16.09.2014

ЮТУҚ ВА КАМЧИЛИКЛАРДАН ХОЛИС ХУЛОСА ЧИҚАРИШ КЕРАК

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон республика ташкилотининг VI конференцияси бўлиб ўтди. Унда ўтган беш йиллик фаолият, хусусан, Сайловолди дас­тури ижроси, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг бажарилишида партия ташкилотлари ҳамда депутатлик тузилмаларининг иштироки, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича олиб борилган ишлар таҳлил қилинди.

Алоҳида қайд этилдики, партия Сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифалар ижроси жамиятда ЎзХДПнинг таъсир кучини ошириш, электорат ишончини қозонишга хизмат қилади. Шундан келиб чиқиб, барча даражадаги партия ташкилотлари ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари кучни бирлаштирган ҳолда илгари сурилган вазифаларни изчил бажариш, аҳолининг ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатлами манфаатларини ҳимоя қилиш борасида қатор амалий ишларни олиб борди.

Бугун Қорақалпоғистон Республикасида ЎзХДПнинг 611 бошланғич ташкилоти фаолият юритаяпти. Партия аъзоларининг 11527 нафарини хотин-қиз, 7795 нафарини ёшлар ташкил этади. Ўтган давр мобайнида мафкуравий йўналишда 328 сиёсий семинар ташкил этилиб, уларда 12 мингдан ортиқ партия аъзоси қамраб олинди.

Ўтган йили партиямиз ташкилотлари ва гуруҳлари томонидан ҳудудларни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш билан боғлиқ муайян ишлар олиб борилди. Туман ва шаҳар Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳлари сессиялар муҳокамасига электорат манфаатлари ҳимоясига қаратилган қатор масалаларни киритди, — деди ЎзХДП Қорақалпоғистон республика кенгаши раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Қуватбой Қурбанбаев. — Масалан, ҳисобот даврида партия гуруҳлари томонидан аҳолининг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш ва партия электорати манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви ор­ганларига 250 дан ортиқ депутатлик сў­рови юборилган. Шу­нинг­дек, доимий комиссияларга 35, сессиялар кун тартибига эса 22 масала киритилди. Уларда ёш оилаларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, қишлоқ жойларида сервис ва хизмат кўрсатиш соҳасини янада ривожлантириш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш ҳамда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш масалалари муҳокама марказига қўйилди.

Конференцияда сўзга чиққанлар партия фаолиятига дахлдор барча йўналишлар бўйича олиб борилган ишларни аниқ мисоллар асосида таҳлил этишди. Маҳаллий партия кенгашлари қошида ташкил этилган Жамоатчилик қабулхоналарида мурожаатлар билан ишлаш тизими ва унинг самараси, «Фаол аёллар» ва «Истиқбол» ёшлар қаноти фаолияти юзасидан ахборот берилди.

Қайд этилдики, электорат муаммоларини ўрганиш ва унинг ечимини топишда Жамоатчилик қабулхоналари муҳим ўрин тутмоқда. Ҳисобот даврида қабулхоналарга қарийб 2000 мурожаат тушган бўлса, уларнинг 80 фоизидан ортиғи ижобий ҳал этилган. Электорат вакилларининг кўплаб мурожаатлари асосида партия гуруҳлари касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш бўйича жойларда олиб борилаётган ишларни ўрганиб чиқди ва таҳлил этди. Шу асосида мазкур масалалар сессиялар муҳокамасига олиб чиқилди. Хусусан, Беруний, Амударё, Кегейли туманларида уч томонлама тузилган шартномалар шарт­ларининг бажарилиши, битирувчиларни қонуний иш билан банд бўлиши билан боғлиқ масалалар бўйича назорат-таҳлил ишлари олиб борилди.

Конференцияда, шунингдек, партиянинг ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалари, уларнинг амалий натижалари ҳақида ҳам сўз юритилди. Таъкидландики, ҳисобот даврида партия Марказий Кенгаши ташаббуси билан ҳамкор ташкилотлар кўмагида «Оилавий тадбиркорлик ва касаначиликни ривожлантириш орқали янги иш ўринлари яратиш имкониятлари» ҳамда «Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини молиявий қўллаб-қувватлаш орқали янги иш ўринлари ташкил этиш» каби мавзуларда иқтисодий-ижтимоий анжуманлар ташкил этилди. Уларда касб-ҳунар коллежларининг 143 нафар битирувчиси ва тадбиркорлик билан шуғулланувчи ёшларга кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди. Бугун мазкур йигит-қизларнинг аксарияти ўз ишини йўлга қўйган.

Бундан ташқари «Маҳалла — аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази» ло­йиҳаси доирасида жойларда минг­дан ортиқ турли тадбирлар ва давра суҳбатлари ўтказилди. Уларда юздан ортиқ масалалар юзасидан мурожаатлар келиб тушган ва депутатлар, ҳамкор ташкилотлар кўмагида ижобий ҳал этилаяпти.

Иштирокчилар конференция давомида партия электорати манфаатларига бевосита дахлдор бўл­ган иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий масалаларга доир партия позициясини кенг тарғиб қилиш, унинг мазмун-моҳиятини тушунтириш, самарадорлигини янада ошириш лозимлигига эътибор қаратишди. Фаоллар, депутатлар партия ишини кучайтириш бўйича фикр-мулоҳазалар, партия Сайловолди дастурига таклифлар билдиришди.

Қазақбай ЖАНИБЕКОВ, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари:

— Аҳолининг ижтимоий муҳофазасини таъминлашдаги асосий масалалардан бири бу — норасмий меҳнат билан банд бўлган кишиларнинг меҳнатини қонуний асосда ташкил этишдан иборат. Пенсия таъминотига муҳтож бўлган қатламни, уларнинг ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришда бунинг аҳамияти катта. Киши меҳнат қилаяптими, демак, у давлат томонидан берилаётган барча имтиёзлардан тўлиқ фойдаланиш, вақти келганда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлиши керак. Фақат қонуний йўл билан меҳнат қилаётган одамгина ишончли ижтимоий ҳимояланиши мумкин.

Бу бевосита партиямиз электорати манфаати билан боғлиқ. Шунинг учун ЎзХДП ташкилотлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги гуруҳларимиз мазкур йўналишда олиб борилаётган ишларни мунтазам назорат қилиши, фуқароларнинг қонуний меҳнатини ташкил этиш ҳамда пенсия ва нафақаларнинг тўғри таъминланиши устидан тизимли мониторинг ўрнатиши зарур. Электоратимиз манфаатларини ҳимоя қилишда бу муҳим аҳамият касб этади.

Конференциядан сўнг ЎзХДП Қорақалпоғистон республика кенгашининг биринчи пленуми ўтказилди. Унда ташкилий ­масала кўрилиб, Қуватбой Қурбанбаев партиянинг Қорақалпоғистон республика кенгаши раиси этиб қайта сайланди.

 

Рейимбой ЕШИМБЕТОВ,

Мнажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.