25.09.2014

ОЧИҚЛИК ВА ОШКОРАЛИК

сайлов адолатли ўтишининг муҳим омили

Яқинда Марказий сайлов комиссияси 2014 йилда бўлиб ўтадиган сайловларни ёритиш бўйича республика матбуот марказини ташкил этди. Унинг асосий вазифаларидан бири мамлакатимиз ва чет эл ОАВ ходимларига сайловга тайёргарлик ва сайлов жараёнлари ҳақида ўз вақтида ахборот олиш ва уни тарқатиш учун зарур шароит яратиш ҳисобланади. Бу эса фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари тўлиқ таъминланишида, демократик ислоҳотларнинг ҳамма учун очиқлигини кафолатлашда муҳим аҳамиятга эгадир.

Эътироф этиш лозимки, қонунчилигимизда сайлов жараёнларининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашга доир мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратилган. Жумладан, «Ўзбе­кис­тон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги ва бошқа қонун ҳужжатларида бу масалалар ўз ифодасини топган.

Конституциямизнинг 117-моддасига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси фаолиятининг асосий принциплари қаторида ошкоралик ва адолатлилик принциплари белгилаб қўйилди. «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги Қонунда ушбу принциплар алоҳида-алоҳида тавсифланган. Ошкоралик принципининг Конс­титуция ва қонунларимизда мустаҳкамланиши нафақат Марказий сайлов комиссияси фаолияти балки, бутун сайлов жараёнларининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашга хизмат қилмоғи лозим.

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддаси айнан сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда ошкоралик масаласига қаратилган. Унга кўра, Қонунчилик палатаси сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни сайлов комиссиялари очиқ ва ошкора амалга оширишлари, сайлов комиссиялари фуқароларни ўз ишларидан, овоз бериш ва сайлов якунларидан хабардор қилишлари лозимлиги белгилаб қўйилган. Шунингдек, мазкур Қонунда Ўзбекистон Республикасининг оммавий ахборот воситалари сайловга тайёргарликнинг бориши ва сайлов қандай ўтаётганлигини ёритиб бориши ҳақидаги меъёр мустаҳкамланган.

Очиқлик ва ошкоралик сиёсий партиялар учун ҳам катта имкониятлар яратади. Чунки, ошкоралик принципига мувофиқ Марказий сайлов комиссияси ўз фаолиятини ошкора амалга оширади. Унинг мажлислари очиқ тарзда ўтказилади ва уларда оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, бошқа давлатларнинг, халқаро ташкилотларнинг ва ҳаракатларнинг кузатувчилари билан бир қаторда сиёсий партиялар вакиллари ҳам иштирок этиши мумкин.

Юртимизда бу галги сайловлар янада такомиллаштирилган миллий сайлов қонунчилиги, умумэътироф этилган илғор демократик технологиялар асосида ўтказилмоқда. Марказий сайлов комиссиясининг республика матбуот маркази бу жараёнларнинг очиқлиги ва шаффофлигини амалда таъминлашнинг муҳим механизми вазифасини бажаради.

Юқоридагиларнинг барчаси фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи кафолатлари таъминланишида, мамлакатимиздаги демократик ислоҳотлар янада чуқурлашишида муҳим ўрин тутади.

 

Назира МАТЯКУБОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси.



DB query error.
Please try later.