13.09.2014

ҲАЙРАТ, МУБОЛАҒА, КУЛГУ МАНЗАРАЛАРИ

Тунов куни устахонада лойдан ясалган бир ҳайкалчага кўзим тушди. Қорни катта, мўйлови қалин, оғзи кулгидан ланг очилган, қўлидаги саватини турли меваларга тўлдириб олган отахон тасвири. Негадир ҳамма унга ним табассум қилар, ҳайкалча ўтган-кетганга хуш кайфият бағишлаётган эди.

Буни ким ясаганлиги билан қизиқдим, Ислом Юсупов деган ҳунарманд бола, дейишди усталар.

Мустақиллигимиз тенгдоши бўлган бу ёш ҳунарманд асли Наманган вилояти, Тўрақўрғон туманида туғилган экан. Ҳозирда Тошкент архитектура қурилиш инс­титути талабаси, юртимиз миқёсида ўтказилган ўнлаб танловлар иштирокчиси ва ғолиби.

Ғаройиб ҳайкалчаларни ҳузурланиб томоша қилар эканман, бир чеккада енг шимариб, бутун эътиборини ишга бағишлаган йигитга кўзим тушди. Бу ёш ҳунарманд Ислом Юсупов эди.

Кейин у билан суҳбатлашдим.

— Асарларингизда муболаға бор. Бу сизни услубингизми?

— Сизга бир воқеани айтай, балки саволингизга жавоб бўлар. Анри Матисс деган машҳур ҳайкалтарош ўтган. Бир куни унинг уйига дўсти меҳмонга келибди. Устанинг асарларини кўздан кечирар экан, унга бир савол берибди: — Санъат нима?

Шунда ҳайкалтарош шогирдига филнинг ҳайкалчасини олиб келишини буюрибди. Меҳмон қараса, оддий филча, рисоладагидек вазмин ҳолда турибди. Дўстида ҳеч қандай ҳайратни сезмаган ҳайкалтарош шогирдидан иккинчи — ўзи ясаган фил ҳайкалчасини олиб келишини сўрабди. Буниси анча дарғазаб, хартумлари бурнидан юқори кўтарилган, унинг сийратида қандайдир ўкирик зоҳир экан. Меҳмон анча ҳаяжонга тушибди.

Ҳайкалтарош дўстига қарата шундай дебди: — Ҳаётда филнинг хартуми бурнидан бу қадар юқори кўтарилмайди, аммо мен муболаға ишлатиб, уни шу тарзда тасвирладим. Ҳақиқий санъатни энди тушунгандирсан...

Айтмоқчиманки, ҳақиқий асар одамларни ҳайратлантиради.

— Демак, турли одамларнинг феъл-атворларини муболаға воситасида битта ҳайкалчада тасвирлашга ҳаракат қиласиз?

— Шундай. Кимдир атрофини ларзага келтириб кулади, ҳатто бутун гавдаси бараварига кулгисига қўшилиб кетади. Яна кимдир мўйловдор, бирови дўпписини бошидан қўй­майди. Шуларни кўз олдимга келтириб, ижод қиламан. Сизга муболағадай кўринаётган характерлар яхлит бир кишиники эмас, уларни кўпчиликдан олганман.

Қарасам, ёш устанинг асарлари ўзидан кўра кўп нарсаларни айтиб тургандай. У фаолият юритаётган ишлаб чиқариш корхонасида, асосан, сопол ҳайкалчалар, статуэткалар, эртак қаҳрамонлари тимсолидаги қўғирчоқлар, меъморий обидалар сурати туширилган ликопчалар ва бошқа эсдалик буюмлари ишлаб чиқарилар экан.

— Буюмларга эътибор берсам, аксарияти ялтираб турибди. Демак, унинг ло­йида ҳам сир бор.

— Биз хомашё сифатида Ангрен лойидан фойдаланамиз. Унга мустаҳкам бўлсин, деб қамиш момиғи қўшилади. Буюмларнинг енгил ва кўркам бўлишида янги технологияларнинг ҳам улуши бор. Аввал махсус қолиплар ясалади, кейин ҳар бир буюмга ишлов берилади, туз йиғилмаслиги учун артиб чиқилади. Юқори ҳароратдаги оловда пиширилган маҳсулот енгил ва сифатли чиқади.

Ёш устанинг таъкидлашича, корхонада ишлаб чиқарилаётган турли кулолчилик буюмлари чет элларда харидоргир эмиш. Айниқса, турли буюм ва ҳайкалчалар хориж ресторанларини безаб турибди.

Исломжон ясаган асарларни кўздан кечирар эканмиз, бир отахоннинг фикрлари ёдимизга тушди: — Ҳозирги ёшларимиз қўлга киритаётган ютуқлар эски тузумнинг катта одамларига ҳам насиб бўлмаган.  Буларнинг бари мустақиллик неъматларидир...

 Бобур ЭЛМУРОДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.