23.09.2014

ИМЗО ТЎПЛАШ

сиёсий партиялар учун сайловолди жараёнининг муҳим босқичларидан ҳисобланади

2014 йил 15 сентябрдан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов кампанияси бошланди.

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги қонуннинг 20-моддасида сиёсий партия сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қи­линган кундан камида тўрт ой олдин Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган, сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи камида қирқ минг сайловчининг имзосини тўплаган тақдирдагина депутатликка номзодлар кўрсатиши мумкинлиги белгилаб қўйилган. Ушбу нормадаги имзо тўплаш билан боғлиқ жараён сиёсий партиялар учун муҳим аҳамиятга эга.

Шунингдек, қонуннинг мазкур моддасига мувофиқ, белгиланган намунадаги имзо варақалари Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилингандан кейин берилади. Яқинда Марказий сайлов комиссияси томонидан сиёсий партиялар вакилларига сайловчилар имзосини тўплаш учун имзо варақалари тақдим этилди.

Сиёсий партия учун сайловолдидан бўладиган ҳар бир жараён ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Хусусан, сайлов кампанияси бошланганидан кейинги дастлабки синов бу — имзо тўплаш жараёни бўлиб, сиёсий партиянинг жамият ҳаётида тутган ўрни, одамлар орасидаги нуфузини билдиради. Шу боис бу жараёнга алоҳида масъулият билан ёндашиш талаб этилади.

Умуман олганда, у ёки бу сиёсий партия ғояларини қўллаб-қувватлайдиган, унинг сайловда муваффақиятли иштирок этишига муносиб ҳисса қўшиш тарафдори бўлган сайловчилар бу жараёнда фаол иштирок этади. Демак, мамлакат ҳаётида ўз ўрнига эга бўлган, сайловчилар ишончини қозона олган, электорат манфаатларини муносиб ҳимоя қилаётган партиягина бу синовдан муваффақиятли ўтиши таъминланади.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси тизимида бу жараёнга жиддий эътибор қаратилмоқда. ЎзХДП Марказий Кенгашининг куни кеча бўлиб ўтган Х пленумида имзо тўплаш жараёнини ташкил этиш бўйича муҳим тавсиялар берилди, тегишли қарор қабул қилинди.

— «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги қонунга мувофиқ ҳар бир сиёсий партия сайловда уни қўллаб-қувватлайдиган сайловчиларнинг имзосини тўплаши зарур, — дейди ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходими Аваз Саидов. — Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ёки Тошкент шаҳрида тўпланган имзолар сони талаб этилган имзолар сонининг 8 фоизини ташкил этиши керак. Бу ҳар бир ҳудуд учун 3200 имзони ташкил этади.

ЎзХДП Марказий Кенгаши пленумида имзо тўплаш жараёнини тизимли ташкил этиш, варақаларнинг тўғри тўлдирилишини назорат қилиш бўйича масалалар муҳокама этилди, аниқ таклифлар билдирилди.

Бугунги кунда қонунчиликда белгиланган меъёрлар ҳамда пленум қарори асосида ҳудудий партия ташкилотларида қизғин иш жараёни кечмоқда. Партиямиз тизимида имзо йиғиш босқичини уюшқоқлик билан ўтказишда туман ва шаҳар кенгашлари, шунингдек, 10 минг­дан ортиқ бошланғич партия ташкилотлари имкониятларидан самарали фойдаланишга алоҳида эъти­бор қаратаяпмиз. Бошланғич ташкилотларда бу жараён махсус режа асосида ташкил этилган.

— Мен Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасига бўладиган сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватлаб, биринчилардан бўлиб имзо қўйдим, — дейди Ўзбекистон Қаҳрамони, ЎзХДП фаоли Анвар Қурбонов. — Чунки партиямиз сайловда муваффақиятли қатнашишига ҳисса қўшишни бурчим, деб ҳисоблайман.

Мен ЎзХДП томонидан ўтказиб келинаётган тадбирларда мунтазам қатнашаман. Ўзим ҳам Сайловолди дастури ижросига қаратилган ишларда фаол иштирок этишга ҳаракат қилаяпман. Ҳаёт тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, пар­тия­мизнинг аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, жисмоний имконияти чекланган кишиларни қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунар коллежи битирувчиларини иш билан таъминлаш борасида олиб бораётган ишлари халқимизга маъқул келмоқда. Партиямиз тарафдорлари кўпаймоқда.

— Мамлакатимиз муҳим сиёсий жараёнлар олдида турибди, — дейди Ўзбекистон халқ шоири, сенатор Маҳмуд Тоиров. — Унда қатнашадиган ҳар бир сиёсий партия ғалаба қозонишни истайди. Имзо тўплаш жараёни эса сайловга тайёргарликнинг дастлабки муҳим босқичларидан ҳисобланади. Шу боис ҳар бир партия фаоли бу ишга бош қўшиши керак. Мен ҳам партиямизни Олий Мажлис Қонунчилик палатасига бўладиган сайловда иштирок этишини маъқуллаб имзо чекдим.

— ЎзХДП аъзоси эканимдан фахрланаман, — дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўр­сатган артист Маҳмуд Исмоилов. — Партиянинг кўп­лаб учрашувлари, тадбирларида қатнашиб, одамлар билан суҳбатлашиб, шунга амин бўлдимки, партиямиз ғоялари жуда ҳам халқчил. Шу боис унинг тарафдорлари, хайрихоҳлари кўп. Мен ҳам биринчилардан бўлиб партиямизнинг сайловдаги иштирокини қўллаб-қувватлаб имзо қўйдим.

— Бошланғич ташкилотимизга 160 нафардан ортиқ партия аъзоси бирлашган, — дейди Юнусобод туманидаги 52-оилавий поликлиника қошидаги ЎзХДП бошланғич ташкилоти етакчиси Гўзал Азизова. — Улар сайловга катта тайёргарлик билан кириб бормоқда. Хусусан, имзо тўплаш жараёнида бошланғич ташкилотимиз аъзолари фаол иштирок этмоқда. Айниқса, улар томонидан имзо варақаларини тўлдириш тартибларига қатъий риоя қилиш масалаларига жиддий эътибор қаратилмоқда.

— Мен ЎзХДП Пскент туман кенгашидаги Жамоатчилик қабулхонасига мутахассислигим бўйича ишга жойлашиш масаласида муро­жаат қилган эдим, — дейди Саидазим Тўхтабоев. — Партия фаоллари кўмагида ўз мутахассислигим бўйича тумандаги 2-умумтаълим мактабига ишга жойлашишга муваффақ бўл­дим. Сиёсий партияларнинг сайловдаги иштирокини қўл­лаб-қувватлаш мақсадида сайловчилар имзоси тўпланаётганини эшитиб, ЎзХДПни қўллаб-қувватлаб имзо қўй­дим...

Бир сўз билан айтганда, имзо тўплаш жараёни барча даражадаги партия ташкилотларимизда уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Энг муҳими, сайловчилар, партия аъзолари бу жараёнга жиддий эътибор ва масъулият билан ёндашмоқда. Бу эса уларнинг ҳуқуқий маданияти тобора юксалиб бораётганидан далолат беради.

 

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.