Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
18.09.2014

«ЎЗБЕКИСТОН БАЙРОҒИНИ БАЛАНД КЎТАРИШ — ЮКСАК ШАРАФ!»

Эртага Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида XVII ёзги Осиё ўйинларининг тантанали очилиш маросими ўтказилади

Қитъа олимпиадаси ҳисобланган бу спорт байрамида қирқ беш давлат вакиллари спортнинг 36 тури бўйича жами 439 медаллар шодаси учун кураш олиб боради.

Мустақил Ўзбекистон спорт­­чилари мазкур йирик спорт байрамида 1994 йил Хиросима (Япония)да ўтган XII ёзги Осиё ўйинларидан бошлаб мунтазам қатнашиб келмоқда. Ўшанда мамлакатимиз спортчилари 11 олтин, 12 кумуш ва 19 бронза медали билан 42 давлат вакиллари ўртасида умумжамоа ҳисобида бешинчи ўринни эгаллаган эди.

1998 йили Таиланднинг Банг­кок шаҳридаги XIII Осиё ўйинларида спортчиларимиз 6 олтин, 23 кумуш ва 15 бронза, тўрт йилдан сўнг Пусан шаҳрида (Жанубий Корея) ташкил этилган Осиё ўйинларида 15 олтин, 12 кумуш ва 24 бронза медалини қўлга киритишди.

2006 йили Қатар пойтахти Доҳа шаҳри мезбонлик қилган XV ёзги Осиё ўйинларида вакилларимиз 11 олтин, 14 тадан кумуш ва бронза медалларини қўлга киритган бўлса, 2010 йили Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида ўтган қитъа ўйинларида 11 олтин, 22 кумуш, 23 бронза, жами 56 медалга сазовор бўлганлиги алоҳида таҳсинга лойиқ.

Шу йилнинг 19 сентябридан 4 октябрига қадар Инчеон шаҳри мезбонлик қиладиган XVII ёзги Осиё ўйинларида 291 нафар ҳамюртимиз 32 спорт тури бўйича баҳсларда Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади. 

Қитъамиздаги давлатлар ва халқлар ўртасидаги бирдамлик ва тинч­ликни мустаҳкамлаш, ҳамкорликни ривожлантириш, ёшлар ўртасида олимпия ҳаракатини кенг тар­ғиб қилиш, жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш мақсадида ташкил этиладиган мазкур нуфузли спорт анжумани ҳар бир давлатнинг юксак спорт салоҳиятини кўрсатадиган ўзига хос кўзгу, десак муболаға қилмаймиз. 

Инчеонда кечадиган баҳслар янги номларни кашф этиш, ғолибларни аниқлаш билан биргаликда 2016 йили Рио-де-Жанейрода бўладиган навбатдаги ёзги Олимпия ўйинлари олдидан Осиё минтақасидаги спортчиларнинг ўз имкониятларини синовдан ўтказиш ва чамалаб олишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 25 февралдаги «Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида»ги қарори спортчиларимизнинг Осиё ўйинларига пухта ҳозирлик кўришида муҳим омил бўлиб хизмат қилди. Спортчиларимиз замонавий меъёрлар асосида ўқув-машғулот йиғинлари ўтказиши, тажриба ва маҳорат ошириши, халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этиши учун барча шарт-шароитлар яратилди. 

— Ҳадемай, бутун Осиёнинг нигоҳи қаратиладиган Инчеон майдонларида спортчиларимиз юксак марраларни забт этишни кўзлашмоқда, — дейди Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов. — Қитъа олимпиадасида совринли ўринларга даъвогарлик қиладиган дзюдо, бадиий ва спорт гимнастикаси, эркин ва юнон-рум кураши, оғир атлетика, бокс каби спорт турлари бўйича терма жамоа аъзолари хорижда ташкил этилган ўқув-машғулот йиғинларида, нуфузли мусобақаларда қатнашиб, тажриба ва маҳорат оширди. Шунингдек, енгил атлетика, эшкак эшиш, футбол каби спорт турлари бўйича ҳам терма жамоамиздан умидимиз катта. Велоспорт, ўқ отиш, теннис бўйича иштирок этадиган спортчиларимиз орасида ҳам юқори натижаларга эришаётган ёшларимиз талайгина. 

XVII ёзги Осиё ўйинларида майдонга чиқадиган спортчиларимиз орасида Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатлари ғолиб ва совриндорлари бўлган тажрибали спортчилар билан бир қаторда ёш иқтидор эгаларининг ҳам кўплиги Ватанимиз шарафини ҳимоя қилишга қодир етук спортчилар тарбияланаётганидан далолат беради. 

— Бу галги мусобақаларда ҳам фақат олтин медаль учун курашаман, — дейди велоспорт бўйича Осиё чемпиони Муроджон Холмуродов. — Баҳсларга сўнгги тайёргарлик машғулотларини Чирчиқ шаҳри ва Бўстонлиқ туманининг тоғли ҳудудларида олиб бордик. Мураббийимиз Владислав Искандаров қўл остида астойдил тер тўкдик. Жамоадошларим Руслан Каримов, Вадим Шаеховларнинг ҳам кайфиятлари кўтаринки. Мақсадимиз — Осиё майдонларида Ўзбекистон фарзандларининг нималарга қодир эканлигини кўрсатишдир. 2015 йили эса Олимпия йўлланмаларини берадиган мусобақаларда қатнашишни режалаштиряпмиз. Рио-де-Жанейро олимпиадасига йўлланмаларни қўлга киритиб, Ватанимиз байроғини баланд кўтарамиз, деган умиддамиз. 

Шу ўринда, Осиё ўйинларининг ўзига хослиги, рамз ва тимсоллари хусусида қисқача тўхталиб ўтсак. XVII ёзги Осиё ўйинларининг шиори «Хилма-хиллик шу ерда янада равнақ топади». Бу, ўз навбатида, қитъа аҳолисининг тарихи, маданияти, қадрият ва анъаналари «Инчеон-2014» ўйинларида янада равнақ топишига ишорадир.

Мусобақалар тимсоли сифатида ака-сингил Вичион (умид ва ёруғлик рамзи), Бараме (эзгу хабар ва шамол рамзи) ҳамда кичик сингил Чумуро (қувноқлик, рақс рамзи) танланган бўлиб, улар Инчеон шаҳридаги Бекрион оролида яшовчи сув жониворларидир.

Ғолиб ва совриндорларга тақдим этиладиган медаллар думалоқ шаклда тайёрланган бўлиб, унинг ичида акс эттирилган беш бурчак Инчеон шаҳрининг бешта порти рамзи сифатида келтирилган.

XVII ёзги Осиё ўйинларининг тантанали очилиш маросими «Осиёнинг ёруғ келажагини қарши олинг!» шиори остида ташкил этилади. Ёпилиш маросимининг шиори «Инчеондаги эзгу хотираларимиз» деб номланган.

Бир сўз билан айтганда, бутун Осиё ўн беш кун давомида чинакам катта спорт байрами оғушида яшайди.

Кеча Ўзбекистон спорт делегацияси Инчеонга жўнаб кетди. XVII ёзги Осиё ўйинларининг тантанали очилиш маросимида Давлатимиз байроғини дзюдо бўйича Пекин ва Лондон олимпиадалари бронза медали совриндори, икки карра жаҳон чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби Ришод Собиров стадион узра кўтариб ўтади.

— Осиё ўйинларида Ўзбекис­тонимиз байроғини баланд кўтариш биз, спортчилар учун юксак шарафдир, — дейди Ришод Собиров. — Чунки ўз тақдирини Ватан тақдири билан муштарак кўриш — шу юртнинг ҳар бир фарзанди учун катта бахт. Биз қитъа олимпиадасига катта орзулар билан йўл оляпмиз. Мақсадимиз унда Президентимиз ва халқимиз ишончини оқлашдир. Инчеон майдонида, албатта, фақат ғолибликни кўзлаб майдонга тушамиз. Бунинг учун кучимиз ҳам, маҳоратимиз ҳам етади.

 

Эркин ХОЛБОБО,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.