16.09.2014

САЙЛОВДА МУНОСИБ ИШТИРОК ЭТИШ

ҳар бир партия ташкилотидан жиддий масъулият талаб этади

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ва Бухоро вилоят партия кенгаши ҳамкорлигида Бухоро шаҳрида «Ўзбекистон Республикасида сайлов тизими ҳамда сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти» мавзусида республика семинари ташкил этилди.

Унда партия Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Қорақалпоғистон республика, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар, Бухоро вилоятидаги туман ва шаҳар партия кенгашлари раислари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги гуруҳлари раҳбарлари иштирок этди.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон ­Кетмонов сайлов кампанияси даврида партиянинг барча даражадаги ташкилотлари, депутатлик тузилмалари, фаоллар олдида турган устувор вазифалар хусусида фикр юритди.

— Сайлов фуқаролар давлат бош­қарувида иштирок этишининг демократик принципларга асосланган энг муҳим шаклидир, — деди партия етакчиси. — Шунинг­дек, сайловлар мамлакатни сиёсий жиҳатдан модернизация қилиш, демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият фаолиятини янгилашда муҳим аҳамиятга эга. Шу жиҳатдан олиб қарасак, сайловлар ҳар бир сиёсий партия фаолиятига холис баҳо бериладиган сиёсий жараён, ҳисобланади.

Мана, кеча Марказий сайлов комиссияси парламент ва маҳаллий Кенгашлар сайловларига сайлов кампанияси бошланишини эълон қилди. Демак, биз учун ўта масъулиятли, ҳал қилувчи давр бошланди. Яъни, партиямизнинг жамиятдаги ўрни, давлат бошқарувидаги иштироки қандай бўлиши, электоратимиз манфаатини ҳимоя қилиш бўйича қандай имкониятларга эга бўлишимиз ана шу сайловлардаги иштирокимиз ва уларнинг натижаларига боғлиқ.

Шундай экан, ҳар бир партия ташкилоти, депутатларимиз ва етакчиларимиз бу жараёнда фаол иштирок этиши, ютуқлар салмоғини оширишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшмоғи зарур.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Назира Матякубова сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти ҳақида тўхталди.

— Мамлакатимизда сайлов ўтказиш бўйича тўпланган тажриба, халқаро сайлов ҳуқуқи принциплари ҳар томонлама ҳисобга олинган ҳолда миллий сайлов тизими, сайловга оид қонунчилик тобора такомиллашиб бораяпти, — деди у. — Биргина 2014 йил 5 сентябрь куни матбуотда расман эълон қилиниб, шу кундан эътиборан кучга кирган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунни олиб кўрайлик. Унга асосан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга V1 боб киритилиб, сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.

Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг, сайлов комиссияларининг, референдум ўтказувчи комиссияларнинг фаолиятига аралашиш, худди шунингдек, уларнинг ишига тўсиқларни юзага келтириш мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда, номзоднинг, ишончли вакилнинг, кузатувчининг ёки сиёсий партия ваколатли вакилининг ҳуқуқларини бузиш, мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, Сайловолди ташвиқотини, референдумга қўйилган масалалар юзасидан ташвиқот олиб бориш шартлари ва тартибини бузганлик, сайлов натижаларига таъсир кўрсатиш мақсадида номзод, сиёсий партия тўғрисида атайлаб ёлғон маълумотларни эълон қилиш ёки бош­қа усуллар орқали тарқатганлик ва бошқа масалалар юзасидан ҳам маъмурий жавобгарлик белгиланди. Булар сайлов қонунчилиги бузилишининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисоблайман.

Бундан ташқари, «Марказий Сайлов комиссияси тўғрисида»ги қонунга, Бюджет кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар сайлов жараёнларига давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, уларнинг мансабдор шахслари аралашувининг олдини олади, сайлов жараёнларини фақатгина давлат бюджетидан молиялаштирилишини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги гуруҳи раҳбари Саида Жўраева сайлов кампанияси даврида эътибор қаратиш керак бўлган айрим жиҳатлар юзасидан мулоҳаза юритди.

— Биз сайлов кампаниясининг ҳар бир босқичида масъулият билан иштирок этиш билан бирга, кенг халқ оммаси, партиямиз электорати вакилларига партия ташкилотларимиз ҳамда депутатларимиз қилаётган амалий ишлар тўғрисида ахборот бериб боришимиз зарур. Зеро, улар партиямиз нима учун курашаётгани шу вақтгача Сайловолди дастуримиз ижроси юзасидан қандай ютуқларга эришганимиз ҳақида холис ахборотга эга бўлсин. Шунда одамлар партия ишини таҳлил этиб, унинг амалий ишларини кузатиб, сўнг овоз беради.

Мана, мисол учун бизнинг депутатлик гуруҳларимиз жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи мобайнида Ҳаракат дастури асосида 12 масалани муҳокама этиши керак эди. Амалда эса ижтимоий аҳамияти юқори бўлган 22 масалани ўз йиғилишларида кўриб чиқди, 2 масала доимий комиссияларда ва 12 масала сессияларда муҳокама этилди. Халқ депутатлари Бухоро шаҳар, Жондор, Шофиркон, Қоракўл, Олот, Вобкент, Пешку, Ромитан ва бошқа бир қатор туман Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳлари ташаббуси билан мактабгача таълим муассасаларида олиб борилаётган ишларнинг аҳволи, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 декабрдаги «Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ва «Соғлом бола йили» Давлат дастури ижроси ҳақидаги масалалар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг сессиялари кун тартибига киритилди ва тегишли қарор қабул қилинишига эришилди.

Буларни билиш сайловчи учун ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Чунки улар амалий фаолиятига қараб сиёсий партияларга баҳо беради.

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мус­тақил институти Бухоро вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари ўринбосари Жасур Болтабоев сайлов жараёнини ўтказишда сиёсий партияларга берилган ваколатлар ҳамда улардан самарали фойдаланиш масалаларига эътибор қаратди.

— Эркин сайловларни амалга ошириш унда иштирок этувчи асосий субъектлар, яъни фуқаролар, сиёсий партиялар ва уларнинг депутатликка номзодлари, кузатувчилари, ваколатли вакиллари, номзодларнинг ишонч­ли вакиллари, сайлов комиссия­лари, оммавий ахборот воситалари қонунчиликда белгилаб қўйилган ўз ҳуқуқ ҳамда ваколатларидан самарали фойдаланишига боғлиқ. Конституциямизнинг 60-моддасида сиёсий партиялар турли табақа ва гуруҳларнинг сиёсий иродасини ифодалайдилар ва ўзларининг демократик йўл билан сайлаб қўйилган вакиллари орқали давлат ҳокимиятини тузишда иштирок этадилар, деб мустаҳкамлаб қўйилган. Бу эса халқ ҳокимиятчилигини таъминлаш, вакиллик ҳокимиятини шакллантиришда сиёсий партия­ларнинг ўрни нақадар муҳимлигини кўрсатади.

Депутатликка номзодлар кўрсатиш, сайловолди ташвиқотини олиб бориш, сайлов участкаларига ўз кузатувчилари, ваколатли вакилларини тайинлаш ва бош­қа ҳуқуқлар сайлов жараёнида сиёсий партияларнинг асосий ҳуқуқлари ҳисобланади. Янгидан шаклланадиган вакиллик ҳокимияти қандай салоҳиятга эга бўлиши, мамлакат тараққиётига қанчалик даражада таъсир кўрсатиши, ҳаётий қонунлар қабул қилиниши, умуман, халқимиз ҳаёти эртага қандай бўлиши сиёсий партияларнинг сайлов жараёнида ўз ҳуқуқларидан қай даражада фойдаланиши билан бевосита боғлиқ бўлади.

Шунингдек, семинарда ЎзХДП Бухоро шаҳар кенгаши раиси, халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги гуруҳи раҳбари Робия ­Козимова, Сирдарё вилоят партия кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги гуруҳи раҳбари Алишер Тошматов, Андижон вилоят партия кенгаши раиси Абдулҳамид Нурматов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракция­си аъзоси Комил Очилов ва бош­қалар сўзга чиқишди.

Қайд этилдики, сайловда хал­қимиз қанча фаол иштирок этса, давлат ҳокимиятининг вакиллик органлари шаклланишида холислик, адолатлилик тамойиллари шунчалик устувор бўлади. Шу сабабли партия ташкилотлари сайловнинг мамлакат тақдири, эртанги кунини ҳал қилишдаги аҳамияти тўғрисида ҳам мунтазам тар­ғибот ишларини олиб бориши зарур. Семинарда билдирилган барча фикр-мулоҳазалардан келиб чиқиб, сайлов кампанияси даврида Ўзбекистон ХДП олдида турган устувор масалалар белгилаб олинди.

 

Бекзод ШУКУРОВ



DB query error.
Please try later.