16.09.2014

БИР-БИРИМИЗНИ АСРАЙЛИК

Марғилондаги Бобур номли маҳаллада олиб борилаётган хайрли ишлар аллақачон тилга тушган. Бунинг сабаби, аввало, маҳалла аҳлининг аҳил ва ташаббускорлигида. Қолаверса, йиғин раиси ҳамда маслаҳатчининг тажрибали экани ҳам эришаётган натижаларнинг мунтазамлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Маҳфузахон Сатторовани иш устида кузатаман. Муомаласи самимий. Очиқкўнгил. Босиқлик билан гаплашади. Фикрлари теран. Тинглаш мадания­ти ҳам юқори. Ҳиссиётга берилмайди. Хулоса чиқаришга шошилмайди. Зарурат туғилганда тарафларга бирдек қулоқ солади. Оддий ибораларни қўлласа-да фикрлари салмоқли. Маҳалла маслаҳатчисига мурожаат қилганлар унинг хонасидан руҳи енгиллаб ва тетиклик ҳис қилиб чиқади.

Опанинг беғубор нигоҳида камтарлик ва самимият уфуриб турарди. Суҳбатимиз ҳам оддий гаплардан бошланди.

Маҳалла маслаҳатчиси лавозимида ишлашнинг осон ва қийин томонлари нимада?

— Агар бир сўз билан айтадиган бўлсак, маслаҳатчи — инсоншунос, руҳшуносдир. Бу жуда мураккаб, вазифалари аниқ чегараланмаган аммо миқёси кенг лавозимдир. Мен маҳалламиздаги 5792 нафар аҳолининг ҳаммасини танишим, уларнинг кайфияти, саломатлиги, дунёқарашию эътиқодидан, қай аҳволда турмуш кечираётганидан хабардор бўлишим лозим. Шундагина улар менга ишониб кўнгил очади, мен уларга қўлимдан келган ёрдамни бераман.

— Қўлингиздан кўп иш келадими?

— Билмадим. Ҳар ҳолда бизнинг саъй-ҳаракатимиз билан низо чиққан оилалар ярашиб кетгани, мулк талашган ака-ука, опа-сингиллар муросага келганига кўплаб мисоллар келтирса бўлади.

Шунингдек, маҳалламизда ёт оқимга мойил ёшлар йўқлиги, кам таъминланган қайсидир хонадоннинг коммунал тўловига ёрдамлашганимиз, боқувчисини йўқотган ёлғиз қариямиз маҳалла-кўй ардоғида экани ҳам кўпчиликни ҳавасини тортади.

Бизда шаҳардаги маънавий-маърифий тадбирларда фаол иштирок этаётган, ҳатто танловларда ғолиб чиққан намунали оилалар сафи тобора кенгайиб бораяпти. Мана шу хайр­ли ишларда ҳиссам борлигидан, иштирок этаётганимдан ўзимни бахтиёр ҳис қиламан.

Ажралиш кўрсаткичи пастлиги яхши албатта. Баъзан мен ҳамма никоҳлар ҳам севги асосидамикан, деб ўйлаб қоламан.

— Бу жуда нозик масала. Балки бу ҳақда фикр юритишга ҳаётий тажрибам камдир. Аммо бир оилани биламан. Улар жуда бахтли яшайди. Фарзандлар, набиралар, уй-жой, муқим иш жойи — ҳаммаси етарли. Шу оилани яқинроқдан ўргансам, мен дунёда энг бахтли инсонлардан бири деб билганим илк муҳаббати — севганига етишолмай умр бўйи яширин, қалбан изтиробда яшаётган экан...

Бу нима, тақдирми ёки ўз вақтида ота-онасига қал­б­идаги туйғуларини ошкора айта олмаслик азобими?

— Униси ҳам, буниси ҳам. Балки биз ҳаётда етишолмаганимиз: муҳаббат, бахт, омад... учун бу тақдири азалдан, деб ўзимизни овутишга ҳаракат қиламиз. Тақдир ҳукмига ҳадисларда ҳам кўп мисоллар келтирилади. Аслида ҳар бир инсон бахтли ҳаёт қуришга ҳақли ва бунга эришиш учун курашиши лозим. Севганидан розилик олгач, ота-онасига бу ҳақда айтиш беҳаёлик эмас. Ахир ота-она ҳам фарзанди бахтли бўлишини истайдику. Аммо ҳар доим ҳам шундай бўлавермайди. Баъзида йигит-қиз қалбидагини айтишга иродаси етмайди, истиҳола қилади, баъзида ота-она йўл бермайди. Ҳатто «қариндошчилик узилиб кетмасин», дея ака-ука, опа-сингиллар фарзандларини муҳаббатсиз никоҳга мажбурлаган ҳоллар ҳам учрайди-ку.

Оилавий масалаларни ҳал қилишда кимнинг «тоши» оғирроқ?

— Мен саволни бундай қўймаган бўлардим. Оилада эрнинг эрлик, аёлнинг аёллик ўрни бор. Улар ҳеч қачон бир-бирига зид бўлмаган.

Сизнингча диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маҳалла маслаҳатчиси ва маҳалла отинойилари рақобатчи эмасмилар?

— Йўқ, асло. Тўй ва маросимларни ихчам, камчиқим ўтказиш, балоғатга етмаган қизлар никоҳи олдини олиш, юртимизнинг тарихий жойларига сафар уюштириш... хуллас биз барча масалада маслаҳат билан ҳамкорликда иш олиб борамиз.

— Маҳалла маслаҳатчиси касбми? Унинг фаолияти самарадорлигини ошириш учун нималар қилиш керак?

— Менимча биз нафақат ўз шаҳримиз, туманимиз доирасида, балки мамлакат миқёсида ижобий тажрибаларни алмашишимиз зарур. Маслаҳатчиларнинг йиллик форумларини ўтказишни таклиф қилган бўлардим.

— Партия аъзосимисиз?

— Йўқ. Лекин Ўзбекистон Халқ демократик партияси ғоялари менинг ҳаётий принципларимга ҳамоҳанг эканини биламан. Шунинг учун бу партия тадбирларида хайрихоҳлар қаторида иштирок этиб тураман.

— Қайси шоир, ёзувчиларнинг асарларига кўпроқ мурожаат қиласиз?

— Навоий, Машраб шеърларидаги чуқур маъно, фалсафий мушоҳадалар, Охунжон Ҳакимов ижодидаги туйғуларнинг ёрқин ранглари мени ҳамиша ўзига чорлайди.

— Ёшликдаги дўстларингизни қўмсайсизми?

— Яқинда орадан 46 йил ўтиб, синфдошлар учрашдик. Билсангиз, қанчалар беғубор ва самимий лаҳзалар ҳадя қилди ҳар биримизга бу учрашув. Аммо уларнинг етти нафари энди орамизда йўқ. Биз бир-биримизни авайлашимиз, асрашимиз қанчалар муҳимлигини янада чуқурроқ англадик.

 

Моҳиёра БОЙБОБОЕВА

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.