23.09.2014

ПАРТИЯМИЗ САЙЛОВДА МУНОСИБ ИШТИРОК ЭТАДИ

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг нав­батдаги X пленуми бўлиб ўтди. Унда партия Марказий Кенгаши аъзолари, масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари, минтақавий партия кенгашлари раҳбарлари, партия фаоллари иштирок этди.

Пленумда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сайловларида партиянинг муносиб иштирокини таъминлаш вазифалари муҳокама этилди.

Пленумда аввало шу таъкидландики, мамлакатимизда демократик ислоҳотларнинг чуқурлашиши, сайлов жараёнларини тартибга солувчи меъё­рий-ҳуқуқий базанинг тизимли ривожланиши сиё­сий партиялар ўртасида соғлом рақобат муҳитининг шаклланиши ҳамда аҳолининг ижтимоий-сиё­сий фаоллиги ортишига кенг йўл очди. Сайлов қонунчилигига сайлов эркинлиги принципини тўлиқроқ рўёбга чиқариш, сайловолди тарғиботини ўтказиш давомида депутатликка номзодлар, сиёсий партиялар учун тенг шароит яратиш ҳамда сайловлар очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашга қаратилган қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгани вакиллик ҳокимиятига энг муносиб номзодлар сайланишига мустаҳкам замин яратмоқда. Бу эса бир вақтнинг ўзида сиёсий партиялар ­фаолиятини тобора кучайтириб бориш, мамлакатни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларини амалга оширишда уларнинг ролини кенгайтиришни талаб этади.

 ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон КЕТМОНОВ сайлов кампания­си даврида партия ташкилотлари зиммасида турган энг муҳим вазифалар ҳақида маъруза қилди.

Партия етакчиси сайлов тизимини ривожлантиришнинг бугунги босқичи Президентимиз Ислом Каримов илгари сурган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш билан узвий боғлиқ эканини таъкидлади.

— Ушбу концепцияда сайлов эркинлигини таъминлаш ва сайлов қонунчилигини такомиллаштириш бўйича илгари сурилган қо­нунчилик ташаббуслари, шубҳ­асиз, сайлов жараёнларини янада эркинлаштиришда муҳим омил бўл­ди, — деди у.
— Бўлажак сайловни умумэътироф этилган демократик принциплар, мамлакатимиз қонунларига тўла мувофиқ тарз­да ўтказиш мамлакатимизда сайлов тизимини изчил демократлаштиришда муҳим омил бўлади.

Сиёсий партиянинг жамиятдаги нуфузи ва роли унинг электорат манфаатларини қай даражада ҳимоя қилаётгани, жойлардаги муаммоларнинг ечими юзасидан қандай ташаббуслар билан чиқаётганига қараб белгиланади, деди Ҳ.Кетмонов. Шу маънода Ўзбекистон Халқ демократик пар­тия­си томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатлами, хусусан, жисмоний имконияти чекланган кишилар, вақтинча ишсиз ёшлар манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашишга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Ўтган давр мобайнида пар­тия­миз Сайловолди дастуридан келиб чиққан ҳолда электорат манфаатини ҳимоя қилишга қаратилган қатор ишлар амалга оширилди. Бунда электоратнинг ижтимоий ҳаётини акс эттирувчи самарали восита ҳисобланган Жамоатчилик қабулхоналари муҳим ўрин тутаётир.

Партиямиз маҳаллий Кенгашлари ҳузурида ташкил этилган Жамоатчилик қабулхоналарида ўтган беш йил давомида 45 мингга яқин фуқаро қабул қилиниб, шундан 74 фоизига мавжуд ижтимоий муаммоларни ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатилди. Таҳлилларга эътибор қаратадиган бўлсак, мурожаатларнинг 18,5 фоизи уй-жой-коммунал хизматлари, 16,2 фоизи ишга жойлашиш, 8 фоизи ижтимоий нафақа та­йинлаш, иш ҳақи ва пенсияларни баъзан ўз вақтида олмаслик, 11,3 фоизи моддий ёрдам кўрсатиш, 11 фоизи ижтимоий масалалар ва соғ­лиқни сақлаш ҳамда 35 фоизи бошқа ижтимоий муаммоларга тегишлидир.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари аъзолари сайловдан ке­йинги даврда электорат манфаатларига дахлдор муаммоларни амалий ҳал этиш мақсадида депутатлик сўрови ҳу­қуқидан фойдаланиб, 3200 марта мансабдор шахсларга мурожаат қилишди. Бундан таш­қари 30 марта мансабдор шахсларнинг у ёки бу масала юзасидан ҳисоботлари эшитилди.

Бугунга келиб халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ЎзХДПнинг 2401 нафар депутати ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Барча даражадаги партия ташкилотлари ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик бирлашмалари партиянинг 2011-2014 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурида кўзда тутилган вазифаларни тўлақонли бажаришга эътибор қаратмоқда.

Ўтган давр мобайнида партия гуруҳлари томонидан 619 масала ўрганилиб, шундан 356 таси тегишли вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг доимий комиссияларида кўриб чиқиш учун киритилган. ЎзХДП гуруҳлари томонидан ўрганилган 267 масала эса халқ депутатлари Кенгашлари сессияларида муҳокама этилган ва партия гуруҳларимиз таклифларига биноан ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни бартараф этиш, кам даромадли, ижтимоий эҳтиёжманд аҳоли вакилларини қўллаб-қувватлаш, иш ўринлари ташкил этиш билан боғлиқ долзарб масалаларни ҳал этишга қаратилган қарорлар қабул қилинган.

Ривожланган демократик мамлакатлар тажрибаси кўрсатадики, фақатгина одамлар ҳаётини янада яхшилашга хизмат қиладиган, жойларда иқтисодий-ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга таъсир кўрсата оладиган партиягина фаол қўллаб-қувватланади, деб алоҳида таъкидлади Ҳ.Кетмонов. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепция­си асосида жорий йил апрель ойида Конституция­мизга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар партиялараро рақобатни янада кучайтиришга мустаҳкам замин яратди. Сайлов кампаниясига киришар экан, Ўзбекистон ХДП Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ҳам, барча даражадаги халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ҳам кўпчилик ўринни қўлга киритиш учун ҳаракат қилади ва шу орқали вакиллик демократияси механизмлари воситасида қонунларни қабул қилишга, ижро ҳокимияти идораларини шакл­лантиришга, улар томонидан тегишли иқтисодий, ижтимоий, сиёсий вазифалар ҳал қилинишига таъсир кўрсатишни мақсад қилган.

Бугун биз партия дастурий мақсад ва вазифаларини амалга ошириш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик кў­риш масалалари юзасидан асосий вазифаларимизни белгилаб олишимиз лозим, деди партия раҳбари.

Бунда, биринчидан, сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишда очиқлик, ошкоралик ва қонунийликка риоя қилиш, сайловчиларга сайлов қонунчилигини кенг тушунтириш зарур. Сайлов кампанияси жараёнларида ҳудудий партия кенгашлари сайлов штабларининг маҳаллий партия кенгашлари сайлов штаблари билан тизимли алоқасини ташкил этиш талаб этилади. Бундан ташқари, партиянинг ваколатли вакили ва кузатувчиларини танлаш ҳамда уларнинг сайлов жараёнларига тайёргарлигини кучайтириш керак.

Сайлов кампаниясининг ҳар бир босқичида масъулият билан иштирок этиш, аввало, жамоатчиликка, партиямиз электорати вакилларига пар­тия ташкилотларимиз ҳамда депутатларимиз томонидан қилинаётган амалий ишлар тўғрисида ахборот бериб бориш муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, сайлов кампаниясида оммавий ахборот воситалари имкониятларидан, сайловолди ташвиқотининг қо­нунчиликда кўзда тутилган барча шакл ҳамда услубларидан кенг фойдаланиш, партия PR кампания­сини тизимли ва ҳар томонлама пухта ўйланган тартибда олиб бориш, бу жараёнда партия матбуот хизматлари ходимларининг касб маҳоратини янада ошириш зарур.

Энг муҳими эса сайловолди кампанияси даврида сайлов технологияларидан самарали фойдаланиш, партия гуруҳлари ташаббускорлигини кучайтириш, янги партия сайловолди платформасини ишлаб чиқиш ва ўтган сайлов натижаларини тўғри таҳлил қилиб, тегишли хулосалар чиқариш лозим.

Сайловларга тобора яқинлашиб бормоқдамиз. Унинг натижалари сиёсий партияларнинг муҳим синовга пухта тайёргарлиги билан бирга, фуқаролар танловига ҳам боғлиқ. Фуқароларнинг сайловларда фаол иштирок этиши, партиямиз номзодларига овоз бериши сайловолди платформасининг жозибадорлиги, халқчиллиги ва аниқлиги, шунингдек, тарғибот тадбирлари самараси билан ўлчанади.

Назира МАТЯКУБОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жа­мия­тини ривожлантириш концепциясида сайлов ҳуқуқи эркинлигини таъминлаш ва сайлов қонунчилигини ривожлантиришга қаратилган қатор қонунчилик ташаббуслари илгари сурилиши сайлов тизимини янада такомиллаштириш, сайлов қонунчилигини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилди.

Шундан келиб чиққан ҳолда «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги ҳамда «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги Қонунларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ор­қали «Сайловолди ташвиқоти» тушунчасига аниқ таъриф берилди, сайловолди ташвиқотининг турлари, шакл ва усуллари кўрсатилди, овоз беришга бир кун қолганда сайловолди ташвиқотига йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилди.

Шунингдек, сайловолди ташвиқотини ўтказишда ОАВдан фойдаланиш тартиби, сайлов­олди ташвиқотини босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини чиқариш ва тарқатиш, сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали амалга ошириш шартлари аниқ белгилаб берилгани сиёсий партиялар ва улардан депутатликка кўрсатиладиган номзодлар учун тенг шароитлар ва катта имкониятлар яратади.

Яқиндагина матбуотда эълон қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун орқали «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги Қонунга, Бюджет кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар эса сайловлар жараёнида муҳим аҳамият касб этади, албатта.

Сиёсий партияларга сайлов жараёнлари билан боғлиқ қатор ҳуқуқ ва ваколатларнинг берилиши ўз навбатида зиммамизга катта масъулият ҳам юклайди. Улардан самарали фойдаланиб, сайловларда муносиб иштирок этишимиз, партиямизнинг давлат ҳоки­мия­тини шакл­лантиришдаги ўр­нини янада мустаҳкамлашимиз керак.

Дилором АБДУРАҲИМОВА, ЎзХДП Наманган вилоят кенгаши раиси:

Барчамизга маълумки, бугунги кунда мамлакатимизда кўппартиявийлик тизими тобора ривожланиб боряпти. Шуни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг навбатдаги сайлов кампаниясида яратилган ташкилий-хуқуқий имкониятлардан фойдаланишимиз кераклиги барчамиз учун аниқ ва равшан масалага айланди. Мисол учун, қонунга кўра, сиёсий партиялар кўрсатадиган депутатликка номзодлар умумий сонининг камида 30 фоизини хотин-қизлар ташкил этиши керак. Демак, хотин-қизлар орасидан депутатликка номзодларни тайёрлаш асосий вазифаларимиздан бири.

Биз салоҳияти ва ташаббускор хотин-қизларни партиямиз сафига қабул қилишга алоҳида аҳамият бериб келяпмиз. Ҳозирги пайтда вилоятимизда 33758 нафар партия аъзосининг 16 мингдан ортиғини хотин-қизлар ташкил этади. Биз уларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кучайтириш, сиёсий-ҳуқуқий билимини, ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга қаратилган қатор тадбирлар ташкил этяпмиз. Бу ишлар хотин-қизларнинг қизиқиш ва имкониятларини тўғри йўналтириш, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий ҳимоялаш, аёллар орасидан етакчилик салоҳиятига эга бўлганларини аниқлаш ва уларни депутатликка номзод сифатида тайёрлаш, партия дастурий мақсадлари тарғиботини янада кучайтиришга хизмат қиляпти. Айниқса, етакчи аёллар ўртасида ЎзХДП мафкурасини тар­ғиб қилишга қаратилган лойиҳаларимиз яхши самара бермоқда. Айни кунларда хотин-қизларни сайлов қонунчилигидаги ўзгаришлар билан чуқур таништириш масалаларига жиддий эътибор қаратяпмиз. Улар тарғибот-ташвиқот тадбирларимизда фаол қатнашиб, сайловларда юқори натижаларни қўлга киритишимиз учун хизмат қилади, албатта.

Икромиддин ВАЛИЕВ, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Андижон вилоят бўлими бошқаруви раиси, ЎзХДП фаоли:

– Партия маҳалла ичига қанчалик чуқурроқ кириб борса, унинг дастурий мақсад ва ғоялари ҳам шунчалик самарали амалга ошади, шу билан бирга амалий ишлар натижасида аҳолининг партияга ишончи янада мустаҳкамланади.

Шу ўринда айтиш керакки, ЎзХДП Марказий Кенгашининг «Маҳалла – аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази» лойиҳаси маҳаллаларда самарали ташкил этилди. Лойиҳа тадбирларида иштирок этган аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатлами вакиллари, хотин-қизлар ҳамда ёшлар ўз мустақил ишини бошлаш учун зарур маслаҳат, йўл-йўриқ олишди. Лойиҳа доирасида ташкил этилган меҳнат ярмаркаларида кўпгина юртдошларимиз ўзларига муносиб иш топишди.

ЎзХДП ташаббуси билан маҳаллаларда кўчма Жамоатчилик қабулхоналари ташкил этилган. Уларга жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида 523 мурожаат тушган ва кўтарилган масалаларнинг аксарияти ижобий ечим топди.

Партия ва маҳалла институти ҳамкорлигини янада ривожлантиришда «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги Қо­нуннинг қабул қилиниши муҳим омил бўлди. Мазкур қонун асосида «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг вилоят бўлими ҳамда ЎзХДП ­Андижон вилоят кенгаши ҳамкорлиги йўлга қўйилди.

Мен айтмоқчиманки, шу вақт­га қадар ҳам партиямиз маҳаллалар билан ҳамкорликда тизимли ишларни олиб борди. Сайлов кампанияси даврида тарғибот-ташвиқот ишларига алоҳида эътибор қаратиш керак бўлади.

Алишер ТОШМАТОВ, ЎзХДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси:

Сайлов биз учун фаолиятимизга муносиб баҳо бериш мезони, ўтган беш йил ичида қилган ишларимиз натижасини кўрсатадиган кўзгу, десам адашмайман.

Тўғри, аввалги сайлов партиямиз учун бизнинг ви­лоя­тимизда муваффақиятли бўлди, дея олмайман. Олий Мажлис Қонунчилик палатасига биз кўрсатган номзодларнинг бирортаси ҳам депутат этиб сайланмади. Аммо биз қўл қовуштириб турганимиз йўқ. Йўл қўйилган камчиликларни бирма-бир таҳлил қилдик, тегишли хулосалар чиқарилди. Сайловдан кейинги дастлабки кунларданоқ амалий ишларимизни кўпайтиришга киришдик. Айниқса, сайловда кутилган натижаларга эришолмаган Гулистон ва Ширин шаҳар, Гулистон, Боё­вут, Оқолтин туман партия кенгашлари фаолияти алоҳида назоратга олинган.

Биз 2014 йилги сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича дастур қабул қилдик. Дастур бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди. Шундан келиб чиқиб, туман кенгашлари ҳамда бошланғич партия ташкилотларида сайловга тайёргарлик кўриш, сайловга оид қонунчилик тизими, аҳолининг сиё­сий-ҳуқуқий билими ва фаоллигини оширишга бағишланган давра суҳбатлари, семинар-тренинглар ташкил этилмоқда.

2009 йилда бўлиб ўтган сайловларда биз кўрсатган номзодлар орасидан халқ депутатлари вилоят Кенгашига 15 нафар, туман ва шаҳар Кенгашларига 145 нафар депутат сайланган эди. Бу йилги сайловларда бунданда юқори натижаларга эришишни ният қилганмиз. Бунинг учун ҳар бир бошланғич партия ташкилотидан тортиб партия кенгашлари, тарғибот гуруҳлари имкониятларидан самарали фойдаланиш талаб этилади.

Пленумда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари Абдуғаффор Қирғизбоев, Зиёвуддин Мансуров, ЎзХДП Жиззах вилоят кенгаши ­раиси Мўътабар ­Каримова, «Ўзбекистон темир йўллари давлат акциядорлик темир йўл компаниясининг 166-йўл машина станцияси темир йўл қуриш механизми машинисти, партия фаоли Ўзбекистон Қаҳрамони Юсуф Зияев, «Сирдарё» иссиқлик электр станциясидаги ЎзХДП бошланғич ташкилоти етакчиси Саид Ёрибеков ва бош­қалар кун тартибидаги масалалар юзасидан таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди.

Алоҳида қайд этилдики, Ўзбекистон Халқ демократик партияси жорий йилдаги сайловлар жараёнига 400 минг нафарга яқин аъзо билан кириб бормоқда. Сўнгги йилларда партия таркиби ёшлар ҳисобига сезиларли даражада кенгайди. Бугунги кунда ЎзХДП сафида 120 мингдан ортиқ ёшлар бўлиб, улар партия аъзоларининг қарийб 33 фоизини ташкил этади.

Пленум арафасида ЎзХДПнинг 10 мингдан зиёд бошланғич ташкилотида бўлиб ўтган умумий партия йиғилишлари ҳамда туман, шаҳар, Қорақалпоғистон республика, вилоятлар ва Тошкент шаҳар партия кенгашларининг ҳисобот-сайлов конференцияларида ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларини амалга оширишда ЎзХДП ташкилотларининг иштироки ҳамда жорий йилнинг 21 декабрида бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларда фаол иштирок этиш, партия сайловолди дастурига аниқ таклифлар киритиш масалаларига катта эътибор қаратилди. Билдирилган таклифлар умумлаштирилиб, пленумда батафсил муҳокама этилди.

Пленум ЎзХДПнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига 2014 йил 21 декабрда бўладиган сайловларда иштирок этиши тўғрисида қарор қабул қилди. Сайлов кампанияси жараёнида партия ташкилотлари томонидан олиб бориладиган ташкилий ва мафкуравий вазифалар белгиланди.

Шунингдек, пленумда ЎзХДПнинг нав­батдаги VIII қурултойини чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Қурултойда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига партиядан номзодлар кўрсатилади ва партия­нинг Сайловолди платформаси қабул қилинади.

Пленумда партиянинг сайловларда муносиб иштирок этишини таъминлаш билан боғлиқ бошқа масалалар ҳам муҳокама этилди ҳамда қарорлар қабул қилинди.

Бекзод ШУКУРОВ,

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

Лазиза ШЕРОВА.



DB query error.
Please try later.