13.09.2014

ПАРТИЯ ТАШКИЛОТЛАРИ УЧУН ЭНГ УСТУВОР ВАЗИФА

Сайловолди дастури ижроси ҳисобланади

Андижон вилоят партия ташкилоти конференцияси иштирокчиларининг фикри шундай бўлди.

— Музокарада қатнашиб, ўз фикр-мулоҳазаларимни билдирмоқчиман, — деди конференция бошланишидан олдин Шаҳрихон туманидаги
53-умумтаълим мактаби директори, Ўзбекистон Қаҳрамони, партия фаоли Камолиддин Ғопиров. — Партия­миз Сайловолди дастурида таълим тизими самарадорлигини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Шу боис бу йўналишда вилоят партия ташкилоти томонидан амалга оширилган ишларни таҳлил этиш муҳим аҳамиятга эга.

— Дарҳақиқат, конференцияда Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар ижроси таҳлилига жиддий эътибор қаратишимиз зарур, — дейди ЎзХДП Бўз туман кенгаши раиси Матлубахон Тўйчиева. — Чунки аҳоли ишончини қозониш, электорат манфаатларини ҳимоя қилишда мазкур дастур ижроси ҳал қилувчи ўрин тутади.

Конференция олдидан иштирокчиларнинг ўзаро фикр алмашгани музокараларнинг қизғин ўтишига туртки берди. Анжуманда партия Сайловолди дас­тури бўйича амалга оширилган ишлар ҳисоботи тингланди, муҳокама этилди. Муваффақиятлар қаторида, айрим камчиликларга эътибор қаратилди, навбатдаги устувор вазифалар белгилаб олинди.

— Мамлакатимизни модернизация қилиш ва жамиятни демократлаштириш жараёнлари чуқурлашган сари ҳаётимизда сиёсий партияларнинг роли тобора ортиб бормоқда, — деди ЎзХДП Андижон вилоят кенгаши раиси Абдулҳамид ­Нурматов. — Буни партиямиз ташкилотлари фаолияти мисолида ҳам кўраяпмиз. Ҳисобот даврида вилоят кенгаши томонидан 11 марта пленум ўтказилган бўлиб, уларда Сайловолди дастури ижросига қаратилган 45 дан ортиқ масала кўриб чиқилди. Шунингдек, 56 марта Ижроия қўмита йиғилишлари бўлиб, уларда ташкилий, ички партиявий, мафкуравий, молиявий-иқтисодий ва хўжалик фаолиятга оид 528 масала муҳокама этилди. Ўтган давр мобайнида вилоятда партия аъзоларининг сони сезиларли даражада ортиб, жорий йилнинг шу даврида 26406 нафарга етди, бошланғич ташкилотлар сони эса 800 дан ошди.

ЎзХДП Андижон вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари қошидаги Жамоатчилик қабулхоналари электорат муаммоларини ўрганиш, уларга ечим топишда ҳақиқий маънода муҳим воситага айланди. Жумладан, ўтган беш йил давомида Жамоатчилик қабулхоналарига қарийб 2021 мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 75 фоизи ижобий ҳал қилинган. Мисол учун, Бўз туман партия кенгаши Жамоатчилик қабулхонасига Озодахон Муҳаммаджонова ва Одинахон Қорахўжаева банд­лик масаласида кўмак сўраб мурожаат этишган. Бугунги кунда ҳар иккаласи ҳам «Ҳунар­манд­лар» уюшмасига аъзо бўлиб, оилавий тадбиркорлик билан шуғулланмоқда. Избоскан туман партия кенгаши Жамоатчилик қабулхонасига 7 нафар коллеж битирувчиси ўз мус­тақил ишини йўлга қўйишда ҳуқуқий маслаҳат сўраб мурожаат қилди. Уларга бизнес-режа тузиш тартиблари, кредит олиш шартлари тушунтирилди. Шундан сўнг уларнинг бизнес-режалари «Миллий банк» туман бўлимига тақдим этилди.

— Аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатлами манфаатларини ҳимоя қилишда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари муҳим ўрин тутади, — дейди халқ депутатлари Ан­дижон вилоят Кенгаши­да­ги партия гуруҳи раҳбари ­Абдумутал ­Абдуллаев. — Айнан мазкур масала юзасидан партия гуруҳимиз томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларига 193 депутатлик сўрови юборилди. Депутатлик сўровлари натижалари доимий равишда мониторинг қилиб борилмоқда.

Шунингдек, касб-ҳунар коллежи битирувчиларини ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлашишига кўмаклашиш, кўп қаватли турар-жой биноларининг марказлаштирилган иссиқлик ва иссиқ сув билан таъминлаш тизимини яхшилаш, ёлғиз кексалар, пенсионер ҳамда ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш, саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни янада чуқурлаштириш, шу ор­қали аҳоли бандлигини таъминлаш, маиший чиқиндиларни йиғиш, ташиш ҳамда утилизация қилиш ҳисобига ҳудудларни ободонлаштириш ва инфратузилмасини яхшилаш каби масалалар мунтазам равишда партия гуруҳлари, доимий комиссиялар йиғилишлари ва сес­сия­ларда атрофлича муҳокама қилиб борилмоқда. Хусусан, ҳисобот даврида партия гуруҳимиз ташаббуси билан халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги доимий комиссияларда 32, сессияларда эса 19 масала кўриб чиқилди.

ЎзХДП Сайловолди дастурида аҳолининг реал даромадлари ортишини кафолатлайдиган барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш ва қўшимча равишда янги, юқори ҳақ тўланадиган иш ўринлари ташкил этиш белгиланган. Ўтган йиллар давомида буни амалга ошириш мақсадида Андижон шаҳри, Асака, Қўрғонтепа туманларида тижорат банклари билан ҳамкорликда иқтисодий форумлар ўтказилди. Уларда 1350 дан ортиқ иштирокчи қатнашди. Шундан 73 нафар электорат вакилларига бошланғич капитални шакллантириш ҳамда касаначилик ва оилавий тадбиркорликни бошлаш мақсадида имтиёзли кредитлар олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар берилди. Мазкур сертификатларга эга бўлганлардан 56 нафари бугунги кунда ўз фаолиятини бошлади. Натижада ҳудудларда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳалари янада ривожланиб, 659 нафар киши ишли бўлди.

Шунингдек, конференцияда «Фаол аёллар» ҳамда «Истиқбол» ёшлар қаноти фаолиятини янада кучайтириш юзасидан фикр-мулоҳаза, таклифлар билдирилди. Электорат манфаатига бевосита дахлдор бўлган иқтисодий, ижтимоий, сиёсий масалалар бўйича партия позициясини кенг тарғиб қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбирда партия дастурий мақсад ва вазифаларини амалга ошириш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик кўриш масалалари юзасидан келгуси вазифалар белгилаб олинди.

Ижтимоий-иқтисодий дастурларни ишлаб чиқиш ва уларнинг ижро механизмини кучайтириш бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Партия фаоллари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар ЎзХДП­нинг янги Сайлов­олди дастури лойиҳасини кўриб чиқдилар. Конференция­да ЎзХДП Марказий Кенгаши ­раиси ўринбосари Рустам ­Комилов қатнашиб, кун тартибидаги долзарб масалалар хусусида фикр билдирди.

Ташкилий пленумда ЎзХДП Андижон вилоят кенгаши ­раиси этиб Абдулҳамид ­Нурматов қайта сайланди.

 

Аҳмадилло СОЛИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.