25.09.2014

СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАР ФАОЛИЯТИНИ

молиялаштиришнинг ҳуқуқий асослари

Мамлакатимизда мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш учун зарур шарт-шароитлар яратилди. Хусусан, тараққий топган мамлакатлар тажрибасидан келиб чиқиб, сиёсий партиялар фаолиятининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди.

Сиёсий партия тушунчаси, фаолиятининг ҳуқуқий асослари, фаолият кўрсатиш принциплари, ҳуқуқлари ва улар фаолиятига тегишли бошқа нормалар «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги Қонунда ўз ифодасини топган. Қонуннинг 1-моддасига кўра, сиёсий партия Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг қарашлар, манфаатлар ва мақсадлар муштараклиги асосида тузилган, давлат ҳокимияти органларини шакллантиришда жамият муайян қисмининг сиёсий иродасини рўёбга чиқаришга интилувчи ҳамда ўз вакиллари орқали давлат ва жамоат ишларини идора этишда қатнашувчи кўнгилли бирлашмасидир.

Сиёсий партиялар ўз функцияларини тўла бажаришини таъминлаш мақсадида 2004 йил 30 апрелда сиёсий партияларни молиялаштириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Мазкур қонунга кўра, сиёсий партия­ларни молиялаштириш манбалари қуйидагилардан иборат:

- кириш ва аъзолик бадаллари, агар сиёсий партиянинг уставида бундай бадаллар тўлаш назарда тутилган бўлса;

- қонун ҳужжатларига мувофиқ тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар;

- Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;

- Ўзбекистон Республикаси юридик шахслари ва фуқаролари томонидан бериладиган хайрия ёрдами.

Сиёсий партиялар барқарор фаолият олиб боришида улар фаолияти давлат томонидан молиялаштирилиши муҳим аҳамият касб этади. Сиёсий партияларни давлат томонидан молия­лаштиришни уч йўналишга бўлиш мумкин.

Биринчи йўналиш сиёсий партияларнинг уставда назарда тутилган фаолиятини давлат томонидан молиялаштириш. Партия сайлов якунлари бўйича Қонунчилик палатасида сиёсий партия фракциясини тузиш учун зарур миқдорда (камида тўққизта) депутатлик ўрнини олган бўлса, ўзининг уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштириш учун давлат маблағларини олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Иккинчи йўналиш партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ва давлат ҳокимиятининг бошқа вакиллик органларига сайловда иштирок этишини давлат томонидан молиялаштиришдир.

Партиянинг Қонунчилик палатасига сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағлари шу партиядан Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилган номзодлар Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олингандан кейин рўйхатга олинган номзодлар сонига мувофиқ ҳажмда сиёсий партиянинг ҳисоб варағига белгиланган тартибда ўтказилади.

Алоҳида қайд этиш керак, партияларнинг Қонунчилик палатасига ва давлат ҳокимиятининг бошқа вакиллик органларига сайловда иштирок этишини молиялаштириш фақат давлат маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Партияларни сайловда бошқа маблағлар ҳисобидан молиялаштириш ва моддий жиҳатдан ўзгача тарзда қўллаб-қувватлаш қонун билан тақиқланади.

Қонунчилик палатасига сайловда сиё­сий партияларнинг иштирок этишини молиялаштириш учун ажратилган давлат маблағлари сиёсий партия томонидан:

- сайловолди кўргазмали ташвиқот воситаларини нашр қилишга;

- Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларнинг телевидение, радио орқали ва бошқа оммавий ахборот воситаларида чиқишларини ташкил этишга;

- Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга;

- Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларнинг ишончли вакиллари ва бевосита сайлов округида сайловолди ташвиқотини ўтказиш учун жалб қилинадиган бошқа фаоллар ишини ташкил этишга;

- сайлов кампаниясини ўтказишга доир умумпартиявий тадбирларга сарф­ланади.

Учинчи йўналиш Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракция­ларининг фаолиятини давлат томонидан молиялаштиришдир. Фракция­ларнинг фаолиятини ташкилий, техникавий жиҳатдан ва бошқа тарзда таъминлаш учун ажратиладиган давлат маблағлари Қонунчилик палатасининг харажатлар сметасида назарда тутилади.

Сиёсий партияларни молиялаштириш манбаларидан яна бири бу партия­ларга бериладиган хайрия ёрдамидир.

Қонунга кўра, партия хайрия ёрдамини фақат Ўзбекистон Республикаси юридик шахслари (чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар бундан мустасно) ва фуқароларидан пул шаклида ҳамда мол-мулк бериш, хизматлар кўрсатиш, ишлар бажариш тарзида ва фақат уставда назарда тутилган фаолиятни амалга ошириш учун олиш ҳуқуқига эга.

Шу билан бирга, қонунда партияларга хайрия ёрдами беришда маълум чекловлар мавжуд. Хусусан, чет давлатлар, чет давлатларнинг юридик шахслари, уларнинг ваколатхоналари ва филиаллари, халқаро ташкилотлар, уларнинг ваколатхоналари ва филиаллари, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан сиёсий партияларга хайрия ёрдами кўрсатиш тақиқланади.

Шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, диний ташкилотлар ва номи яширилган ёки фақат тахаллуси кўрсатилган шахслар томонидан ҳам сиёсий партияларга хайрия ёрдами берилишига йўл қўйилмайди.

«Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, 2005 йил 16 мартда Ўзбекистон ­Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ­«Сиёсий партияларнинг уставда назарда тутилган фаолиятини давлат томонидан молиялаштириш тартиби тўғрисида»ги Низомни тасдиқлади. Мазкур ҳужжат қонунда белгиланган нормаларнинг амалий механизмини кенгроқ очиб берди.

Мухтасар қилиб айтганда, мамлакатимизда ушбу соҳада қабул қилинган норматив ҳуқуқий ҳужжатлар партиялар фаолиятини молиялаштиришнинг давлат кафолатлари яратилишига ва уларнинг барқарор иқтисодий манбалари шаклланишига олиб келди. Халқаро андозаларга жавоб берадиган бундай амалиёт партияларнинг дастурий фаолияти самарадорлиги ошишида, улар ўртасидаги соғлом рақобат муҳити ривожланишида янги имкониятлар яратди.

 

Мансур МУСТАНОВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг бош мутахассиси.



DB query error.
Please try later.