18.09.2014

САЙЛОВЛАРНИНГ ОЧИҚЛИГИ, ОШКОРАЛИГИ ВА ҚОНУНИЙЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ ЙЎЛИДА

Самарқандда «Сайловни ташкил қилиш ва ўтказиш борасида очиқлик, ошкораликни таъминлаш, қонунийликка риоя этиш бўйича қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт» мавзусида халқа­ро конференция бўлиб ўтди.

Конференцияда Бутунжаҳон сайлов органлари уюшмаси, ЕХҲТ вакиллари, Франция, ­Испания, Италия, Латвиядан экспертлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Марказий ҳамда вилоят сайлов комиссиялари аъзолари, сиё­сий партиялар, Ўзбекистон Экологик ҳаракати, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги инс­титути, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мус­тақил институти вакиллари, сайлов қонунчилиги соҳаси олимлари ва мутахассислари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирда истиқлол йилларида Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида барча соҳаларда, жумладан, сайлов тизимида кенг кўламли демократик ислоҳотлар амалга оширилгани таъкидланди. «Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари» тамойили асосида мамлакатимизни ривожлантиришнинг устувор йўналишларига, юксак демократик талаблар ва халқаро ҳуқуқ стандартларига жавоб берадиган миллий сайлов тизими шакл­лантирилди.

ЕХҲТ лойиҳаларининг Ўзбекистондаги координатори Дьердь Сабонинг таъкидлашича, сайловлар демократиянинг муҳим шарти ҳисобланади. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамияти барпо этиш йўлини танлади, қисқа вақт ичида бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Конституциямизда инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари, халқ ҳокимияти принциплари, барча даражадаги ҳокимият вакиллик органларига сайловлар, сиёсий ва ижтимоий плюрализм, инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш мустаҳкамлаб қўйилган. Шунга мувофиқ мамлакатимизда «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида», «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида», «Ўзбек­истон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида», «Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги ва бошқа қонунлар қабул қилиниб, амалда самарали қўлланилмоқда.

Сайлов тизимини ривожлантиришнинг бугунги босқичи Президентимиз Ислом Каримов томонидан баён этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш билан узвий боғлиқ. Ушбу Концепцияда сайлов эркинлигини таъминлаш ва сайлов қонунчилигини такомиллаштириш бўйича илгари сурилган қонунчилик ташаббуслари, шубҳасиз, сайлов жараёнларини янада эркинлаштиришда муҳим омил бўлди.

«Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)»ги қонун бу борада алоҳида аҳамият касб этди. Ушбу ҳужжат Марказий сайлов комиссиясининг конституциявий мақомини, унинг мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлилик принципларига асосланган фаолиятини мустаҳкамлаш имконини берди. Асосий Қонунимизга киритилган тузатишлардан келиб чиққан ҳолда, сайлов тизимини янада демократлаштиришда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қиладиган «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги қонун, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ва Бюджет кодексига ҳам ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Бўлажак сайловларни умум­эътироф этилган демократик принциплар, «Сайлов эркинлиги янада таъминланиши ва сайлов қонунчилиги янада ривожлантирилиши муносабати билан «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги ҳамда «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида» қабул қилинган қонунга мувофиқ ўтказиш мамлакатимизда сайлов тизимини изчил демократлаштиришда муҳим омил бўлади.

Конференцияда мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг устувор йўналишлари, хусусан, сиёсий плюрализм ва кўппартиявийликни ривожлантириш, парламентнинг вакиллик демократияси тизимида сиёсий партияларнинг ролини ошириш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистонда пар­тиялар тегишли қонунчилик базасига таянган ҳолда жамия­тимиздаги ижобий ўзгаришларнинг ҳал қилувчи кучига айланаётгани қайд этилди.

— Ўзбекистон турли даражадаги сайловларни ўтказиш борасида катта тажрибага эга, — деди Европа геосиёсат академияси аъзоси, Сорбонна университети ҳузуридаги инс­титут директорининг ўринбосари, профессор Жан Антуан Дюпра (Франция). — Ўзбекистонда демократик ислоҳотлар изчил ва босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Мамлакатингизда демократик ва очиқ сайловларни, сиёсий партиялар ўртасида ҳалол рақобатни таъминлашга йўналтирилган самарали меъёрий-ҳуқуқий база мавжуд. Конституция­га киритилган тузатишлар миллий сайлов тизимини демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамия­ти қуриш йўлида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар билан чамбарчас боғлиқ ҳолда янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Сайловлар ҳокимиятнинг вакиллик ва ижро этувчи органларини шакллантиришда сиёсий партиялар ҳамда ҳаракатлар фаол иштирок этишининг миллий қонунчилигимизга имплементация қилинган ва умумэътироф этилган шаклидир. Тадбир иштирокчилари шундан келиб чиққан ҳолда, бўлажак парламент сайловларига тайёргарлик кўриш ва ўтказишнинг асосий принципларини атрофлича муҳокама қилди. Улар фуқароларнинг эркин сайлаш ва хоҳиш билдириш, Ўзбекистонда миллий давлатчилик моделининг асосини ташкил қиладиган давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ҳамда сайланиш бўйича конс­титуциявий ҳуқуқларининг амалга оширилишини таъминлаш муҳимлигини алоҳида таъкидлади.

— Сайлов жараёнида, аввало, транспарентлик ва ошкоралик ниҳоятда муҳимдир, — деди Миллий демократия институтининг Ўзбекистондаги филиали директори Эрика Брэт (АҚШ). — Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, биринчи навбатда, сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишда очиқлик, ошкоралик ва қонунийликка риоя қилишни таъминлашга қаратилган. Ишончим комилки, бу ўзгартишлар бўлажак сайловларда ўз ифодасини тўла топади, сайлов жараёнининг барча босқичларида ошкоралик ва адолатлиликни таъминлайди.

Жорий йилги сайловлар мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширилаётган демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш, дунёнинг ривожланган давлатлари қаторига қўшилиш мақсадини белгилаб берган демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш шароитида ўтказилади. Ушбу муҳим жараёнлар Марказий сайлов комиссияси томонидан 2014 йил май ойида тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловларга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш тадбирлари дастурида ўз ифодасини топган. Унда замонавий демократик талаблар инобатга олинган ҳолда, сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишга оид муҳим талаб, мақсад ва вазифалар белгиланган. Хусусан, сайловчиларга сайлов қонунчилиги қоидаларини кенг тушунтириш, фуқароларни депутатликка номзодларнинг сайловолди дастурлари, ишбилармонлик ва маънавий фазилатлари билан таништириш, сайловларга мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа сифатида тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказиш ҳақида сайловчилар хабардорлигини ошириш бўйича самарали ахборот-таҳлил ишларини ташкил этиш учун шароит яратиш кўзда тутилган.

 — Ўзбекистонда сайлов қонунчилигини демократлаштириш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда ва бўлажак сайловларни очиқ-ошкора ўтказиш учун барча зарур ташкилий шароитлар яратилган, — деди Бутунжаҳон сайлов органлари уюшмаси Котибиятининг лойиҳалар бўйича менежери Ли Жухван. — Бизнинг уюшма Ўзбекистонда сайлов қонунчилигини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришларни қўллаб-қувватлайди ва юксак қадрлайди. Марказий сайлов комиссиясига конституциявий орган мақомининг берилиши сайловларда қонунийлик, ошкоралик ва адолатлиликни таъминлашда муҳим ўрин тутади. Зеро, очиқлик, ошкоралик ва қонунийлик ғоят муҳим аҳамиятга эга.

Экспертларнинг фикрича, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш бўйича асосий ташкилотчи экани ҳам муҳимдир. Сайлов жараёнига ҳеч кимнинг, авваламбор, марказ ва жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг аралашишга ҳақи йўқлиги таъкидланди. Сайлов кампанияси иштирокчиларининг бирортасига ҳам имтиёз ва преференция­лар берилишига йўл қўйилмайди.

— Конституцияга киритилган сўнгги ўзгартиш ва қўшимчалар Ўзбекистоннинг янада демократик янгиланишлар ва ислоҳотлар ўтказишдаги собитқадамлигини кўрсатади. Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистонда аввал амалга оширилган ислоҳотлар натижаларидан самарали фойдаланмоқда, — деди Мадрид автоном университети профессори Хесус Хил Фуэнсента (Испания). — Сиёсий партиялар ва номзодларга сайловолди ташвиқотида оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг имконият берилгани, ҳар бир партиянинг ўз сайловолди дастурини эълон қилиши учун тенг шароит яратилгани, фуқароларга эса эркин сайлаш ҳуқуқи тақдим этилгани ғоят ижобий ҳолат. Бу жамиятда осойишталик муҳитини бар­қарор сақлашга хизмат қилади, мамлакатда демократиянинг ривожлангани ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланганидан далолат беради.

Конференцияда демократик сайловларни таъминлашда фуқаролик жамияти институтлари муҳим ўрин тутиши қайд этилди. Бу борада фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди.

Халқаро конференция доирасида Марказий сайлов комиссиясининг янги сайти тақдим этилди. Унда сайловлар ҳақидаги барча ахборотлар ўзбек, рус ва инглиз тилларида жойлаштирилади. Тадбир иштирокчиларининг фикрича, сайловлар жараёнини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш фуқароларнинг сайлаш ҳуқуқлари таъминланишининг муҳим кафолатларидан биридир. Сайловолди кампаниясида оммавий ахборот воситалари зиммасига катта масъулият юкланади. Негаки, улар сайловчиларни хабардор қиладиган манба ва айни пайт­да жамоатчилик назорати воситаси бўлиб хизмат қилади. Бугунги кунда Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари бу борада катта тажрибага эга. Марказий сайлов комиссияси, Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Миллий телерадиокомпания, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ва бошқа тузилмалар ўртасида журналистлар малакасини оширишга қаратилган ҳамкорлик ривожланмоқда. Шу мақсадда биргаликда семинар, тренинг, давра суҳбати ва бошқа тадбирлар ташкил этилмоқда.

Анжуман иштирокчилари мамлакатимизда истиқлол йилларида сайлов қонунчилигини янада эркинлаштириш ва такомиллаштириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар бўлажак сайловларни демократик талаблар ҳамда умумэътироф этилган халқаро стандартларга қатъий амал қилган ҳолда юксак савияда ўтказишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади, деган якдил хулосага келди.

Конференцияда сайлов кампаниясининг ошкоралиги, очиқлиги ва транспарентлигини таъминлашнинг бошқа жиҳатлари ҳақида ҳам фикр алмашилди.

Хорижлик экспертларнинг фикрича, Ўзбекистон сайловларни ташкил қилиш ва ўтказиш бўйича тажриба алмашишга доимий тарзда алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Айни пайтда мазкур соҳадаги халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича Ўзбекистонда ташкил этиладиган тадбирларда фаол иштирок этишини билдирдилар.

Конференция якунлари бўйича тегишли тавсия ва таклифлар ишлаб чиқилди.

Меҳрибон МАМЕТОВА,

ЎзА махсус мухбири.



DB query error.
Please try later.