18.09.2014

САЙЛОВОЛДИ КАМПАНИЯСИ

сиёсий партиялар учун энг масъулиятли жараён

Мамлакатимиздаги сиёсий партиялар муҳим синовлар олдида турибди. Шу йилнинг 21 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади.

Сиёсий партиянинг сайловда муваффақиятли иштирок этиши кўп жиҳатдан сайловолди кампаниясини нечоғлик самарали ташкил этишига боғлиқ. Бунда сайловолди ташвиқоти ниҳоятда муҳим жараён ҳисобланади. Депутатликка номзодларнинг шахси, билими ва салоҳиятини сайловчилар олдида тўла намоён этиш, илгари сурилаётган дастурларнинг мазмун-моҳияти билан аҳолини яқиндан таништириш, шунингдек, сайловчиларни сиёсий куч учун овоз беришга даъват этиш катта масъулият талаб этади.

ЎзХДП Марказий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда Тошкент шаҳар партия кенгаши ҳамкорлигида «Партиявий тизимни ривожлантириш ва сайлов ташвиқоти давомида сиёсий реклама ҳамда PR технологиялардан унумли фойдаланиш» мавзусида ташкил этилган семинарда ҳам айнан ана шу масалага урғу берилди.

Алоҳида қайд этилдики, бугунги кунга келиб мамлакатимизда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини, жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этишини кафолатлаш, сайлов қонунчилигини халқаро андозалар асосида босқичма-босқич такомиллаштириш ҳамда сайловларни жаҳонда умумэътироф этилган демократик принциплар асосида ўтказишнинг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланди. Бу сиёсий партияларга ва улар депутатликка кўрсатадиган номзодларга сайловолди тарғибот-ташвиқот ишларини ўтказишда тенг имкониятларни ҳамда сайловнинг очиқ ва ошкора ўтишини таъминлаш учун катта шароит яратди.

Дилбар ХОЛИҚОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Демократик сайлов тизими орқали фуқаролар ўзи муносиб деб топган шахсларни давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига сайлайди, уларга нисбатан ўз муносабатини билдиради ҳамда шу орқали давлат бошқарувини амалга оширишда иштирок этади. Шунинг учун мамлакатимизда демократик принципларга асосланган сайлов тизимини шакллантириш, бу борада қонунчиликни тобора ривожлантириб боришга жиддий эътибор қаратиб келинади.

Айниқса, Президентимиз томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида сайлов ҳуқуқи эркинлигини таъминлаш ва сайлов қонунчилигини такомиллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

Концепцияда белгилаб берилган ана шу вазифаларни амалга ошириш мақсадида 2012 йилда «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги ҳамда «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун қабул қилинди ва ҳаётга жорий этилди.

Мазкур қонунда сайловолди ташвиқоти тушунчаси очиб берилди. Сайловолди ташвиқоти сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни депутатликка номзод ёки сиёсий партия учун овоз беришга ундашга қаратилган фаолият сифатида таърифланди.

Шунингдек, сайлов куни ва сайлов бошланишидан бир кун олдин сайловолди ташвиқотига йўл қўйилмаслиги қатъий белгилаб қўйилди. Бу норма сайловчиларга ўз нуқтаи назарларини аниқлаштириб олиш, қайси сиёсий йўлни маъқул деб топиб, ким ва қайси сиёсий партия учун овоз бериш тўғрисидаги масала юзасидан онгли қарор қабул қилишлари йўлида қўшимча вақт бериш имкониятини яратади. Шунингдек, бу норма овоз бериш арафасида турли суиистеъмолликлар ва қоидабузарликларнинг юз бериш эҳтимолини ҳам бартараф этади.

Қонунда сайловолди ташвиқотини олиб бориш турлари, шакл­лари ва усуллари ҳам аниқ белгилаб қўйилди. Хусусан, сиёсий партия дастури ва сайловолди платформаси тўғрисидаги ахборот, депутатликка номзод тўғрисидаги ахборотни унинг учун овоз беришга даъват қилган ҳолда тарқатиш сайловолди ташвиқот турлари сифатида акс эттирилди.

Ҳафиза КАРИМОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Сайловлар фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бош­қаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этишини таъминлайдиган муҳим демократик институтдир. Шунингдек, сайловлар халқ иродасига суянган кучли фуқаролик жамияти, ҳуқуқий демократик давлатнинг ажралмас белгиси ҳисобланади. Айтиш жоизки, жорий йилда мамлакатимиз сайлов қонунчилигидаги ўзгаришлар фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари эркинлигини таъминлаш ва сайлов қонунчилигини ривожлантириш борасида муҳим қадам бўлди. Масалан, яқинда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун орқали бир қатор қонун ҳужжатлари, хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, «Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги қонун, Бюджет кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Уларга асосан сайлов қонунчилигини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик чоралари белгиланди. Мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик, адолатлилик Марказий сайлов комиссияси фаолиятининг асосий принциплари сифатида мус­таҳкамлаб қўйилди. Сайловолди кампаниясини молиялаштириш фақат давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилиши ҳақидаги меъёр янада мустаҳкамлангани ҳар бир сиёсий партия, депутатликка номзодларга тенг шароит яратиш, ҳалол рақобат муҳитини яратишда муҳим аҳамиятга эга.

Гулбаҳор ИСАНОВА, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети фалсафа факультети катта ўқитувчиси:

— Таъкидлаш жоизки, сайлов пайтида сиёсий рекламанинг аҳамияти тобора ортиб боради. Улардан бири депутатликка номзод билан фуқаролар мулоқотини кенгайтириш, улар ўртасида янгича муносабатларни қарор топтиришдан иборат. Биламизки, сайловлар жараёнида номзодлар сайловчилар билан учрашади. Ўзаро суҳбатлар орқали фуқароларнинг сайлов тўғрисидаги билими ва тажрибаси оширилади, шунингдек, сайловолди ташвиқоти олиб борилади. Сиёсий реклама ана шу мулоқотнинг таъсирчан воситаларидан бири сифатида кенг қўлланилади. У сайловолди жараёнларини янада кучайтиришда муҳим восита сифатида хизмат қилади. Сиёсий реклама кўпроқ жонли олиб борилиши билан аҳамиятли ҳисобланади. Чунки айнан сайловчилар билан мулоқот давомида депутатликка номзодлар уларнинг саволларига партия мафкураси ва ўз дастурларидан келиб чиқиб жавоб беришади.

Бу эса сиёсий реклама олдига янгича шартларни ҳам қўяди. Масалан, сиёсий рекламани олиб бориш жараёнида бундан олдинги сайлов ва унинг хулосаларидан фойдаланиш яхши самара беради.

Шунингдек, семинарда ахборот-мафкуравий ва тарғибот-ташвиқот ишлари бўйича барча бўғиндаги партия тузилмалари томонидан ўтказиб келинаётган ижтимоий аҳамиятга молик тадбирларни партия дастурий мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, ғоявий таъминланишига эришиш усуллари бўйича ўқувлар ўтказишга эътибор қаратилди.

Алоҳида қайд этилдики, ҳудудий партия ташкилотлари томонидан жойларда сайловчилар билан бўладиган учрашувларда тарғибот ишларининг самарадорлигини оширишда уларда кўпроқ интерактив ва сиёсий технологиялардан унумли фойдаланиш зарур.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети фалсафа факультети катта ўқитувчиси Абдулла Абдухалилов, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси раҳбари ўринбосари Рустам Саидов, сиёсий фанлар номзоди, доцент Хайрулла Умаров ҳам кун тартибидаги масалалар бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Тадбир сўнггида ЎзХДП барча ташкилотларининг долзарб вазифалари ва уларни бажариш йўллари хусусида тегишли тавсиялар берилди.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.