13.09.2014

САЙЛОВ ЖАРАЁНИГА АРАЛАШИШ МУМКИН ЭМАС

Шуҳрат ТУРСУНБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Жорий йил 28-29 август кунлари Олий Мажлис Сенати маъқуллаган қонунлардан бири «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланиб, 5 сентябрдан кучга кирди.

Мазкур Қонун орқали бир қатор қонун ҳужжатлари, хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳамда «Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Уларга кўра, сайлов қонунчилигини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик чоралари белгиланиб, Марказий сайлов комиссияси фаолиятига муҳим янгиликлар жорий қилинди.

Аввало, мазкур масалалар яқинда Конституциямизга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар билан узвий боғлиқ эканини таъкидлаш лозим.

Хўш, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг асосий хусусиятлари нимада?

Ушбу кодексга сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик ҳақида алоҳида боб киритилди.

Эндиликда номзоднинг, ишончли вакилнинг, кузатувчининг ёки сиёсий партия ваколатли вакилининг ҳуқуқларини, сайловолди ташвиқотини, референдумга қўйилган масалалар юзасидан ташвиқот олиб бориш шартлари ва тартибини бузиш каби ҳаракатлар маъмурий жавобгарликка олиб келади.

Шунингдек, сайлов натижаларига таъсир кўрсатиш мақсадида номзод, сиёсий партия тўғрисида атайлаб ёлғон маълумотларни эълон қилиш (ёки бошқа усуллар орқали тарқатиш) билан боғлиқ ҳаракатлар содир этилса, маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилади.

Кодексда сайлов қонунчилиги ва тартиб-қоидаларини бузиш ҳолатлари бўйича фуқароларга алоҳида, мансабдор шахсларга алоҳида жавобгарлик белгиланган. Чунки мансабдор шахснинг масъулияти катта, унинг жавобгарлик даражаси ҳам шунга яраша юқори бўлиши табиий.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ, Марказий сайлов комиссиясининг, сайлов комиссияларининг, референдум ўтказувчи комиссияларнинг фаолиятига аралашишга, уларнинг қарорларини ижро этмасликка йўл қўйилмайди. Акс ҳолда, бундай ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарлик тадбирлари қўлланилади.

Шу ўринда «Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги Қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтиш жоиз. Уларнинг умумий хусусияти сайлов жараёнлари адолатли ўтишини таъминлаш ҳамда барча сиёсий партияларга тенг шароит яратишга қаратилган, дейиш мумкин.

Сайловлар демократик тамойиллар асосида очиқ ва ҳалол ўтишида ташкилий-ҳуқуқий  жараёнлар муҳим ўрин тутади. Кези келганда айтиш керак, қатор мамлакатлар, ҳаттоки айрим ривожланган давлатлар амалиётида  сайловларни ким, қайси ташкилот ўтказиши керак, унинг ваколат доиралари қандай мезонлар билан белгиланмоғи лозим, деган масалаларга аниқ жавоб топиш қийин. Баъзи давлатларда сайловларни идоравий ва назорат органлари ўтказиши бу фикрга мисол бўла олади.

Мамлакатимизда сайловларни ўтказиш халқаро ҳуқуқ меъёрларида белгилангани каби алоҳида орган — Марказий сайлов комис­сия­си зиммасига юклатилган. Шундан келиб чиқиб, қонунчиликда унинг фаолияти мус­тақиллиги кафолатлари янада мустаҳкамланди.

Қонунга мувофиқ, Марказий сайлов комиссияси ва унинг аъзолари ўз фаолиятини ҳар қандай давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахс­лардан мустақил ҳолда амалга оширади. Марказий сайлов комиссияси аъзолари қарор қабул қилишда сиёсий мойиллик ва бошқа ёт таъсирлардан холи бўлган ўз нуқтаи назарини билдиради.

Сайлов жараёнлари оммавий ахборот воситалари учун очиқ бўлмаган жойда   холис сайлов бўлиши мумкин эмас. Қонунни такомиллаштириш пайтида бу масалага алоҳида эътибор берилган. Унга асосан Марказий сайлов комиссия­сининг мажлислари очиқ равишда, сиёсий партиялар вакиллари, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирокида ўтказилиши керак.

Марказий сайлов комиссияси раиси ва унинг ўринбосарларининг гувоҳномалари Ўзбекистон Республикаси Президенти, аъзоларининг гувоҳномалари эса Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Спикери билан келишилган ҳолда, Сенат Раиси томонидан имзоланиши белгилаб қўйилди. Бу ҳам Марказий сайлов комиссиясининг мақоми ва мустақиллиги таъминланишида муҳим аҳамият касб этади.

Қонунчилигимиздаги бу ўзгариш ва қўшимчалардан фуқаролар қанчалик кенг хабардор бўлса, мамлакатимизда сайловлар шунчалик уюшқоқлик, фаоллик ва ҳалоллик билан ўтади. Айни шу кунларда қонунчиликдаги ўзгартиш ва қўшимчалар мазмун-моҳия­ти ҳамда аҳамиятига бағишлаб изчил тадбирлар, давра суҳбатлари ўтказиш муҳим аҳамиятга эга.



DB query error.
Please try later.