18.09.2014

ЖАМИЯТДАГИ ЕТАКЧИ КУЧ

ЎзХДП ташаббуси билан ўтказилаётган хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ойлиги давом этмоқда

Тасаввур қилайлик, оила бекаси сиёсий-ҳуқуқий билимга эга, жамиятнинг ижтимоий фаол аъзоларидан. У нафақат хонадонида, балки остонасидан таш­қарида, яъни маҳалласида, ҳудудида, умуман олганда, бутун жамиятда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақида кенг тасаввурга эга бўлади, уларни таҳлил этиб, бемалол ўз эркин фикрини айта олади.

Шу боис Ўзбекистон Халқ демократик партияси хотин-қизлар фаоллигини оширишга бағишланган тадбирлар таъсирчанлиги ва изчиллигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиб келяпти. Хусусан, партия Дастури ва Сайловолди дастуридан келиб чиқиб, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, сайловолди тарғиботини самарали ташкил этиш ва сайлов жараёнларида хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 20 августидан 20 сентябригача барча ҳудудларда «Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ойлиги» ўтказилмоқда.Ойлик доирасида Хотин-қизлар қўмитаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди билан ҳамкорликда жойларда оммавий-сиёсий тадбирлар, учрашув ва давра суҳбатлари, ўқувлар ташкил этилаяпти. Уларда хотин-қизлар ўртасида партия дастурий мақсадлари тушунтирилиб, сиёсий партия­лар, сайловлар тўғрисидаги қонунлар, уларга киритилаётган қўшимча ва ўзгартишлар мазмун-моҳияти, депутатликка номзод бўладиган аёллар билан ишлаш, уларнинг ишончли вакиллари, кузатувчи ва ваколатли вакилларини тайёрлаш масалалари муҳокама этилмоқда.

Хўш, ойлик доирасида ўтказилаётган тадбирлар, уларнинг амалий натижаси қандай бўлаяпти?

Гулшан АСАТОВА, ЎзХДП Марказий Кенгаши Хотин-қизларнинг ижтимоий сиёсий фаоллигини ошириш сектори мудири:

— Партиямиз Сайловолди Дастурида хотин-қизларнинг оилада ва жамиятда муносиб ўрин топишига кўмаклашиш борасида қатор вазифалар белгиланган. Бу вазифалар ижросини таъминлаш учун аниқ режа асосида иш олиб борилаяпти.

«Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ойлиги» доирасида жойларда «Сиёсий билим элу-юрт тақдирига дахлдорликка ундайди», «Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги
— миллат келажагини белгилайди», «Фаол аёл юрт­нинг қудратини мустаҳкамлайди», «Кучли фуқаролик жамияти барпо этишда хотин-қизларнинг ўрни», «Хотин-қизларнинг жамиятни янада демократлаштириш жараёнларидаги иштироки», «Сайлов жараёнларини ташкил этиш ва сайлов­олди ташвиқотини олиб боришда «Фаол аёллар» қаноти етакчилари ва аъзоларининг ўрни»
мавзуларида семинарлар, учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этилаяпти. Аҳа­миятли жиҳати, мазкур йўналишдаги тадбирларда хотин-қизлар катта қизиқиш билан иштирок этиб, мавзу бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдираяпти.

Феруза НИШОНОВА, ЎзХДП Фарғона вилоят кенгаши «Фаол аёллар» қаноти етакчиси:

— Биз хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини оширишга қаратилган тадбирларни кўпроқ маҳаллаларда ташкил этишга эътибор қаратаяпмиз. Мисол учун, яқинда ойлик доирасида Олтиариқ туманида «Кучли фуқаролик жамияти барпо этишда хотин-қизларнинг ўр­ни» мавзусида давра суҳбати ташкил этдик. Унда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини мус­таҳкамлаш, ислоҳотларга дахл­дорлик туйғуларини кучайтириш масалаларида фикр алмашдик, аёлларнинг мулоҳазаларини эшитдик.

Барча тадбирларимизда умумэътироф этилган ­ил­ғор сиёсий технологиялар, замонавий ахборот-коммуникация воситаларидан кўпроқ фойдаланишга ҳа­ракат қилаяпмиз. Негаки, бу орқали тадбир таъсирчанлиги ортади, фаолиятимизга қизиқиш кучаяди.

Гулчеҳра АЗИЗОВА, ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш шуъбаси мудири:

— Давлат ва жамият бош­қарувида хотин-қизларнинг ўрни ва ролини ошириш, оилаларни мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини ҳаммамиз ўз ҳаётимиз мисолида кўриб турибмиз. «Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ойлиги» доирасида ўтказилаётган тадбирларда аввало, мана шу ишларни кенг тарғиб қилиш, аҳоли, айниқса, хотин-қизларни мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти билан яқиндан таништиришга алоҳида эътибор бераяпмиз. Қолаверса, учрашувларда аёлларни ўйлантираётган масалалар хусусида фикр алмашиб, муаммолар ечими бўйича ҳаётий таклифлар тайёрланаяпти.

Ҳозирги кунга қадар ойлик доирасида Тошкент шаҳрининг барча туманларида қатор тадбирлар ташкил этдик. Мазкур тадбирларда муҳокама этилган масалалар қанотимиз фаолиятини тизимли ташкил этиш, унинг самарадорлигига эришиш, зиммамиздаги энг долзарб вазифаларни белгилаб олишда ҳам алоҳида ўрин тутмоқда.

Учрашувларда хотин-қизлар турли масалалар бўйича ўзларини ўйлантираётган масалаларда бизга мурожаат этишаяпти. Уларнинг фикр-мулоҳазалари асосида чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқаяпмиз.

Лазиза ШОМИЛОВА


DB query error.
Please try later.