13.09.2014

ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ МАБЛАҒИ

мақсадли ва самарали сарфланиши лозим

Давлат бюджети — мамлакатнинг энг муҳим молиявий ҳужжати. Унда ҳар бир фуқаронинг ҳиссаси бор. Бюджет даромадлари тўлиқ шаклланиши, харажатлари тўғри йўналтирилиши аҳолининг турмуш фаровонлиги ортиб боришида муҳим ўрин тутади.

Шунинг учун ҳар бир давлат бюджет ва унинг ижросига жиддий эътибор қаратади. Мамлакатимизда ҳам мустақиллик йилларида давлат бюджетининг ҳар томонлама барқарорлиги таъминланди.

Жаҳонда ҳали-бери давом этаётган молиявий-иқтисодий ин­қироз кўплаб мамлакатларда бюджет тақчиллигини келтириб чиқарди. Оқибатда иш ўринлари барқарорлигига, одамларнинг кундалик турмушига путур етмоқда. Юртимизда бу борада нохуш ҳолатлар юзага келишига йўл қўйилмади. Шунга қарамай, бюджет ижросини таъминлаш бўйича ижро маданияти ва масъулиятини ошириш ҳар доим долзарб вазифа бўлиб қолаверади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси давлатимиз Бюджетининг жорий йил 6 ойлик ижросини кўриб чиқаётганда шу масалаларга алоҳида эътибор қаратди.

Депутатлар, вазирлик ва идоралар вакиллари, партия экс­перт­лари иштирок этган мазкур йиғилишда давлат Бюджетининг дастлабки олти ойлик ижроси билан боғлиқ рақам ва кўрсаткичлар атрофлича таҳлил қилинди.

Йиғилишда, аввало, 2014 йилнинг 6 ойи давомида  макроиқтисодий барқарорлик ва юқори иқтисодий ўсиш суръатларига эришилгани алоҳида таъкидланди. Таҳлилларга эътибор қаратадиган бўлсак, жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ўсиш суръатлари 8,1 фоизни, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 8,1 фоизни, қишлоқ хўжалиги 6,9 фоизни ҳамда қурилиш ишларида 17,4 фоизни ташкил этди.

Фракция аъзоларининг қайд этишича, биринчи ярим йилликдаги Давлат бюджети ижросида аҳолининг фаровонлиги ва турмуш даражасини оширишга йўналтирилган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Улуғбек ЗОКИРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

Давлат бюджети ижросини таъминлашда асосий эътибор ижтимоий соҳаларни ривожлантиришга, яъни таълим, соғлиқни сақлаш, аҳолини мақсадли ижтимоий қўллаб-қувватлаш, бюджетдан маблағ олувчиларнинг иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар ҳамда бошқа биринчи даражали тўловларни ўз вақтида молиялаштиришга, Давлат бюджетининг ғазна ижросини ва самарадорлигини таъминлашга қаратилган. Аҳа­миятли жиҳати, йилдан-йилга Давлат бюджетида ижтимоий соҳага ажратилаётган маблағларнинг улуши ошиб бормоқда. Бу, шубҳасиз, мамлакат аҳолисининг турмуш даражасини янада яхшилашга хизмат қилади.

Фракция аъзолари Давлат бюджетининг ижросида амалга оширилаётган ишлар мамлакатимизда инсон омили ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш масалаларига қаратилаётган эътиборнинг амалдаги яна бир намунаси эканлигини қайд этиб ўтишди. Энг муҳими, бу борадаги ислоҳотлар Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг дастурий мақсадларига ҳамоҳанг бўлиб, партия электорати манфаатларини ҳимоя қилади. Масалан, ҳисобот даврида иқти­содиёт тармоқларининг молиявий барқарорлигини янада ошириш, паст рентабелли ва зарар кўриб ишлаётган корхоналарнинг иқтисодий аҳволини яхшилаш мақсадида 290 миллиард сўмдан зиёд инвестициялар жалб этилди. Тегишли дастурларга киритилган корхоналарни қайта тиклаш учун жорий йилнинг биринчи ярмида қиймати 1,1 триллион сўмлик инвестициялар йўналтирилди. Бу республикамизда бандлик масалаларини самарали ҳал қилишда долзарб ўрин тутди.

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида республика бўйича 506  мингдан ортиқ янги иш ўрни ташкил этилган бўлиб, улардан 303  мингдан ортиғи, яъни қарийб 60 фоизи қиш­лоқ жойларида яратилди.

Атрофлича таҳлил ҳамда савол-жавоблардан кейин ЎзХДП фракцияси аъзоларининг муносабати, фикр-мулоҳазалари, таклифлари тингланди.

Мастура САЙФУТДИНОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

Шуни ҳам айтиш керакки, ҳисобот даврида айрим бюджет муассасаларида маблағларнинг мақсадсиз сарфланишига, уларнинг ноқонуний ишлатилиши билан боғлиқ молиявий ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилаётганлиги, айрим тармоқларда эса тўлов интизомига риоя этилмаётганлиги оқибатида дебиторлик ва кредиторлик, айниқса, бюджет олдидаги боқиманда қарздорликларнинг ўсиши кузатилмоқда.

Халқ демократик партияси фракцияси бюджетдан ажратилаётган маблағларнинг самарали ва мақсадли сарфланишини таъминлашга мутасадди вазирликлар, идоралар ва ҳо­ким­лик­лар масъулиятини янада ошириш лозим, деб ҳисоблайди. Бунда бюджетдан маблағ олувчи ташкилотларда молиявий интизомга риоя этилиши, «Бюджет тизими тўғрисида»ги, «Давлат бюджетининг ғазна ижроси тўғрисида»ги қонун талабларининг бажарилиши юзасидан назоратни янада кучайтириш керак, деб ўйлаймиз.

 

Тўлқин ТЎРАХОНОВ



DB query error.
Please try later.