18.09.2014

МАҚСАДГА ЭРИШИШ УЧУН

фаол ва ташаббускор бўлишимиз талаб этилади

ЎзХДП Навоий вилоят партия ташкилоти конференциясида бу ҳақда батафсил фикр юритилди.

Унда сенаторлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, тафтиш комиссияси аъзолари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳи аъзолари иштирок этди.

Конференцияда ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов иштирок этиб, Сай­лов­олди дастури ижроси, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик бирлашмалари ва партия фаоллари зиммасида турган вазифалар бўйича фикр-мулоҳазаларини билдирди.

— «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш» концепция­сининг қабул қилиниши сиёсий партиялар фаолиятини янада кучайтириш, давлат ва жамият бош­қарувидаги ролини оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда, — деди партия етакчиси. — Мазкур ҳужжатга мувофиқ қабул қилинаётган қонун лойиҳалари эса сиё­сий партиялар ва депутатлик бирлашмалари ваколатларини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Шундан келиб чиққан ҳолда ҳар бир депутат ўз олдига қўйилган талабларни чуқур англаши ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳоли бандлигини таъминлаш билан боғлиқ ташаббусларни илгари сурмоғи керак.

Навоий мамлакатимиздаги иқтисодий салоҳияти юқори бўлган вилоятлардан бири ҳисобланади. Шу боис халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳлари мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиши зарур. Маълумки, аҳоли, айниқса, касб-ҳунар коллежи битирувчилари бандлигини таъминлаш бугуннинг долзарб масаласига айланган. Сайловолди дастурида белгиланган шу ва бошқа вазифаларни тўлиқ амалга ошириш учун айрим депутатларда қатъият етишмаётганлиги кўзга ташланмоқда. Ана шундай камчиликларнинг олдини олиш учун янада фаол бўлишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Шундагина биз сиёсий куч сифатида одамларни ортимиздан эргаштира оламиз.

— Ўтаётган ҳар бир йил мамлакатимиз тарихига улкан бунёдкорликлар, янгиланишлар йили сифатида муҳрланмоқда, — дейди ЎзХДП Навоий вилоят кенгаши раиси Акмал ­Асадов. — Айниқса, кейинги 5 йилга назар ташласак, бу даврда мамлакатни модернизация қи­лиш, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни ривожлантириш, демократик жамият барпо этиш йўлида кўплаб амалий ишлар қилинди. Бу жараёнда сиёсий партияларнинг роли ва ўрни тобора ошиб бораётгани аҳамиятлидир. Буни хайрихоҳларимиз сафи ортиб бораётганидан ҳам англашимиз мумкин. Бугун вилоятда 17 минг нафардан ортиқ партия аъзоси бор. Ҳозир улар 439 бошланғич партия ташкилотига бирлашган.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашида 14 нафар, туман ва шаҳар Кенгашларида 119 нафар депутатимиз фаолият кўрсатмоқда. Партия гуруҳлари ташаббуси билан ўтган йиллар давомида кўплаб муҳим ижтимоий-иқтисодий масалалар сессияларда муҳокама этилди. Шунинг­дек, депутатлик назорати ва сўровлари орқали турли муаммолар ҳал қилинди. Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи томонидан 60 га яқин масала ўрганилган бўлиб, уларнинг 52 таси доимий комиссиялар йиғилишларида, 14 таси эса сессияларда кўриб чиқилди.

Навоий вилоят партия кенгаши ҳузурида 11 Жамоатчилик қабулхоналари фаолият кўрсатмоқда. Ҳисобот даврида уларга фуқаролар томонидан 1342 марта мурожаат бўлиб, уларнинг 87 фоизи ижобий ечим топди. Электорат вакиллари томонидан бўлган мурожаат, таклиф ва шикоятлар асосида ижро ҳокимияти ва бош­қарув органлари ҳамда мансабдор шахсларга 161 марта депутатлик сўровлари юборилди.

Шунингдек, партия аъзоларининг сиёсий саводхонлигини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2009-2014 йилларда ҳудудий кенгашлар ва бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини яхшилаш бўйича жойларда кўплаб ўқув-семинарлар ташкил этилди. Вилоятдаги намунали партия кенгашларидан иш ўрганиш, илғор тажрибаларни оммалаштириш мақсадида ЎзХДП Зарафшон ва ­Навоий шаҳар кенгашларига ҳудудий таянч кенгаши мақоми берилди.

— Бугунги куннинг ўзи сиёсий партиялар олдига бир қатор масъулиятли вазифаларни қўй­моқда,
— дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси Назира ­Тоғаева. — Айниқса, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар зиммасида катта вазифалар турибди. Уларнинг ишини янада жонлантиришга жиддий аҳамият қаратишимиз лозим. Сиё­сий партиялар ўртасидаги рақобат кучайиб бораётган бугунги кунда қуруқ сўзлар билан эмас, амалий ишлар билангина кўз­ланган мақсадга эриша оламиз. Очиғини тан олиш керак, вилоятнинг айрим чекка ҳудудларида аҳолини ўйлантираётган масалалар йўқ эмас. Мавжуд муаммолар ечимини топиш учун партия гуруҳлари ҚВП ҳамда МФЙлар билан ҳамкорликни янада кучайтириши керак.

— Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар хусусан, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, янги иш ўринлари яратиш, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш, хотин-қизларни оилавий тадбиркорлик ва касаначиликка жалб этиш бўйича муайян ишлар қилинди, — дейди халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Тошниёз Боймуродов. — Партиямиз ташаббуси билан ­Нурота, Конимех ва Томди каби олис туманларда тижорат банклари ва «Истиқбол» ёшлар қаноти ҳамкорлигида тадбирлар ўтказилди. Натижада 110 нафар коллеж битирувчисига ўз фаолиятини йўлга қўйиши учун имтиёзли кредитлар ажратилишига кўмаклашилди. Ўтказилган меҳнат ярмаркаларида эса 200 нафардан зиёд ёшнинг банд­лиги таъминланди. Шунингдек, депутатлик сўровлари орқали йўл­ларни таъмирлаш, кўприклар қуриш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш билан боғлиқ қатор масалалар ҳал этилди. Бироқ, халқ депутатлари Нурота, Навбаҳор, Кармана ва Учқудуқ туман Кенгашларидаги партия гуруҳларининг бу борадаги фаолиятини янада жонлантириш талаб этилади.

Конференцияда, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Аҳад Аҳмедов, Қизилтепа туманидаги «Валиобод» фермер хўжалиги раҳбари, партия фаоли Раъно Валиева ва бош­қалар мавзу юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Конференция доирасида бў­либ ўтган ташкилий пленумда ЎзХДП Навоий вилоят кенгаши раиси этиб Акмал Асадов қайта сайланди.

Партия фаоллари, депутатлар партиянинг янги Сайловолди дас­тури лойиҳасини кўриб чиқишди. Иш ўринлари ташкил этиш ва уларнинг барқарорлигини сақлаш масалаларида таклифлар берилди.

 

Илҳом САТТОРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.