query error.
Please try later.